1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Оила

Энг яхши аёл

18:20 / 29.03.2017 10956 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ё Расулаллоҳ, аёлларнинг қандоғи энг яхшиси­дир», – дейилди.

«Қачон назар солса, сурур бағишлайдигани. Қачон амр қилса, итоат қиладигани ва эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса ила хилоф қилмайдигани», – дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифда эр учун энг яхши хотиннинг баъзи сифатлари ҳақида сўз кетмоқда:

1. «Қачон назар солса, сурур бағишлайдигани».

Демак, эр назар солса, кўнглини хурсанд қиладиган аёл энг яхши аёлларда бўладиган сифатларга эга бўлар экан.

Бу таъриф аёлнинг ташқи қиёфаси, кийиниши, ўзини тутиши ва ахлоқ-одоби каби нарсаларни ўз ичига олади. Энг яхши аёл бўлиш умидидаги қизларимиз, аёлларимиз ушбу нарсага алоҳида эътибор беришлари керак. Куёв ва эрларининг кўзига доимо хурсанд қиладиган равишда кўринишга ҳаракат қилишлари лозим.

2. «Қачон амр қилса, итоат қиладигани».

Эрга итоаткор бўлиш аёлларнинг энг гўзал, энг яхши сифатларидан биридир.

Албатта, бу ерда шаръий рухсат берилган ишлар доирасидаги итоаткорлик ҳақида сўз кетмоқда. Гуноҳ ишларда итоат қилиш мумкин эмас. Чунки Холиққа маъсият бўладиган ишларда махлуққа итоат қилинмайди.

Эр оила бошлиғи бўлганидан кейин, оила аъзолари, жумладан, аёл киши унга итоат қилиши керак. Эрига итоаткор аёл энг яхши сифатлардан бирига эга бўлган аёлдир.

Эрига итоат қилмайдиган аёлни яхши аёллар қаторига мутлақо қўшиб бўлмайди.

3. «Эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса ила хилоф қилмайдигани».

Бошқача қилиб айтганда, энг яхши аёл сифатига соҳиба бўлишни истаган аёл эрига ёқмайдиган ишларни қилмаслиги керак. Чунки шу хилоф туфайли оилада уриш-жанжал чиқиши, эр-хотиннинг ҳаловати йўқолиши, ҳатто оила бузилиб кетиши ҳам мумкин.

Яна, аёл киши ўз молини эри ёмон кўрадиган нарсаларга сарфламаслиги керак. Ана шунда энг яхши аёлларнинг яна бир сифатига эга бўлади.

Ушбу ҳадисда зикр қилинган уч сифатни ўзида мужассам қилган аёл энг яхши аёллардан бўлишига шубҳа йўқ.

Мўмина-муслима аёл-қизларимиз ушбу ҳадиси набавийда зикр этилган олиймақом сифатларни ўзларида мужассам қилишга ҳаракат этишлари лозим. Шу билан бирга, жажжи қизчаларимизни ёшликларидан ана шундай гўзал сифат соҳибалари этиб тарбия қилмоғимиз зарур.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
91. 87. Абу Усайддан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Бану Салама қабиласидан бир киши келиб, гаплашди. Мен у зотнинг давоми...

13786 21:17 / 08.04.2017
Эркак ва аёлнинг фикрлашлари орасидаги фарқни аниқлаш бўйича янги илмий иш олиб борган, мия вазифаларини ўрганиш бўйича мутахассис жарроҳлар ўзлари эришган янги давоми...

18710 17:33 / 22.03.2017
110. 79. Саъид ибн Амр ибн Осдан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Акаукаларнинг каттасининг кичигидаги ҳаққи отанинг боласидаги ҳаққичадир,, давоми...

9229 22:51 / 06.07.2017
10. 32. Каъбул Аҳбордан ривоят қилинади.Луқмон ўғлига шундай деди .Эй ўғлим, ким отаонасини рози қилса, Раҳмонни рози қилган бўлади. Ким отаонасини норози қилса, давоми...

8124 19:04 / 17.04.2018