1445 йил 6 зулқаъда | 2024 йил 14 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Абу Ҳанифанинг сифатлари

17:45 / 23.03.2019 4129 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳда илм билан бирга тақво, ибодат, зоҳидлик ва Аллоҳга ёлбориш каби сифатлар ҳам мужассамлашган эди. У кишининг шахсий фазилатлари ҳақида алоҳида китоблар ёзилган.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ беқиёс илмий фаолиятлари билан бирга тижоратни ҳам олиб борар эдилар.

У кишининг ҳаётларини ўрганган олимлар Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳда тожир сифатида тўрт сифат алоҳида намоён бўлиб турган дейдилар. У зот кўзи тўқлик, ўта омонатлилик, сахийлик ва ўта диндорлик билан ажралиб турганлар.
Кўпчилик Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ тожирликда Абу Бакр розияллоҳу анҳуга жуда ҳам ўхшашликларини таъкидлаганлар.
Бир аёл Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга ипак кийим сотмоқчи бўлиб келди. Шунда у киши:
«Бунинг баҳоси қанча?» дедилар.
«Юз», деди.
«Бу юздан кўп туради», дедилар.
Аёл юз юздан қўшиб тўрт юзгача етди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ эса «Бу ундан кўп туради» дейишда давом этдилар. Охири аёл:
«Мени масхара қиляпсанми?» деди.
«Бир кишини олиб кел, нарх қўйиб берсин», дедилар.
Аёл бир кишини олиб келди. У кийимни беш юзга баҳолади ва Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўша нархга уни сотиб олдилар.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўзларидан кўра қарши тарафнинг фойдасини ўйлаганлар. Билмаган харидордан фойдаланишдан кўра унга маслаҳат беришни афзал билганлар.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ умавийлар халифалигида 53 йил, аббосийлар халифалигида 18 йил яшадилар. У киши 130 ҳижрий санада умавийлар сиёсатига қарши чиқиб, Маккага қочиб кетиб аббосийлар ҳукмга келгунларича ўша ерда турдилар. Улар ҳукмга келганларида яна Кўфага қайтиб келдилар.
Диний фаолиятда фақат илмнинг ўзи кифоя қилмайди. Балки илм билан бирга тақво ва Аллоҳга доимий боғлиқлик бўлиши зарур. Бу нарсалар Имом Абу Ҳанифада олий даражада эди. У кишини кўмишдан аввал ювган ғассол Ҳасан ибн Амора ювишни тамомлаб бўлиб, кафанлаб қўйилган жасадларига қараб «Аллоҳ сизни раҳмат қилсин, мағфират айласин. Ўттиз йилдан бери рўзасиз юрмадингиз. Қирқ йил кечаси ёнбошингиз кўрпа кўрмади. Сиздан кейин келганларни чарчатдингиз. Қориларни шарманда қилдингиз», деган экан.
Маълумки, ўша вақтда ҳокимлар домо тақводор ва ўзига ишончи бор уламолардан ҳадиксираб юришарди. Уламоларни нима қилиб бўлса ҳам тузоқларига илинтириш ёки йўқ қилиш пайидан бўлардилар. Шундай ҳолат Имом Абу Ҳанифа ҳаётларида ҳам бўлган, у кишининг халқ ўртасидаги обрўларидан қўрққан Язид ибн Умар ибн Ҳубайра Кўфага қози қилмоқчи бўлди. Абу Ҳанифа бош тортдилар. Шунда у кишини қамаб қўйиб, ҳар куни ўн қамчидан уришга амр бўлди. Аммо азоб ҳам Имом Абу Ҳанифани ўз фикрларидан қайтара олмади.
Халифа Жаъфар ал-Мансур Бағдодни қураётиб, Абу Ҳанифани Кўфадан олдириб келди. Имом Абу Ҳанифа шаҳарни режалаш ва қуришда қатнашдилар. Аммо халифа қозиликни таклиф қилганда, бош тортдилар. Орада яна дўқ-пўписа, тортишишлар бўлди.
Имом Абу Ҳанифа ҳаётини ўрганган тарихчиларнинг айтишларича, у киши халифа Мансурнинг: «Агар қози бўлмасанг, Фурот дарёсига оқизиб юбораман», деган дўқларига: «Дарёда оқишни афзал кўраман. Билиб қўй, мен бу ишни эплай олмайман», деганлар. Шунда халифа имомга, ёлғон айтаяпсан, деган. Имом Абу Ҳанифа дарҳол, сен ёлғончини қози қилишга қандоқ рози бўлаяпсан, деганлар.
Ҳокимият саройи билан Имоми Аъзам ўрталарида келишмовчиликлар кейин ҳам давом этди. У киши ҳокимиятнинг ёллаб олган олимлари хатога йўл қўйсалар аёвсиз фош қилар, шу билан бирга оддий кишилар, бечораларни доимо ҳимоя қилар эдилар. У зот 150 ҳ. санада вафот этдилар.


Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволБиби Мушкулкушод онамизнинг қиссаларини ўқиш мумкинми Бугунги кунда буни .ширк, деб айтишмоқда.Жавоб Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.Биби Мушкулкушод, номли давоми...

4158 19:04 / 06.03.2020
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Одамларга бир замон келурки, унда киши молни нимадан олганига парво ҳам давоми...

5467 10:24 / 14.07.2019
Ҳар бир жамиятнинг эътиқод масалалари, амалий ҳаёти ва руҳиймаънавий жиҳатлари бўлади. Буларсиз инсон ва у мансуб бўлган жамиятнинг ҳаёти бўлиши мумкин давоми...

3414 18:03 / 02.02.2020
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврида одамлар қаҳатчиликка учрашди. Аҳвол жуда оғирлашгач, Абу Бакр розияллоҳу давоми...

1767 08:00 / 07.12.2020
Аудиолар

121328 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42837 14:35 / 11.08.2021