1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Жамоат намозидан қолишга узрлар

05:00 / 09.01.2017 3980 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Ибн Умар розияллоҳу анҳу совуқ ва шамолли кечада намозга азон айтди. Сўнгра:
«Огоҳ бўлинглар! Ўз жойларингизда намоз ўқинглар!» деди. Кейин эса:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам совуқ ва ёмғирли кеча бўлса, муаззинга «Огоҳ бўлинг¬лар! Ўз жойларингизда намоз ўқинглар!» дейишни амр қилар эдилар», деди
».

Учовлари ривоят қилишган.


Шарҳ: Аввало, ровий Нофеъ розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.

Нофеъ ал-Маданий кунялари Абу Абдуллоҳ. Бу зот улуғ тобеинлардан бўлиб, Абдуллоҳ ибн Умарнинг қуллари эдилар.

Нофеъ тақводор, фиқҳ илмида аллома, ҳадис илмида ишончли эдилар. Бу зот ривоят қилган ҳадисда хато ёки заифлик топилмас эди. 

Умар ибн Абдулазиз бу зотни Мисрга суннатни ўргатиш учун жўнатган эдилар. 

Нофеъ ҳижратнинг 119-йили Мадинада вафот этдилар.

Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар совуқ ва шамолли кечада намозга азон айтиб:

«Ҳайя алал фалаҳ»нинг ўрнига «Алаа, соллуу фии риҳаликум», яъни, «Огоҳ бўлинглар! Жойларингизда намоз ўқинглар!» деб айтдилар ва бу ишни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига мувофиқ эканлигини баён қилиб қўйдилар.

Демак, совуқ, бўронли, ёмғир ва қорли кечаларда жамоат билан намоз ўқимаса, узр қабул экан.


Маҳмуд ибн Робеъ розияллоҳу анҳу айтадилар: 

«Утбон ибн Молик ўз қавмига имомлик қилар эди. Унинг кўзи ожиз эди. Бас, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Албатта, зулмат, сел бўлиб туради, мен эса кўзи ожиз одамман. Эй Аллоҳнинг Расули, менга уйимдан бир маконда намоз ўқиб беринг, ўша жойни намозгоҳ қилиб оламан», деди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уникига келдилар ва:
«Қаерда намоз ўқиб беришимни истайсан?» дедилар.
У уйидаги бир жойга ишора қилди. Бас, у зот ўша жойда намоз ўқидилар
».

Икки шайх ривоят қилишган.

Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийи Маҳмуд ибн Робеъ розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик.

Маҳмуд ибн Робеъ ибн Суроҳата ал-Ансорий ал-Хазражий, кунялари Абу Муҳаммад. 

Бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини Утбон ибн Молик, Убода ибн Сомит, Абу Айюб ал-Ансорийлардан ривоят қиладилар. 

Бу зотдан Анас ибн Молик, Зуҳрий, Ражо ибн Хайвалар ривоят қилишган. 

Маҳмуд ибн Робеъ ҳижратнинг 99-йили, 93 ёшларида вафот этдилар.

Ушбу ривоятнинг қаҳрамонлари Итбон ибн Молик розияллоҳу анҳу ансорий саҳобалардан бўлиб, Хазраж қабиласидан эдилар. У киши Бадр ғазотида иштирок этиш бахтига ҳам муяссар бўлганлар. У зот ўз қавмига имом ҳам эдилар. Кўзлари ожиз бўлиб қолгани сабабли, ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бош¬қа бир ривоятда келишича: 

«Мени кўзим ожиз бўлиб қолди. ҳолбуки, қавмимга намоз ўқиб бериб тураман. Қачон ёмғир ёғиб, водийдан сел оқса, орамиз узилиб қолади. Уларнинг масжидига бориб намоз ўқиб бера олмай қоламан. Хоҳлар эдимки, Сиз уйимга бориб намоз ўқиб берсангиз, ўша жойни намозгоҳ қилиб олсам», деди. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг таклифига биноан лутф кўрсатиб, бир куни чошгоҳ пайтида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан унинг уйига бордилар. 

«Қаерда намоз ўқишимни истайсан?» деб сўрадилар. 

Итбон розияллоҳу анҳу бир жойга ишора қилдилар ва у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга имом бўлиб, икки ракат чошгоҳ намози ўқиб бердилар.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Кўзи ожиз кишининг имом бўлиши мумкинлиги.

2. Сел келиши жамоатга бормасликка узр бўлиши.

3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарин ва содда эканликлари.

4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз ўқиган жойларини намозгоҳ қилиб олиб, ўша жойни табаррук ҳисоблаб, намоз ўқиб юриш яхши эканлиги.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким нидо қилувчи, яъни муаззинни эшитса-ю, унга эргашишга узр монеълик қилмасдан (намозга келмаса) ўқиган намози қабул бўлмайди», дедилар».
«Узр нимадир?» дейилди.
«Хавф ва беморлик», дедилар
».

Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Шарҳ: Демак, узрсиз масжидга бориб жамоат билан намоз ўқимаслик гуноҳ ҳисобланади. Ундоқ одамнинг ўзи ўқиган намози қабул бўлмаслиги ҳақида бу ҳадисда сўз бормоқда.

Олдинги ҳадисда келган жамоат намозига бормаслик учун бўладиган узрларга бу ҳадисда икки узр қўшилмоқда:

1. Хавф.

Агар инсон душман, йиртқич ҳайвон, ёнғин ёки шунга ўхшаш нарсалардан хавфу хатарда бўлса, жамоат намозига бормаса узри мақбул.

2. Беморлик.

Бемор киши ҳам маъзур ҳисобланади. Чунки у жамоат намозига боришга машаққат чекади. Ислом дини одамларга машаққат бўлишини хоҳламайди. Мазкур узрлари йўқ инсонлар, албатта, жамоат намозига боришлари керак. Бормасликлари мутлақо мумкин эмас.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
... Мусулмон инсон яхшилаб таҳорат қилиб масжид томон йўл олар экан, у ўта муҳим ва жиддий ишга кетаётган бўлади. Мўминмусулмон биродарлари билан, жамоат бўлиб давоми...

5965 05:00 / 04.01.2017
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Аёл киши қандоқ кийимда намоз ўқийди, деб сўралди. У киши .У химорда ва бутун жисмини тўсиб икки қадамининг устини давоми...

3964 05:00 / 09.01.2017
Намоздан кейин имом қавмга қараб ўтириб, жамоат ўлароқ зикрларни айтиб, сўнгра қўлларини кўтариб дуо қилишлари, қавмнинг имомнинг дуосига омийн, омийн, деб туриши давоми...

4773 05:00 / 04.01.2017
Яъни, охирги вақти чиқмай туриб бир ракати ўқиб қолинган намоз, вақт чиқмай туриб ўқилган ҳисобига ўтади. Гарчи бир ракатдан бошқаси ўз вақтида ўқилмаса ҳам.Абу давоми...

3268 05:00 / 04.01.2017