1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Уч нарса борки, улар кимда бўлса, иймон ҳаловатини топади

23:58 / 22.03.2017 8722 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Уч нарса борки, улар кимда бўлса, иймон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари, бир кишига фақат Аллоҳ таоло учунгина муҳаббат қилмоғи ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши», дедилар»

Бешовларидан Абу Довуд ривоят қилмаган. 

Шарҳ: Ушбу ҳадисда Исломнинг энг асл тушунчаларидан бири – комил иймон ҳаловатини қайси йўл билан топиш мумкин экани баён қилинмоқда. Чунки иймон ҳаловатини топиш оддий ҳол эмас. «Ҳаловат» сўзи «ҳолва»дан олинган бўлиб, «ширинлик» маъносини англатади. Асли моддий маънода ишлатиладиган бу сўз бу ерда истиора ила маънавий маънода келмоқда. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўз бошида: 

«Уч нарса борки, улар кимда бўлса, иймон ҳаловатини топади», деб, эшитувчини қизиқтириб олмоқдалар. Иймон ҳаловати ҳаммани қизиқтирадиган масаладир. Ҳамма «Иймон ҳаловатини қандай қилиб топса бўлар экан?» деб юради. Иймон ҳаловатини уч нарса билан топиш мумкинлигини эълон қилиш эса ҳамманинг эътиборини ўзига тортиши турган гап. Эътибор жалб қилиб олингандан сўнг эса ўша уч нарсани баён қилиш бошланади:

1. «Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари».

Комил иймонга эга бўламан, иймон ҳаловатини топаман, деган одам Аллоҳ таолони ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаммадан кўп севмоғи лозим. Зотан, бусиз иймон бўлиши ҳам мумкин эмас. Хўш, Аллоҳ ва Унинг Расулини севиш нима билан бўлади? Бу борадаги муҳаббатни қандай тушунмоқ керак? Уламоларимизнинг бу саволга берган жавобларидаги иборалари турлича бўлса ҳам, маъноси бирдир. У ҳам бўлса, Аллоҳга муҳаббат унинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтишдир. Аллоҳ яхши кўрган нарсани яхши кўриб, Аллоҳ ёмон кўрган нарсани ёмон кўришдир. Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат ҳам у зотнинг шариатлари ва суннатларини лозим тутмоқдан иборатдир.

2. «Бир кишига фақат Аллоҳ таоло учунгина муҳаббат қилмоғи».

Мўмин-мусулмонлар орасидаги муҳаббат Аллоҳ учун бўлгандагина, улар комил иймон ҳаловатини топадилар. Бу муҳаббат икки томоннинг Аллоҳга бўлган муҳаббатидан келиб чиққан муборак муҳаббатдир. Чунки уларни биродар қилган, дўстлаштирган Зот Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Шунинг учун ҳам мўминларнинг ўзаро муҳаббатлари Аллоҳ учун бўлмоғи лозим. Дунё ва унинг матоҳлари учун бўлган муҳаббат орқали ҳеч қачон иймон ҳаловатини топиб бўлмайди.

3. «Куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши».

Зотан, куфрга қайтиш оловга ташланиш демакдир. Демак, иймон ҳаловатини топиш учун фақат бир тарафлама ҳаракат кифоя қилмас экан. Муҳаббат қилиш билан бир қаторда, нафрат қилишни ҳам, ўзини тийишни ҳам жойига қўйиш керак экан. Куфр ва унга олиб борувчи нарсалар мўмин киши учун унга яқинлашганда куйдирадиган олов каби қўрқинчли ва ёқимсиз нарса бўлиши керак. Мўмин киши катта-кичик куфрга тегишли ҳар бир нарсадан худди ёниб турган даҳшатли оловдан қўрққандек қўрқиши, унга тушишдан сақланганидек сақланиши лозим.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўшаклари теридан бўлиб, ичига хурмонинг қипиғи тиқилган эди,. Имом Бухорий ривоятлари.

3110 06:10 / 02.09.2018
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Иймоннинг етмиш нечта ёки олтмиш нечта ҳам шўъба бўлаги бордир. Уларнинг афзали давоми...

3304 09:15 / 19.02.2018
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъбга .Аллоҳ азза ва жалла сенга .Лам якуниллазийна кафару,ни ўқиб давоми...

5147 08:10 / 01.07.2018
Яна у кишидан ривоят қилинади Бир кўзи ожиз киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб .Эй Аллоҳнинг Расули, мениг етаклаб масждига олиб борувчи давоми...

3896 09:05 / 30.03.2018
Аудиолар

210990 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130250 14:35 / 11.08.2021