1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Мазлум золимни дуоибад қилиши

05:00 / 14.03.2017 3314 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳим! Қулоғим ва кўзимни менга салоҳиятли қилгин. Иккисини менга икки ворис қилгин. Менга золимлар устидан нусрат бергин ва улардан ўч олишимни ўзимга кўрсатгин», дер эдилар
». 

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдаги баъзи жумлаларни алоҳида шарҳ қилишимизга тўғри келади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қулоғим ва кўзимни менга салоҳиятли қилгин» деганлари қулоқ кўзимни соғ-саломат қилгин, уларни менга яхшилик йўлида хизмат қилишларини насиб қилгин деганларидир. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Иккисини менга икки ворис қилгин» деганлари мени қулоқ кўзим соғ ҳолимда вафот эттиргин, улар ортимдан меросхўр қолгандек бўлсинлар деганларидир.

Бу ҳадисдан банда Аллоҳ таолодан кўз ва қулоғини соғ-саломат бўлишини ва бу неъматларнинг умр охиригача бардавом бўлишни сўраб дуода бўлиши кераклигини ўрганамиз. 

Шунингдек, бу ҳадиси шарифдан мазлум золим устидан нусрат сўраб ва ундан ўч олишни осон қилинишини сўраб дуо қилиш жоиз эканлигини билиб оламиз. 


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳим! Менга қулоғим ва кўзимдан ҳузур бахш эт. Иккисини мендан кейин қоладиган ворис қил. Менга душманим устидан нусрат бер ва ундан ўч олишимни менга кўрсат», дер эдилар
».

Шарҳ: Бу ҳадис аввалги ҳадиснинг бироз лафзи ўзгарган шакли экан. Золимлар ўрнига душман зикр қилинган экан.

Бу ривоятда қулоқ ва кўзлардан ҳузур олишни Аллоҳ таолодан сўралган. 

Ушбу икки ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Қулоқ ва кўзни салоҳиятли қилишни сўраб дуо қилиш борлиги. 

2. Қулоқ ва кўздан ҳузур бахш этилишини сўраб дуо қилиш борлиги.

3. Қулоқ ва кўзни ворис қилишни сўраб дуо қилиш борлиги. 

4. Золимлар устидан нусрат берилишини сўраб дуо қилиш борлиги. 

5. Золимлардан ўч олишни ўзи кўришини сўраб дуо қилиш борлиги.


Саъд ибн Ториқ ибн Айшам Ашжаъий ўз отасидан ривоят қилади:

«Биз эрталабдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борар эдик. Эркак ҳам келарди. Аёл ҳам келар эди. Ва:
«Ё Аллоҳнинг Расули! Намоз ўқиб бўлгандан кейин нима дейман?» дер эди. У зот:
«Аллоҳим! Мени мағфират қилгин. Менга раҳим қилгин. Мени ҳидоят қилгин. Менга ризқ бергин», дегин. Булар сенга дунё ва охиратни жамлайди», дер эдилар
». 

Шарҳ: Демак, намоздан кейинги дуода Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолодан мағфират, раҳим, ҳидоят ва ризқ сўраш жоиз экан. Балки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган асар бўлиб қолган дуо экан.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига саҳобалар эрталабдан келишга одатланганлари.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига эркаклар билан бир қаторда аёллар ҳам келиши.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳобалар намоздан кейин қилинадиган дуони сўраб ўрганганлари.

4. Намоздан кейинги дуода Аллоҳ таолодан мағфират – гуноҳни кечиришни сўраш яхшилиги.

5. Намоздан кейинги дуода Аллоҳ таолодан раҳим қилшини сўраш яхшилиги.

6. Намоздан кейинги дуода Аллоҳ таолодан ҳидоят қилишини сўраш яхшилиги.

7. Намоздан кейинги дуода Аллоҳ таолодан ризқ беришни сўраш яхшилиги.

8. Бу ривоятда зикр қилинган дуодаги нарсаларни Аллоҳ таолодан намоздан кейинги дуода сўраш бандага дунё ва охиратни жамлаши.

Ушбу ҳадиси шарифда келган дуонинг арабча матнини ёдлаб олиб намоздан кейин ўқиб юришга одатланса, яхши бўлади.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ошуро, дегани ўнинчи кун, дегани. Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ошуро номи билан машҳур бўлган. АлҲакам ибн алАъраж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Замзам давоми...

3119 05:00 / 13.03.2017
Ибодат баркамол неъмат берувчига баркамол қуллик қилишдир. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таолодан бошқага ибодат қилиб бўлмайди. Ибодат қилинувчининг маърифати ҳосил давоми...

6367 05:00 / 14.03.2017
Имом Бадриддин Маҳмуд ибн Аҳмад Айний бундай дейдилар.Аллоҳнинг ёрдами ва тавфиқи ила қисқа қилиб қуйидаги иймон шуъбаларини айтамиз .Иймоннинг асли қалб ила давоми...

3134 12:21 / 15.03.2017
Аллоҳ таоло ўз бандаларига жуда меҳрбон эканлиги барчага маълум. Бисмиллоҳ...rdquoнинг маъносида ҳам бу таъкидланган. Парвардигори олам бандаларига қилган давоми...

3355 12:16 / 15.03.2017