1447 йил 8 Рамазон | 2026 йил 26 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Фитначиларнинг хуружи

12:40 / 23 февраль 158 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фитнабошилар Мадинадан қайтиб боришлари билан халифага қарши чиқишига махфий равишда тайёргарликни бошлаб юбордилар. Улар ўзаро мактуб ёзишиб, ўзларини ҳажга бораётган қилиб кўрсатиб, Мадинада учрашишга ва ўша ерда режаларини амалга оширишга келишиб олдилар.

Мисрликлар тўрт гуруҳ бўлиб чиқдилар. Уларнинг тўрт амири бор эди. Сонлари эса олти юз, минг атрофида эди. Уларнинг бош амири Ғофиқий ибн Ҳарб эди. Улар одамларга урушга кетаётганларини айтишга журъат қилолмай, ўзларини ҳажга кетаётган қилиб кўрсатдилар. Фитнабоши яҳудий Абдуллоҳ ибн Сабаъ ҳам улар билан бирга эди.

Фитначилар ўз ишларининг ноҳақ эканини биладилар. Ниятларини халқ оммаси билиб қолса, уларнинг нафратига учрашларини ҳам яхши биладилар. Шунинг учун улар асл мақсадларини яшириб, савобли ишларни ниқоб қилиб оладилар. Тажрибаларнинг кўрсатишича, ҳатто баъзи ўзлари билан кетаётганларга ҳам асл ниятни эмас, ниқоб қилиб олинган шиорни айтадилар. Уларга одам керак. Агар асл ниятни билса, одамлар айниб қолишлари мумкин. Шунинг учун олиб бораётган одамларига нисбатан ҳам алдамчилик қиладилар.

Куфалик фитначилар ҳам тўрт гуруҳ бўлиб, тўрт амир билан йўлга чиқдилар. Уларнинг ададлари ҳам мисрликларнинг ададича бор эди. Куфаликларнинг бош амири Амр ибн ал-Асом исм­ли одам эди.

Басралик фитначилар ҳам тўрт гуруҳ бўлиб, тўрт амир билан йўлга чиқдилар. Уларнинг ададлари ҳам мисрликларнинг ададича бор эди. Басраликларнинг бош амири Ҳурқус ибн Зуҳайр Саъдий исмли одам эди.

Улар уч томондан Мадинаи Мунавварага яқинлашиб келиб, уч жойга тушдилар. Басралик фитначилар За Хушубга, куфаликлар ал-Аъвасга ва мисрликлар Зул Марвага тушдилар. Уларнинг ниятлари турлича эди. Мисрликлар «Али ибн Абу Толибни халифа қиламиз», дер эдилар. Басралик фитначилар Толҳани ва куфаликлар Зубайрни халифа қилиш ниятида эдилар.

Уларнинг ниятлари турли кишиларни халифа қилиш бўлса ҳам, ҳаммалари бараварига ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга қарши эдилар. Хўш, бу фитначи тўдадаги одамлар кимлар эди? Улар ўзлари даъво қилаётганларидек, дину диёнат равнақи учун курашчилармиди ёки бош­қа одамлармиди? Уламолар уларнинг кимлигини илмий асосда жуда синчиклаб ўрганиб чиққанлар.

Ана шундай уламолардан энг машҳури Абу Бакр ибн Арабий раҳматуллоҳи алайҳ «Ал-Авосим минал Қавосим» номли китобида қуйидагиларни ёзадилар:

«Явмуддор куни Исломга қарши жиноятда иштирок этганлар бир неча даражадаги тоифалардир:

1. Динда ғулувга кетганлар, яъни ҳаддидан ошганлар. Улар арзимаган нарсаларни бировга катта айб қилиб қўйдилар. Ўзлари эса уларни инкор қиламан, деб ҳалокатга олиб борувчи гуноҳларни қилдилар.

2. Қурайшлик катта саҳобийларга қарши яманликларга мутаассибчилик қилганлар. Уларнинг Исломда ўзиб кетган ерлари йўқ эди. Улар қу­райш­лик Исломда ўзиб, қилган хизматлари ва фатҳ­лари учун мукофот олганларга ҳасад қилдилар. Ўзларининг ўзишлари ва хизматлари бўлмаса ҳам, улар олган нарсани олишни хоҳладилар.

3. Ўзларининг баъзи қариндошларига шаръий жазо қўлланганидан аччиқлари чиққан. Ана шу сабабдан уларнинг қалблари ҳиқду ҳасадга тўлган эди.

4. Сабачилар ақлларининг пастлигидан фойдаланиб, фисқу фасод, фитна ва бузуқ эътиқодларга бошлаган аҳмоқлар.

5. Усмоннинг яхшилигини, одамгарчилигини билмай, ҳовлиққан кимсалар. Улар ўзларининг ҳақлари бўлмаган раҳбарлик лавозимларга тама қилиб, Усмоннинг яхшиликларига нонкўрлик қилдилар.

6. Ислом одобларига қарши ишлар содир этганлари учун Усмон томонидан таъзири берилганлар. Усмон жорий этган шаръий таъзир уларнинг ғазабини қўзғатди. Умардан ундан кўра шиддатлироқ таъзир еганларида ҳам жимгина бўйинларини эгиб юрган эдилар.

7. Ўзлари муносиб бўлмай туриб, раҳбарлик лавозимларига эришишга шошилганлар. Ўзларида ҳикмат бўлмаса ҳам, зеҳнларининг ўткирлиги ва фасоҳатлари уларни ғурурга кетказган эди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Усмоннинг ўта раҳмли қалби меҳрга тўла экани кўпчиликни тамагир қилиб қўйган эди. Унинг меҳрибонлигидан ўзларининг ҳавои нафсларини қондиришга васила сифатида фойдаландилар».

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 22-жузидан олинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2020 йил 10 мартдаги 1801-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақолаХолид ибн Валид розияллоҳу анҳу машҳур саҳобийлардан ва забардаст қўмондонлардан бўлиб, Қурайшнинг Бану Махзум уруғида таваллуд топдилар. давоми...

4771 06:00 / 25.01.2021
Имом Абу Довуд ва Насаийлар Амр Ибн Шуъайб розияллоҳу анҳудан, у ўз отасидан, у бобоси розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

1839 01:16 / 21.08.2024
Кунларнинг бирида бир киши Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг эшигини тақиллатиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтидан ёрдам сўраганини айтиб, давоми...

2645 09:00 / 30.11.2024
Абу Салама розияллоҳу анҳу Мадинага ҳижрат қилишга аҳд қилди. Хотини Умму Салама билан ўғли Саламани битта туяга, ўзи битта туяга миниб йўлга чиқди. Маккадан энди давоми...

2860 09:00 / 18.12.2021
Аудиолар

231948 06:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150465 09:35 / 11.08.2021