1447 йил 5 Рамазон | 2026 йил 23 февраль, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Сумомани озод қилинглар!

10:51 / 15 февраль 2226 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Нажд томонга қўшин жўнатдилар. Улар ўзлари танимайдиган бир кишини асир қилиб олиб келишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга дедилар: «Кимни асир қилиб олиб келганингизни биласизми?! Бу киши Ямома аҳлининг саййиди Сумома ибн Усол-ку! Унга яхши муомалада бўлинглар!»

Сумомани масжиднинг яқинига боғлаб қўйишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида овқат есалар, унга ҳам юборар эдилар. Аммо бу нарса Сумоманинг қалбини юмшатмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига келиб дедилар:

- Эй Сумома, нима гап?

- Менда яхшилик бор, эй Муҳаммад! Агар мени қатл қилсанг, қонли одамни қатл қилган бўласан (яъни, қавмим келиб менинг қасосимни олади). Агар инъом берсанг, шукр қилувчи кишига инъом қилган бўласан (яъни, мен яхшиликни унутмайдиган кишиман)! Агар сенга мол керак бўлса, айт, истаганингча мол беришади сенга!

Икки кун ана шу тариқа улар ораларида суҳбат бўлди. Тўртинчи куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

- Сумомани озод қилинглар!

Сумома масжид яқинидаги хурмонинг тагига бориб ғусл қилди ва қайтиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга деди:

- Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, яна гувоҳлик бераманки, сиз Унинг Расулидирсиз! Сўнгра яна деди:

- Эй Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, ер юзида илгари мен учун сиздан ёмонроқ инсон йўқ эди. Бугун сизнинг юзингиз мен учун юзларнинг энг суюқлисидир. Мен умра қилмоқчи эдим. Қўшинингиз мени тутиб олди. Энди нима қилишим керак?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга хушхабар бериб, умра қилиши мумкинлигини айтдилар.

Кейин у Маккага кетди. Қурайшликлар унинг мусулмон бўлганини билиб қолиб:

- Динингни ўзгартирдингми? - деб сўрашди.

- Мен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирдим. Аллоҳга қасамки, Муҳаммад соллаллоху алайҳи васаллам изн бермагунча сизларга Ямомадан бир дона ҳам буғдой келмайди!

Сумома исломга кирди. Унинг исломи ажойиб бўлди. Аллоҳ у сабабли бу динга кўп манфаат берди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан сўнг Мусайлима каззоб билан бирга кўп инсонлар диндан қайтиб муртад бўлишганда инсонларга хитоб қилиб, уларни муртадликдан қайтарди. Ямома қабиласидан унинг гапи билан уч минг киши мусулмонлар сафига келиб қўшилди ва муртадларга қарши жанг қилди!

Яхшиликлар олийжаноб кишиларнинг қўл-оёғини боғлаб олади!

Аҳнаф ибн Қайс айтади: «Ким менга яхшилик қилса, у мени ипсиз боғлаб олади».

Одамларни яхшилик билан боғлаб олайлик. Агар у ўрнига тушса, демак, улар шунга муносибдирлар. Агар ўрнига тушмаса ҳам, биз шунга муносибмиз.

Агар ўртангизда адоват бўлган инсонга эҳсон қилсангиз, мағрур турган ҳолда қилинг. Акс ҳолда, бу эҳсонингиз сизга хорлик ва хавф келтириши мумкин!

Шунақанги ўринлар борки, унда эҳсон қилиш дуруст бўлмайди. Масалан, диёрингизга кириб келган душманга эҳсон қилишни ялтироқ сўзлар билан қанчалик ғилофлашмасин, бу ҳаёсизлик, мурувватсизлик ва хиёнат ҳисобланади!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолонинг биз бандаларига ато қилган улкан неъматларидан бири вақтдир. Вақт кетса қайтиб келмайдиган неъматдир. Ҳикматларда шундай дейилган Вақт қилич давоми...

2792 09:39 / 13.10.2021
Ажал тўғрисида Қуръони каримда шундай дейилган .Ҳеч бир жон Аллоҳнинг изнисиз ўлмас. Ёзилган ажал ўлароқ, Оли Имрон сураси, 145оят. давоми...

5001 14:00 / 06.09.2021
Минг афсуслар бўлсинким, аҳли илмнинг ичида ҳам ноқобиллари учраб туради. Одам боласи турлитуман бўлиши ҳақиқатдир. Табиати бузуқ инсонлар ичида ҳам баъзи бир давоми...

4802 15:55 / 28.10.2019
Яҳё ибн Аксам айтади .Бир кеча мўъминлар амири Маъмуннинг ҳузурида ухладим. Кечанинг ярмида чанқоқликдан уйғониб кетдим. Уёқбуёққа ағанадим. Шунда Маъмун .Сенга давоми...

4143 09:00 / 16.03.2023