
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ҳар бир ҳаракатларини диққат билан кузатиб турган фитначилар у кишининг волийларни ўз ҳузурларига чақирганларидан хабар топишлари билан «Волийлар кетганда қўзғолон кўтарамиз», деб келишиб олган эдилар. Аммо улар бу ишнинг уддасидан чиқа олмадилар.
Фақат куфалик фитначилар ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ўз волийлари Саъид ибн Оссни ишдан бўшатишни талаб қилиш учун йўлга чиқдилар. Йўлда ишини битириб, қайтиб келаётган волий Саъийд ибн Осснинг ўзига дуч келдилар. Унга бор гапни айтишди. У: «Усмонга бир кишини, менга бир кишини юборсангиз, кифоя қилар эди», деди. Кейин Усмоннинг олдига қайтиб, хабарни етказди: «Улар менинг ўрнимга бошқа одамни хоҳлашмоқда, Абу Мусони яхши кўрадилар», деди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу уларга ўша кишини волий этиб тайинладилар. Бу ерда Саъид ибн Осс розияллоҳу анҳу ҳам, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳам катта мардлик қилдилар. Фитначилар талабларининг рад этилишини жуда ҳам хоҳлар эдилар. Ана шунда улар асл мақсадларига эришар эдилар. Аммо юқорида зикр этилган мардлик бунга йўл қўймади.
Ҳеч қайси режалари амалга ошмаган фитначилар бир-бирларига мактуб ёзишиб, Мадина томон юришга келишдилар. Зоҳиран ўзларини амри маъруф, наҳйи мункар ишига уринган қилиб кўрсатдилар. Миср, Куфа ва Басра фитначиларининг вакиллари йўлга чиқиб, Мадинага яқинлашдилар. Уларнинг келганларидан хабар топган Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу уларнинг мақсадларини аниқлаш учун икки кишини юбордилар. Бу икки кишига ҳам бир вақтлар ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу таъзир жазосини қўллаган эдилар. Аммо улар буни кўнгилларига олмаган эдилар. Фитначилар ўз қаричлари билан ўлчаб, иккалалари ҳам ўша жазодан кейин Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга қарши бўлиб қолишган, деган фикр билан бор режаларини уларга очиқ-ойдин айтдилар. Улар: «Биз ундан одамлар қалбига ўрнаштириб қўйган нарсаларимизни сўраймиз. Кейин одамларнинг олдига қайтиб бориб: «Биз уни иқрор қилдирдик, аммо у уларни тарк этмади, тавба қилмади», деймиз. Сўнгра худди ҳажга чиққанга ўхшаб чиқамиз. Келиб, уни қуршаб оламиз-да, халифаликдан бўшатамиз. Кўнмаса, ўлдирамиз», дедилар.
Бу ҳам барча фитначиларнинг доимий ишлатадиган ва синалган услубидир. Нима қилиб бўлса ҳам, одамларнинг олдида ўзлари айбламоқчи бўлган киши билан бир оз бирга бўлсалар бўлди. Қолганини тўқиб чиқариш ҳеч гап эмас. Улар учун «Учрашув бўлди» деган гап тарқалса, етади. Учрашувда нима гап бўлгани муҳим эмас. Агар ўзларининг гапларини ўтказиб олсалар, айни муддао. Мабодо мағлуб бўлсалар ҳам, ҳечқиси йўқ. Ўзлари тўқиб олаверадилар. Ушбу фитначилар ҳам «Айтилаётган гаплар ҳақми, ноҳақми, аниқламоқчимиз», демадилар. Чунки у гапларнинг ноҳақлигини бошқалар билмаса ҳам, ўзлари яхши биладилар. Улар «Ўша гапларни ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг бўйнига қўйиб, тан олдирдик», деб одамлар ичида яна янги ёлғон тарқатишга йўл ахтариб келишган.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 22-жузидан олинди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2020 йил 10 мартдаги 1801-сонли хулосаси асосида тайёрланди.