1447 йил 15 шаъбон | 2026 йил 03 февраль, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Мол-дунё келиб-кетадиган нарсадир

10:25 249 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мол-дунё келиб-кетадиган нарсадир. Бугунги бойлар бир кун келиб фақир бўлишади. Фақирлар эса бир куни бой бўлишади. Бугунги соғлом инсонлар бир кун бемор бўлишади. Беморлар эса шифо топишади. Кучли инсон ҳамиша кучли бўлиб қолавермайди. Заифнинг заифлиги бир умр давом этмайди. Аллоҳ таоло бу билан бизга Ўзидан бошқа бирор-бир нарса ўз ҳолича турмаслигини англатмоқчи бўлди!

Биз бойлигимиз ва фақирлигимизда ҳам, соғлигимиз ва беморлигимизда ҳам, дунёнинг келиб-кетишида ҳам имтиҳондамиз. Аллоҳ таоло бизнинг нима қилишимизга қарайди. Фаришталар ёзади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу умматни ўзаро бир-бирига раҳм қилиш ва ёрдамлашиш асосида тарбия қилдилар. Бизга беморни зиёрат қилишни ўргатдилар, жанозада иштирок қилишни ўргатдилар, мусибатзадаларга тасалли беришни ўргатдилар, йиқилганни кўтаришни йўл кўрсатишни ўргатдилар, адашганга ўргатдилар, синганларнинг кўнглини олишни ўргатдилар, кишиларни хотиржам қилишни ўргатдилар!

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида бир киши мева сотиб олди ва касодга учради. Қарзи кўпайиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга садақа беринглар», дедилар. Кишилар унга садақа қилишди. Аммо қарзини тўлашга етмади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Борини олинглар. Сизга бундан бошқа пули йўқ!» дедилар ҳақдорларга.

Бу биродарлик ва кўнгил олиш борасидаги буюк дарсдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон киши йиқилса, уни кўтарадиган қўллар топилишини истадилар. Йиқилганнинг ҳоли худди «сигир йиқилса, уни сўядиганлар кўпаяди», деган каби бўлишини хоҳламадилар!

Жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун пул топа олмаётган беморлар ҳақида ҳар куни эшитамиз. Унга садақа қилиб: «Эй Аллоҳим! Бунда миннат йўқ. Бу Сенинг менга берган офият неъматинг шукронасидир», дея олдикми?!

Неъмат шукр билан давомий бўлади. Аллоҳ таоло сени бир инсоннинг даволанишига ёрдам қилаётганингни кўриб, сўнгра сени ҳам ўша инсон каби бемор қилиб қўйишдан одилроқ ва раҳмлироқдир.

Ҳар куни қарзини тўлашга кучи етмай турган инсонлар ҳақида эшитамиз. Уларга садақа қилиб: «Аллоҳим! Буни хўжакўрсин ё хўжаэшитсинга бермаяпман, аксинча, мени оладиган эмас, берадиган бандаларингдан қилганинг шукронаси ўлароқ қилдим», дея олдикми?!

Аллоҳ таоло бир инсоннинг қарзини тўлашга ёрдам қилганингизни, кишиларга садақа қилиб қўл чўзганингизни кўриб, сўнгра сизни қарздор ва кишилардан садақа сўраб қўл чўзадиган қилиб қўйишдан одилроқ ва раҳмлироқдир! Менга ишонинг, бу ишингиз билан сиз жонингизни Аллоҳдан сотиб оляпсиз. Садақа беришга чўзилган қўлларнинг кун келиб садақа сўраб чўзилиши муҳолдир!

Бу диннинг бағрикенглигига қаранг. Ҳақдорларга «борини олинглар», деяптилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қарздорнинг уйини мусодара қилмаяптилар, молини талашга кимошди савдосига қўймаяптилар, оиласини кўчага улоқтирмаяптилар. Раҳмни билмайдиган қонун гарчи дунёга ҳукм қилса-да, эҳтиромга лойиқ эмас!

Савол туғилиши мумкин. Пул бериб қайтариб ололмаётган кишида Нима айб? Тўғри ва мантиқий савол. Бу саволга савол билан юзланади. Бу дунё жазо ва мукофот дунёсими ёки амал дунёсими? Бу дунё экин экиш дунёсими ёки экинни йиғиштириш дунёсими?

Модомики, бу дунёнинг амал ва экин экиш дунёлигига, мукофот ва ҳосил олиш Аллоҳнинг ҳузурида эканига ишонар экансиз, қарздорлик кишилардаги кифтини эзиб қўйган баъзи ҳаққингиздан воз кечинг. Қуйидаги хушхабар айни сизгадир: Имом Муслим роҳимаҳуллоҳ ўзининг «Саҳиҳ»ида Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳнинг ҳузурига Аллоҳ мол берган бандаларидан бири келтирилади. Аллоҳ унга: «Дунёда нима амал қилдинг?» дейди. У: «Эй Раббим! Сен менга молингдан бердинг. Мен одамлар билан савдо қилар эдим, ўтиб юбориш менинг хулқим эди. Бойга енгиллик, фақирга муҳлат берар эдим». Аллоҳ таоло дейди: «Бунга сендан кўра Мен ҳақлироқман». Сўнгра фаришталарга: «Бу бандамдан ўтиб юборинглар!» дейди».

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сизнинг ҳузурингизга Увайс ибн Омир келадиУмар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврларида Ямандан кишилар ҳаж қилгани келишса улардан .Ичингизда Увайс ибн давоми...

2702 19:00 / 03.03.2021
Қадимдан охират уламолари қандай бўлишлари кераклиги ҳақида баҳслар бўлиб келган. Улардан баъзиларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.Олим қоидага мувофиқ иш давоми...

3395 12:30 / 07.11.2019
Уламоларимиз вақтни ғанимат билишга, китобларда кўрган ёки хаёлларига келган фойдали фикрларни дарҳол ёзиб қўйишга ҳарис эдилар. Улар бу ишни ҳатто тунда ҳам давоми...

3621 11:00 / 01.01.2024
Кўпчилик одамлар, ишим юришмаяптиrdquo, қарзим кўпrdquo, омадим келмаяптиrdquo, касаллик аримаяптиrdquo, муаммодан бошим чиқмаяптиrdquo деб нолийди.Ваҳоланки, шариатда бу давоми...

3425 10:50 / 18.01.2022