
Жалолиддин домла Ҳамроқулов фахрий профессор илмий унвони билан тақдирландилар
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги кенгашининг қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳар Новза жомеъ масжидининг имом-хатиби Жалолиддин домла Ҳамроқулов «Ижтимоий-маънавий тарбия назарияси» ихтисослиги бўйича фахрий профессор илмий унвони билан тақдирландилар.


Муҳтарам устоз Жалолиддин домла!
Сизни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан берилган фахрий профессор илмий унвони билан самимий муборакбод этамиз!
Динимизнинг соф таълимотини халқимизга етказиш, исломий қадриятларни ёйиш, ёш авлодни аждодларимизга муносиб, ватанпарвар ва юксак одоб соҳиблари этиб тарбиялаш йўлидаги хайрли хизматларингизнинг бундай юксак илмий эътироф этилиши бизни ниҳоятда қувонтирди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир», деб марҳамат қилганлар.
Сизнинг динимиз ривожи йўлидаги кўп йиллик меҳнатларингиз, «Ижтимоий-маънавий тарбия назарияси» йўналишидаги илмий изланишларингиз, маърифий суҳбатларингиз нафақат илм аҳли, балки бутун миллатимиз маънавиятини юксалтиришда муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Аллоҳ таоло бу янги мақом, бу илмий даражани сиз учун хайрли, баракали айлаб, икки дунё саодатига васила қилсин, сизга мустаҳкам соғлик, оилавий хотиржамлик ато этиб, эл-юрт манфаати йўлидаги илмий фаолиятингизда, барча хайрли ишларингизда Ўзи ёрдамчи бўлсин!
Islom.uz портали жамоаси