1447 йил 1 шаъбон | 2026 йил 20 январь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Яқинларга садақа қилиш

15:07 181 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Садақа» бировни икром қилиш нияти билан эмас, Аллоҳ таолога қурбат нияти ила бериладиган нарсадир. Бу маъно закот ва ихтиёрий садақани ўз ичига олади.

«Садақа» уламолар истилоҳида, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш нияти ила тириклик чоғида муҳтож одамга бирор нарсани эвазсиз мулк қилиб беришдир.

Роғиб Асфиҳоний айтади: «Садақа инсон ўз молидан қурбат нияти ила чиқарган нарсадир. Худди закот каби. Аслида ихтиёрий мол чиқариш «садақа» дейилади. Фарз мол чиқариш «закот» дейилади. Гоҳида ҳар бир яхши иш ҳам садақа дейилиши бор.

Агар молни муҳтож кишига эвазсиз мулк қилиб беришдан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш кўзланса, бу садақа бўлади.

Агар молни бериладиган шахснинг олдига уни улуғлаб ва меҳрини қозониш учун олиб борилса, ҳадя бўлади.

Ўлими олдидан мол улашиш атийя бўлади.

Бошқа ҳолатларда ҳиба бўлади.

Садақанинг «садақа» деб аталишига сабаб, у ўз эгасининг иймони ва нияти содиқлигини тасдиқлагани учундир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мўмин-мусулмон бандаларини садақа қилишга тарғиб қилган. Мазкур оятлардан баъзиларини тақдим қилишга ижозат бергайсиз.

Аллоҳ таоло Мунофиқун сурасида айтади:

«Ва бирингизга ўлим келиб, «Роббим, агар мени озгина муддатга орқага сурсанг-у, садақа қилсам ва солиҳлардан бўлсам», демасидан аввал Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан нафақа қилинг» (10-оят).

Куч-қувват борида, мол-дунё етарли пайтда ҳеч нарса хаёлга келмай, садақа қилишни эсга ҳам олмай, юриб-юриб, ўлим элчиси эшик қоқиб келганда Аллоҳ таолога ёлвориб: «Мени бир оз ўлдирмай тургин, садақа қилиб, аҳли солиҳдан бўлиб олай», дегандан фойда йўқ. Балки ёшликда, куч-қувват борида ибодатларни ўрнида адо этиб, садақаларни қилиб, аҳли солиҳлардан бўлиб олиш керак.

Ана ўшанда ўлим элчисини ҳеч нарсадан қўрқмай, ҳеч нарсага афсус қилмай кутиб олинади. Ҳа, Аллоҳ таоло берган ризқдан ўз вақтида жойини топиб инфоқ қилиб қолиш керак. Кейин кеч бўлади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида айтади:

«Садақани ошкора қилсангиз, бу нақадар яхши! Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан гуноҳларингизни ювадир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (271-оят).

Ушбу ояти каримада садақани ошкора қилиш ҳам, махфий қилиш ҳам мақталмоқда. Бу ҳақдаги бошқа оят ва шаръий далилларни жамлаб ўрганиб чиққан уламоларимиз хулоса қилиб айтадилар: «Садақа фарз бўлса, уни ошкора қилиш яхши, чунки бу ҳолда Аллоҳ таолонинг амрига тоат ошкора кўринади ва мазкур садақадан ҳақдор бўлмаган кишиларга ҳам тушиб қолишининг олди олинади. Агар садақа ихтиёрий бўлса, у махфий қилингани яхши. Бунда риёдан ва манманликдан узоқда бўлинади». Ояти каримада:

«Садақани ошкора қилсангиз, бу нақадар яхши!» дейилганда, фарз садақалар кўзда тутилган.

«Агар махфий қилсангиз», дейилганда, ихтиёрий садақалар кўзда тутилган.

«...ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир».

Яъни садақанинг энг ҳақдори камбағал, фақир кишилардир. Исломда садақанинг жорий қилиниши ҳам ана шу тоифанинг ҳимояси ва ёрдами учун бўлган.

Садақа қилиш хоҳ ошкора бўлсин, хоҳ махфий бўлсин, доимо ўз эгасига фойда келтиради, унинг гуноҳлари ювилишига сабаб бўлади:

«Сиздан гуноҳларингизни ювадир».

Бу ваъда ўз навбатида кишиларнинг қалбини ларзага солади, тақво ҳиссини орттиради.

«Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир».

Ҳар бир амалингизга ўзига яраша мукофот ёки жазо беради.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ушбу ояти кариманинг тафсирида қилинган ривоятда у киши айтадилар: «Аллоҳ таоло ихтиёрий садақада махфийликни жорий қилган. Бу борада махфийси ошкорасидан етмиш марта кўп савобга эга бўлади. Фарз садақанинг ошкорасини махфийсидан йигирма беш марта афзал қилган».

Маълумки, инсон ўзи топган мол-мулкидан ўз ихтиёри билан бошқа кишиларга садақа қилиши осон эмас. Бунинг учун доимий равишда тарғибот олиб бориб, одамлар қалбидаги бахиллик, молга бўлган ҳирс каби туйғуларни йўқотиш керак бўлади.

Иккинчидан, сахийлик даражасига етганларида риёкорликни йўқотиш учун ҳаракат қилмоқ лозим бўлади. Ҳаётий тажрибада ҳам мол сарфлашни йўлга қўйишдан кўра, риёдан қочишни йўлга қўйиш қийин эканлиги кўрилган. Кишиларда қилган садақасини, яхшилигини одамлар билишини хоҳлаш табиати кучли.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 2-жуз.

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида чоп тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга етти нафар Аршнинг соясидан жой оладиган тоифа ҳақида гапирдилар. Улар орасида яширин садақа давоми...

3708 09:00 / 06.08.2021
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар.Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, сизлар мусулмон бўлмагунингизча жаннатга давоми...

3126 16:00 / 13.03.2023
Амр ибн Осдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга одам юбориб, кийимларимни кийиб, аслаҳамни олиб боришимни тайинладилар. Борсам, тоҳарат давоми...

2239 16:00 / 27.11.2023
Отаонага яхшилик қилиш фарзанд учун кўплаб яхшиликларнинг манбаидир. Отаонага яхшилик қилиш ила эришиладиган яхшиликлар бу дунё ва охиратнинг яхшиликларидир. давоми...

2867 15:20 / 10.05.2024