Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 24 ражаб | 2026 йил 13 январь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Тиловат саждасидан олдин такбир айтилиши | Ҳадис дарслари (361-дарс)

18:00 / 07 январь 94 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقْرَأُ السُّورَةَ الَّتِي فِيهَا السَّجْدَةُ فَيَسْجُدُ وَنَسْجُدُ مَعَهُ حَتَّى مَا يَجِدُ أَحَدُنَا مَكَانًا لِمَوْضِعِ جَبْهَتِه. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда ояти бор сурани қироат қилиб, сажда қилар эдилар. Биз ҳам у зот билан сажда қилар эдик. Ҳаттоки биримиз пешонасига жой топа олмай қолар эди».

Учовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Сажда оятини тиловат қилган одам сажда қилиши лозимлиги.

2. Сажда оятининг тиловатини эшитган одам ҳам сажда қилиши лозимлиги.

3. Саҳобаи киромларнинг тиловат саждасини тезроқ қилишга ошиқиб, одам кўплигидан пешоналарини саждага қўярга жой топа олмай қолганликлари.

كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقْرَأُ عَلَيْنَا الْقُرْآنَ فَإِذَا مَرَّ بِالسَّجْدَةِ كَبَّرَ وَسَجَدَ وَسَجَدْنَا مَعَهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْحَاكِمُ.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Қуръон қироат қилиб берар, сажда (ояти)дан ўтсалар, такбир айтиб, сажда қилар эдилар. Биз ҳам у киши билан сажда қилар эдик».

Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадис ҳам Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Қуръон қироат қилиб, сажда оятидан ўтган киши тиловат саждаси қилиши лозимлиги.

2. Сажда ояти тиловатини эшитган киши ҳам тиловат саждаси қилиши лозимлиги.

3. Тиловат саждасидан олдин такбир айтилиши.

عَنْ عُقْبَةَ بْنَ عَامِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قُلْتُ لِرَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَا رَسُولَ اللهِ، فِي سُورَةِ الْحَجِّ سَجْدَتَانِ؟ قَالَ: نَعَمْ، وَمَنْ لَمْ يَسْجُدْهُمَا فَلَا يَقْرَأْهُمَا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Ҳаж сурасида иккита сажда борми?» дедим.

У зот:

«Ҳа, ким у икковига сажда қилмаса, уларни қироат қилмасин», дедилар».

Абу Довуд, Термизий, Ҳоким ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан Ҳаж сурасида икки дона сажда ояти борлиги аён бўлади. Шу билан бирга, уларни ўқиган одам сажда қилиши лозимлиги, сажда қилмаса, ўқимаслиги кераклиги билинади.

Ҳанафий мазҳабида «Ҳаж» сурасида битта сажда бор, дейилган. Улар ушбу ривоятда айтилаётган икки саждадан фақат биттасини олганлар. Шу билан бирга, Ҳанафий мазҳаби ушбу ривоятни тиловат саждаси вожиб эканлигига далил ҳам қилганлар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقْرَأُ فِي الْجُمُعَةِ فِي صَلَاةِ الْفَجْرِ ﭑﭓ – السَّجْدَةُ، ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жумъа куни Бомдод намозида «Алиф лам мийм. Танзийлу…» – «Сажда» (сурасини) ва «Ҳал атаа ъалал инсани ҳийнун...» (сураларини) ўқир эдилар».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Жумъа куни Бомдод намози фарзининг биринчи ракъатига Сажда сурасини ва иккинчи ракъатига Даҳр сурасини ўқиш.

2. Имом фарз намозига сажда ояти бор сурани зам қилса, жоизлиги.

3. Сажда ояти намозда келганда ҳам сажда қилиш кераклиги.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 5-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал давоми...

4953 19:00 / 01.06.2022
Модомики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган иш, амалларнинг мусулмонлар диний ҳукм тариқасида эргашиши лозим бўлганлари ва диний ҳукм давоми...

7862 15:10 / 31.01.2019
. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг байъатини .ва Аллоҳга ҳеч нарсани ширк давоми...

5194 13:30 / 27.01.2021
.Қиёмат соати қачон бўлади, деган саволга бирданбир тўғри жавоб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифда берган жавобларидир. Бу жавоб давоми...

6898 14:40 / 26.07.2019