1447 йил 22 ражаб | 2026 йил 11 январь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ҳорун Ар-Рашид

12:41 / 07 январь 795 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(халифалик даври: ҳижрий 170-193, милодий 786-809)

Ҳорун ар-Рашид ибн Маҳдий. У аббосийлар тожининг дури саналади. Ҳақиқатдан ҳам, Ҳорун ар-Рашид тарихдаги энг улуғ подшоҳлардан бири бўлган. Унинг даврида Ислом давлати равнақ топди. Аввал мисли кўрилмаган тўкинчилик, фаровонлик, бойлик замони бўлди. Ислом давлати ўзининг энг юқори чўққисини забт этди, истиқлолга эришиб, улуғворлик касб этди. Бу даврда Ислом давлати қувватланди, турли соҳаларда илгарилаб, илм соҳасида буюк ютуқларга эришди. Унинг салоҳияти, қудрати, қадр-қиймати ошди.

Суютий айтади: «Ар-Рашиднинг даври яхшилик даври бўлган. У давр ҳусни жамолда тўйлар ва байрамлар каби эди».

Ҳорун ар-Рашид шижоатли инсон эди. Рум юртларига ўзи лашкарбоши бўлиб борар, отасининг даврида уларни бўйсундирган эди. У ўша вақтларда йигирма ёшда эди. Шу билан бирга у ниҳоятда тақводор бўлиб, ҳар бир ишда Аллоҳдан қўрқарди. У тўққиз марта ҳаж қилган. У ҳақда «Бир йили ҳаж қилиб, бир йили ғазот қилади», деган гаплар тарқалган. У воизларнинг гапларига қулоқ солар, Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлар эди. У халифаларнинг энг афзалларидан, уларнинг энг фасоҳатлиларидан, олимларидан, карамлиларидан бўлган.

Унинг фазилатлари ичида энг улуғи илмга риояси эди. У Байтул Ҳикматнинг ишини ривожлантирди. Ҳирақла ва Бизанта (Византия) иқлимлари фатҳ қилинганидан кейин у ерлардан кўплаб китоблар келтирилди.

Ҳорун ар-Рашид таржима ишларини олиб боришни Юҳанно ибн Мисавайҳга топширди. Байтул Ҳикматда таржимонлар билан бирга нусха кўчирувчилар, хазиначилар, муқовачилар ва бошқа хизматчилар ҳам фаолият олиб борадиган бўлишди.

Шунингдек, маданият ва маърифат соҳасида кўплаб ишларни амалга оширди. Мисли кўрилмаган мазкур ишлардан бутун оламни ёритувчи зиё таралди. Зулматга чўмган Европа ўрта асрларда айни Ҳорун ар-Рашид бошлаб берган маърифатдан таъсирланиб уйқудан уйғонди.

Ҳорун ар-Рашид ҳақида ғаразгўйлик ниятида жуда кўп миш-мишлар тарқалган, ботил гаплар айтилган, туҳматлар қилинган. Бану Аббоснинг энг улуғи бўлган бу инсон ҳақида лаҳвга, ароқхўрликка берилган, деган гаплар ҳам ёйилган.

Ҳодисалар

Ҳорун ар-Рашиднинг даври тинчлик ва барқарорлик даври бўлди. Тарихда қоладиган нохуш ҳодисалар деярли юз бермади. Фақат ҳижрий 176 (милодий 792) йилда Ҳасан ибн Алий зурриётидан бўлган Яҳё ибн Абдуллоҳ Дайлам юртида қўзғалон кўтариб, баъзи иқлимларни ўзига бўйсундирди. Ҳорун ар-Рашид ҳижрий 180 (милодий 796) йилда уни енгиб, қўзғалонни бостирди.

Хаворижлар

Ҳорун ар-Рашиднинг даврида хаворижларнинг ҳам шиддатли қўзғалони бўлиб ўтди. Валид ибн Торийф Шорий деган кучли бир одам бошчилигидаги бу қўзғалон ҳижрий 178 йилда Арабистон яриморолида уюштирилди. Халифаликнинг лашкарлари бориб, Валид ибн Торийф Шорийни қийинчилик билан енгди ва йўқ қилди.

Зиндиқлар

Улар Журжонга эга бўлиб олиб, у ерда фисқу фасодларини давом эттиришди. Ҳорун ар-Рашид ҳижрий 181 (милодий 797) йилда уларни ҳам тинчитди.

Бармакийлар балоси

Бармакийлар асли мажусий форслар бўлиб, катта нуфузга эга эдилар. Улардан чиққан амирлар ва вазирлар бор эди. Бармакийлар Ҳорун ар-Рашиднинг даврида жуда кўп нарсаларга эга чиқиб, давлатнинг барча соҳаларини ўзларига бўйсундириб олишган эди. Аста-секин Ҳорун ар-Рашид уларни ҳам йўқ қилди. Ҳижрий 187 (милодий 803) йилда улар бутунлай тугатилди.

Улар нима учун ва қандай қилиб йўқ қилинганини ҳеч ким билмайди. Тарихчилар томонидан ҳам бу борада ноаниқ, ихтилофли гаплар айтилган бўлиб, аниқ, ишончли маълумотлар келтирилмаган.

Хуросон қўзғолони

Хуросонда Рофиъ ибн Лайс ибн Наср ибн Сайёр деган одам бошчилигида ниҳоятда шиддатли қўзғалон кўтарилди. Бу қўзғалон Хуросон волийсининг қаттиққўллиги ва мустабидлиги натижасида чиққан эди. Ҳорун ар-Рашид волийни ишдан бўшатиб, ҳибсга олди. Лекин шунда ҳам қўзғалон давом этаверди. Кейинчалик Рофиъ Маъмунга қарам бўлди.

Фатҳлар

Ҳирақланинг фатҳ қилиниши

Рум юртларидаги фатҳ ишлари тўхтамаган, гоҳида Ҳорун ар-Рашид бу ишларни ўзи бошқарар эди. Ҳижрий 187 йилда румликлар аҳдларини бузиб, ўзларига Нақфурни волий қилиб тайинладилар. У Ҳорун ар-Рашидга қуйидаги мактубни ёзди:

«Румнинг подшоҳи Нақфурдан арабларнинг подшоҳи Ҳорун ар-Рашидга. Ушбу мактубимни ўқиганингда сенга олиб борилган молларни менга қайтаргин. Ўзингни ўзинг шу тариқа қутқариб олгин. Акс ҳолда, сен билан бизнинг орамизда қилич».

Ҳорун ар-Рашид мактубни ўқиб, аччиқланди, ғазаби қўзғади ва унга қуйидаги мактубни ёзди:

«Мўминларнинг амири Ҳорун ар-Рашиддан Румнинг ити Нақфурга. Эй кофиранинг ўғли, мактубингни ўқидим. Жавобни кўрасан, эшитмайсан».

Ҳорун ар-Рашид катта лашкар билан юриш қилди. Пойтахт Ҳирақлага кирди ва румликлар устидан ғалаба қозонди. Подшоҳнинг қизини асир қилди ва кўпгина нарсаларни ўлжага олиб, уларга жизяни фарз қилди.

Қубрус аҳли аҳдномани бузган эди, Ҳорун ар-Рашид уларни ҳам бўйсундирди.

Ҳорун ар-Рашиднинг вафоти

Ҳорун ар-Рашид ўзидан кейин ўғиллари Амин ва Маъмунлар халифа бўлишига аҳднома қилди. Бу жуда катта бир фитнанинг эшигини очди. Шундан кейин ака-укалар орасида фитна чиқди. Минглаб мусулмонларнинг умрига завол бўлди. Ҳорун ар-Рашид ҳижрий 193 (милодий 809) йилда вафот этди. Унинг ҳукмдорлиги 23 йил давом этди.

«Ислом тарихи» иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Милодий олтинчи асрда оламда инсоният ўзини ўзи ўлдиришга рози бўлибгина қолмай, балки бу ишга ошиқар эди. Гўёки у бу ишни қилиш учун назр атаган ёки қасам ичгану, давоми...

3619 15:49 / 13.01.2023
Исмоил алайҳиссаломнинг қиссалари, у зотнинг ҳаётлари ҳақида юқоридаги саҳифаларда .Исмоил алайҳиссалом, сарлавҳаси остида батафсил сўз юритганмиз. Бу ерда эса давоми...

3826 07:20 / 10.06.2019
Уҳуд ғазоти тугагач мусулмонлар ўзларидан шаҳид кетганларни қидира бошладилар ва қонга беланган, икки қўли узилган, юз кўринишидан дунёдан кўз юмишидан аввал давоми...

3839 16:32 / 01.04.2021
Ҳомон ndash фиръавннинг вазири. У ҳар доим фиръавн қиладиган ёмонликларга бошқош бўлиб келган.Фиръавн, Ҳомон ва уларнинг аскарлари Бану Исроилдан нима учун давоми...

5020 18:10 / 15.05.2019
Аудиолар

221065 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

140090 14:35 / 11.08.2021