1447 йил 2 ражаб | 2025 йил 22 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат

Ҳар бир ишда Аллоҳнинг исмини зикр қилиш

12:25 183 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: غَطُّوا الْإِنَاءَ، وَأَوْكُوا السِّقَاءَ، وَأَغْلِقُوا الْبَابَ، وَأَطْفِئُوا السِّرَاجَ، فَإِنَّ الشَّيْطَانَ لَا يَحُلُّ سِقَاءً، وَلَا يَفْتَحُ بَابًا، وَلَا يَكْشِفُ إِنَاءً، فَإِنْ لَمْ يَجِدْ أَحَدُكُمْ إِلَّا أَنْ يَعْرُضَ عَلَى إِنَائِهِ عُودًا وَيَذْكُرَ اسْمَ اللهِ فَلْيَفْعَلْ، فَإِنَّ الْفُوَيْسِقَةَ تُضْرِمُ عَلَى أَهْلِ الْبَيْتِ بَيْتَهُمْ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

وَلَفْظُ أَبِي دَاوُدَ: أَغْلِقْ بَابَكَ وَاذْكُرِ اسْمَ اللهِ، وَأَطْفِئْ مِصْبَاحَكَ وَاذْكُرِ اسْمَ اللهِ، وَخَمِّرْ إِنَاءَكَ وَاذْكُرِ اسْمَ اللهِ، وَأَوْكِ سِقَاءَكَ وَاذْكُرِ اسْمَ اللهِ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Идишларнинг устини ёпинг. Мешларни(нг оғзини) боғланг. Эшикларни беркитинг. Чироқларни ўчиринг. Чунки шайтон мешларни(нг боғичини) еча олмас. Эшикларни оча олмас. Идишларнинг устини очолмас. Агар бирортангиз ҳеч нарса топа олмаса, идишининг устига бир чўпни кўндаланг қўйиб бўлса ҳам, Аллоҳнинг исмини зикр қилиб қўйсин. Албатта, фосиқча уй аҳлининг устидан уйларига ўт қўйиб юборур», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Абу Довуднинг лафзида:

«Эшигингни беркит. Аллоҳнинг исмини зикр қил. Чироғингни ўчир. Аллоҳнинг исмини зикр қил. Идишингнинг устини ёп. Аллоҳнинг исмини зикр қил. Мешингни(нг оғзини) боғла. Аллоҳнинг исмини зикр қил», дейилган.

Ушбу ҳадиси шарифнинг турли лафздаги икки ривояти бир-бирини тўлдириб келмоқда. Уларда кундалик ҳаётимизда доимо учраб турадиган ва амал қилишимиз лозим бўлган тўрт иш ҳақида сўз кетмоқда. Икки ривоятни бир-бирига қўшиб ўргансак, анчагина ҳукмлар чиқади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан биз, умматларига бошқаларнинг кўзида арзимас бўлиб кўринса ҳам, аслида ўта муҳим бўлган ишларда иршод бермоқдалар.

1. «Эшигингни беркит. Аллоҳнинг исмини зикр қил».

Мусулмон одам ҳар бир нарсада Аллоҳнинг зикрини унутмаслиги лозим. Мана, кечқурун ётишдан олдин эшикни беркитиб қўйишда ҳам Аллоҳнинг исмини зикр қилиш керак экан.

Албатта, эшикни беркитиб қўйишда уй эгаси учун кўплаб фойдалар бор. Зотан, эшикнинг ўзи беркитиш учун қурилади. Эшик беркитилмаса, уйга турли зарарли ҳашаротлар, ҳайвонлар кириб, зарар етказиши мумкин. Эшик беркитилмаса, уйга ўғри кириши осонлашади. Ёки уй ичига бегоналарнинг, номаҳрамларнинг кўзи тушишининг ўзи мусулмон оила учун катта кўнгилсизликдир.

Демак, эшикни беркитиш кўпгина нохушликлардан сақланишга сабаб бўлар экан.

2. «Чироғингни ўчир. Аллоҳнинг исмини зикр қил».

Ушбу набавий амрга амал қилган ҳолда ҳар бир мусулмон кечқурун чироғини ўчириб ётиши лозим бўлади. Чироқни ўчирмай ётишда зарар борлиги сир эмас. Бу ишнинг зарарларидан бири ҳадиси шарифнинг ўзида айтиб ўтилмоқда:

«Албатта, фосиқча уй аҳлининг устидан уйларига ўт қўйиб юборур».

Бу жумладаги «фосиқча» сичқондир. Сичқон қандай қилиб уй аҳлининг устидан уйларига ўт қўйиб юбориши мумкин? Кечаси чироқни ўчирмай ётганда ўша замондаги пиликли чироқнинг липпиллаб ёнаётганини кўрган «фосиқча» пилдираб ўтиб кетаётиб, уни туртиб, йиқитиб юбориши мумкин. Шу билан қарабсизки, уйга ўт кетиб турибди-да!

Кечаси заруратсиз чироқни ўчирмай ётганда бундан бошқа кўнгилсизликлар ҳам бўлиши мумкин. Ҳеч бўлмаганда, кечаси билан беҳуда ёниб чиққан чироқдан оила иқтисодига зарар етиши турган гап.

3. «Идишингнинг устини ёп. Аллоҳнинг исмини зикр қил».

Ушбу ҳадиси шарифнинг бу жойда келтирилишига айнан ушбу жумла сабаб бўлган. Демак, озиқ-овқат ва ичимликлар турадиган идишларнинг устини ёпиб юриш керак. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни алоҳида таъкидлаб айтмоқдалар:

 «Агар бирортангиз ҳеч нарса топа олмаса, идишининг устига бир чўпни кўндаланг қўйиб бўлса ҳам, Аллоҳнинг исмини зикр қилиб қўйсин», демоқдалар.

Уламо аҳли ушбу жумлани тушунтириш учун ёзган шарҳларида «Чўп сабаб бўлади, холос. Қўришни Аллоҳнинг исми юзага чиқаради», деганлар.

Ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, идишининг устини ёпиб юрганлар суюқ ва қуюқ таомларига, ичимликларига турли ҳаром-хариш, зарарли ва шубҳали нарсалар тушиб қолишидан четда бўладилар.

4. «Мешингни боғла. Аллоҳнинг исмини зикр қил».

Бу ерда таом сақланадиган меш, қоп, саноч сингари оғзи ип билан боғланадиган идишларнинг оғзини боғлаб юриш кераклиги ҳақида гап кетмоқда. Агар эътибор берадиган бўлсак, ушбу ишларнинг барчасини Аллоҳнинг исмини зикр қилган ҳолда амалга ошириш кераклиги қайта-қайта таъкидланмоқда. Ҳа, доимо Аллоҳнинг исмини айтиб иш қилиш керак. Ана ўшандагина Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек:

«Бас, шайтон мешларни еча олмас. Эшикларни оча олмас. Идишларнинг устини очолмас».

Агар Аллоҳнинг исми зикр қилинмаса, қанчалик ўраб-беркитган билан барибир шайтон таом ва ичимликлардан ўз насибасини олар экан.

Ҳаётимизда ушбу ҳадиси шарифга амал қилишга эҳтиёжимиз кўп. Мана, ўрганиб олдик, энди амал қилишга ўтайлик. Амал қилишга ўтганимизда ҳам, «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларига амал қилмоқдаман», деган ният билан ўтайлик. Ана ўшанда икки дунё яхшилигига эришамиз. Агар фақат дунёвий манфаатнигина ўйлаб амал қилсак, ўша нарсага эришамиз, холос. Чунки ҳар бир кишига ниятига яраша берилади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 16-жуз

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 17 июндаги 03-07/3903- рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси таҳажжудга давоми...

2210 15:54 / 20.08.2023
. .Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етти жойда намоз ўқишдан наҳий қилдилар ахлатхонада, давоми...

4916 18:00 / 22.08.2021
r . . Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғидаги бола эдим. Қўлим давоми...

1220 15:17 / 13 июнь
. ,. . ,. . . Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Биз мўъжизаларни барака деб ҳисоблар эдик. Сизлар уларни қўрқитиш давоми...

2416 14:00 / 30.11.2023
Видеолар

591 16:41 / 19 декабрь
Аудиолар

215698 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

134880 14:35 / 11.08.2021