1447 йил 26 жумадис сони | 2025 йил 17 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Куфа аҳли орасида чиққан биринчи хилоф

15:25 / 16 декабрь 458 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Йигирма бешинчи ҳижрий йилда ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни Куфанинг амирлигидан бўшатдилар. Бу ишга асосан Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг ўз харожчилари бўлган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу билан қилган хилофлари сабаб бўлди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг масъулиятидаги Байтулмолдаги маблағдан қарз олган эди. Вақти келганда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан олган молини Байтулмолга қайтаришини талаб қилди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу у молни топа олмай, муддатни чўзишни сўради. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эса бунга кўнмади ва икковлари айтишиб қолдилар. Унисининг ҳам, бунисининг ҳам атрофида тарафдорлар тўпландилар. Бу Куфа аҳли орасида чиққан биринчи хилоф эди.

Халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бу ишдан қаттиқ ғазабландилар ва Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни ишдан бўшатиб, ўринларига Валид ибн Уқба ибн Абу Муъайтни тайинладилар.

Ўша пайтда мусулмонлар фатҳ қилган жойларнинг орасида Армения (Арманистон) фатҳ қилинмай қолган эди. Бу юрт жуда ҳам қулай ерга жойлашгани учун уни Рум ва Форс жамиятлари ҳам доимо талашиб турар эдилар. Армения Форс билан доимий равишда урушиб турар эди. Уларнинг орасидаги низога диний омиллар асос қилиб кўрсатилар эди. Шу билан бирга, арманлар бир динда – насоро динида бўлган румликлар билан ҳам уруш ҳолатида эдилар. Бу ерда мазҳаб масаласи ўртага тушар эди. Бу хилдаги низолар арманларнинг тинкасини қуритган эди.

Ана шу омилларни эътиборга олиб, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Арменияни фатҳ қилишга қарор қилдилар. У киши Валид ибн Уқбага амр қилдилар. У Озарбайжон томонидан Салмон ал-Боҳилий қўмондонлигида Армения томон ўн икки минг лашкар юборди.

Халифанинг амрига биноан, Муовия ибн Абу Суфён Шом томондан Ҳабиб ибн Маслама ал-Феҳрий бошчилигида Армения фатҳи учун лашкар юборди. Маълум муддат жанг бўлганидан сўнг арманлар сулҳ сўрадилар. Орада сулҳ тузилди.

Кейинчалик Румнинг аралашгани ва бошқа сабабларга кўра бу ердаги ишлар чигаллашиб кетди. Тарихчиларимиз Армения фатҳи учун йигирма бешинчи йили борган фотиҳлар ўттиз бешинчи йилгача ўша ерда қолиб кетишганини алоҳида таъкидлайдилар.

Йигирма бешинчи йили ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу томонидан Шомга бош волий этиб тайинланган Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу у кишининг амри ила Румнинг Амурийя, Туртус ва Антокия деган жойларини фатҳ қилди. Ўша пайтда унинг фотиҳи Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу Мисрга волий эди. Йигирма бешинчи йили ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ўлдирилганидан руҳланган Қустантиниядаги румликлар ўзларининг Искандариядаги биродарларига хат ёзиб, мусулмонлар билан тузган сулҳни бузишга чақирдилар. Бу чақириқ уларга ёқиб тушди. Аммо Мисрдаги Муқавқис шарафли одам бўлганлиги учун аҳдида турди. Румнинг катта ададдаги лашкари Искандарияга келиб тушди. Бу хабар Амр ибн Оссга етганда у ўз лашкари билан Искандария томон юрди. Искандариядагилар ҳам улар томон юрдилар. Икки лашкар Миср билан Искандария орасидаги бир жойда тўқнашдилар. Жангда румликлар енгилиб, Искандария томон қочдилар. Мусулмонлар уларни қувиб бориб, шаҳар ичкарисига кирдилар. Шу билан бу фитна ҳам бостирилди.

Ўша йили ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг амрлари билан Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Саъд розияллоҳу анҳуни Африқонинг шимол тарафини фатҳ қилиш учун юборди. У Тороблус, Тонжа ва бошқа жойларни фатҳ қилди. Абдуллоҳ ибн Саъд қайтиб келганидан сўнг халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан Африқо фатҳини давом эттиришга изн сўради. У киши рухсат бердилар ва: «Агар Аллоҳ сенга фатҳни насиб этса, ўлжанинг бешдан бирининг бешдан бири ўзингга», дедилар. Абдуллоҳ ибн Нофеъ ибн Абдул Қайс ва Абдуллоҳ ибн Нофеъ ибн ал-Ҳусойн­ларни аскарбоши этиб тайинладилар. Уларга Абдуллоҳ ибн Саъдга қўшилишни амр қилдилар. Улар ўзларининг шижоатли мусулмонлардан ташкил топган ўн минглик лашкарлари билан Миср ерларини кесиб ўтиб, Африқо томон юрдилар. Африқонинг подшоҳи улар билан сулҳ тузди. Улар Африқонинг ичкариси томон бормадилар.

Айни ушбу йигирма бешинчи ҳижрий санада ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу қиёматгача мадҳи сўнмайдиган улкан ишни амалга оширдилар. Қуръони Каримни жамлаб, барча мусулмонларнинг Қуръон ҳақида ихтилоф қилишдан сақланиб қолишларига сабаб бўлдилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 22-жузидан олинди


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2020 йил 10 мартдаги 1801-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Умматимдан етмиш минг киши ҳисоб қилинмасдан жаннатга кирадилар, давоми...

2839 11:30 / 02.01.2022
Муҳаббат бу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафиқул аълога интиқол қилганларидан сўнг Мадинада тура олмай, азон айтолмай қолган Билол розияллоҳу давоми...

1931 17:00 / 23.11.2022
УМАР ИБНИ ҲАТТОБНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛЛАРИ СИФАТ ВА ОИЛАЛАРИУмар ибни Ҳаттоб қорувли, узун бўйли, қуюқсоқол мўйловли, бошларининг олд томони сочсиз, икки қўллари билан давоми...

22965 20:19 / 21.04.2017
Ибн Саъд Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилади Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Байтулмолидаги моллар одамларга тақсимланганидан кейин ҳам яна ортиб қолди. давоми...

1518 10:01 / 19 май
Аудиолар

214162 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

133357 14:35 / 11.08.2021