1447 йил 20 жумадис сони | 2025 йил 11 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Замзам сувининг тарихи

16:51 / 10 декабрь 957 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Замзамнинг тарихи ҳақидаги маълумотларни Имом Бухорийнинг «Жомеъус-саҳиҳ» китобларининг «Бадъул халқ» бобида ривоят қилинган ҳадиси шарифдан иқтибос келтириш билан бошласак.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят килинади:

«Аёлларнинг минтақ* тутиши биринчи бўлиб Исмоилнинг онаси тарафидан бўлган. У изини Сорага кўрсатмаслик учун минтақ тутган эди. Кейин Иброҳим уни ва унинг фарзанди Исмоилни олиб келиб, Байтнинг ёнига, улкан дарахт олдига масжиднинг тепа томонидаги Замзамнинг устига қўйди. У уни эмизар эди. У пайтлар Маккада на бирор одам, на сув бор эди. Икковларини ўша ерга қўйди ва олдиларига бир халта хурмо ҳамда бир сувдонда сув қўйди. Кейин Иброҳим йўлга тушмоқчи бўлиб, ортига отланган эди, Исмоилнинг онаси унга эргашиб: «Эй Иброҳим! Бизларни на бир инсон, на бир нарса бор бу водийга ташлаб, қаерга кетяпсиз?» деди. У буни унга бир неча марта айтди. (Иброҳим) эса унга қарамай туриб олди. (Ҳожар) унга: «Буни сизга Аллоҳ буюрдими?» деди. У: «Ҳа», деди. (Ҳожар:) «У ҳолда У Зот бизни зое қилмайди», деб, сўнг ортига қайтди. Иброҳим йўлга тушди. Ниҳоят, улар кўрмайдиган жойга довонга етганида Байт томонга юзланди. Кейин қўлини кўтариб, ушбу сўзларни айтиб, дуо қилди: «Роббимиз, ҳақиқатда, мен ўз зурриётимни Байтул Ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим, намозни тўкис адо этишлари учун. Роббимиз, бас, Ўзинг одамлардан баъзиларининг қалбларини уларга талпинадиган қилгин ва уларни мевалардан ризқлантиргин. Шояд, шукр қилсалар» (Иброҳим сураси, 37-оят).

Исмоилнинг онаси Исмоилни эмизиб, ҳалиги сувдан ича бошлади. Ниҳоят, сувдондаги сув тугагач, чанқай бошлади. Ўғли ҳам чанқади. (Ҳожар) унинг буралаётганини (ёки ўзини ерга ураётганини) кўриб, бунга қараб туришга чидай олмай, юра бошлади. Сафонинг ўша ерда ўзига энг яқин тоғ эканини кўриб, унинг устига чиқиб, турди. Кейин бирор кишини кўриб қолармиканман деб, водийга қаради. Ҳеч кимни кўрмади. Сафодан тушди. Ниҳоят, водийга етганида кўйлагининг этагини кўтарди-да, оғир аҳволга тушган инсон югуришидек югура кетди. Ҳатто водийдан ўтиб кетди. Кейин Марвага келиб, унинг устига чиқиб турди ва бирор кишини кўриб қолармиканман деб қаради. Ҳеч кимни кўрмади. Етти марта шундай қилди.

- Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг шу иккиси (Сафо-Марва) орасида саъй қилишлари шундан», деган эдилар.

- Марванинг устига чиққанда бир овоз эшитди. Ўзига-ўзи «Жим тур», деди-да, қулоқ тутди, яна эшитди. «Эшиттириб бўлдинг, агар сенда бирор ёрдам бўлса...» деди. Қараса, Замзамнинг ўрнида фаришта турибди.

У товони билан (ёки қаноти билан) кавлади, ниҳоят, сув чиқди. (Ҳожар) буни қўли билан мана бундай қилиб ҳовуз қила бошлади. Сўнг сувдонига сувдан ҳовучлаб қуя бошлади. Ҳар ҳовучлаб олганидан кейин, у отилиб чиқар эди.

- Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ Исмоилнинг онасини раҳматига олсин, Замзамни қўйиб берганида эди, (ёки сувдан ҳовучлаб олмаганида эди) Замзам оқар булоқ бўлар эди», деган эдилар.

- У ундан ичди ва боласини эмизди. Фаришта унга: «Зое бўлишдан қўрқманглар. Чунки мана шу ерда Аллоҳнинг уйи бўлади, (уни) шу бола ва унинг отаси қуради. Албатта, Аллоҳ унинг аҳлини зое қилмайди», деди.

Байт ердан кўтарилган, худди тепалик каби эди. Селлар келиб, унинг ўнгидан ва чапидан олар эди. У ана шу аҳволда экан, уларнинг олдига Журҳумдан* йўловчилар (ёки Журҳумдан бир оила) Кадо* йўлидан юриб келиб қолишди ва Макканинг пастига тушишди. Улар айланаётган қушни қўриб қолишди. «Бу қуш сувнинг устида айланяпти. Аниқ биламизки, бу водийда сув йўқ», дейишди. Бир ё икки чопар юборишди. Қарашса, сув. Ортга қайтиб, уларга сувнинг хабарини беришди. Шунда улар келишди. Исмоилнинг онаси сув олдида эди. Улар: «Ёнингга тушишимизга изн берасанми?» дейишди. У: «Ҳа, лекин сувда сизларнинг ҳаққингиз йўқ», деди. Улар: «Хўп», дейишди.

- Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Исмоилнинг онаси унс-улфат, истаб турганида у (киши) уни учратди», деганлар.

Улар тушишди ва ўз аҳлларига одам юборишди. Улар ҳам булар билан бирга тушишди. Ниҳоят, бу ерда улардан оилалар пайдо бўлди.

Бола улғайиб, улардан арабчани ўрганди. Улғайганда уларни ўзига ром қилди ва уларга ёқиб колди. У вояга етгач, уни ўзларидан бир аёлга уйлаб қўйишди. (Кейинроқ) Исмоилнинг онаси вафот этди.

Кейинчалик Журҳум қабиласи Аллоҳ таолога гуноҳ ва Байтуллоҳга ҳурматсизлик қилгани учун Замзам суви қуриди ва қудуқнинг ўзани кўмилиб кетди.

Замонлар ўтиб, авлодлар бирин-кетин келиб, кетди.

Абдулмутталиб бир куни Каъбаи муаззаманинг ёнида ухлаб ётганида тушида биров келиб: «Тийбани кавла», деди.

«Тийба нима?» деди Абдулмутталиб.

Сўнгра ҳалиги овоз эгаси ғойиб бўлди. Эртасига яна ўша жойда ухлаб ётганида кечаги киши тушига кириб:

«Баррани кавла», деди.

«Барра нима?» деди Абдулмутталиб.

* Сўнгра ҳалиги овоз эгаси ғойиб бўлди. Эртасига яна ўша жойда ухлаб ётганида кечаги киши тушига кириб:

«Мазнунани кавла», деди.

«Мазнуна нима?» деди Абдулмутталиб. Сўнгра ҳалиги овоз эгаси ғойиб бўлди. Эртасига яна ўша жойда ухлаб ётганида кечаги киши тушига кириб:

«Замзамни кавла», деди.

«Замзам нима?» деди Абдулмутталиб.

«У ҳеч қуримас ва ёмонланмас. Кўп ҳожиларни суғорур. У тезак ва қон бор жойда. Қарға ер чўқиётган жойда. Чумолилар бор жойда», деди. Абдулмутталиб уйқусидан туриб бориб, одамлар ҳайвонларини сўядиган жойни ҳозирги Замзам қудуғи ўрнини топди. У ерда қарға ер чўқиб турар, чумоли ғизиллаб юрар эди.

Абдулмутталиб ўша ерни қазий бошлади. Ўша пайтда фақат биргина тўнғич ўғли Ҳорис бор эди. Оғир ишни амалга оширишда ўзи ёлғиз жуда қийналди. Лекин бор кучини ишга солиб, жон-жаҳди билан ер қазиди.

У ўз мақсади йўлида ҳар қандай ишни қилишга, ҳар қандай машаққатга дош беришга одатланган эди. Ҳеч бўшашмай, ер ковлашда давом этди. Қурайшликлар эса «Қани, нима бўлар экан», деб уни узоқдан кузатиб туришар эди.

Абдулмутталиб сувни кўрганида: «Аллоҳу, акбар!» деб такбир айтди. Қурайшликлар унинг ўз мақсадига эришганини англашди. Кейинроқ Абдулмутталиб қудуқ қазишда давом этиб, унинг атрофидан Исмоил алайҳиссаломдан қолган табаррук нарсаларни ҳам бирин-кетин топа бошлади. У Замзамни қайта кавлаб битирганидан кейин қурайшликлар унга эгалик қилишда: шерик бўлмоқчи бўлишди. Улар Абдулмутталибга: «Бу Исмоилнинг қудуғи, шунинг учун унга эгалик қилишда биз ҳам сенга шерик бўлишимиз керак», дейишди.

Абдулмутталиб эса: «Бу қудуқни ўзим қазидим, менинг ўзим эгалик қиламан», деб, уларнинг талабини рад қилди.

Аммо улар Абдулмутталибнинг яхшилигини билганларидан, ўзларига ҳам Замзамдан фойдаланишга ижозат беришига ишонганларидан бир мунча вақтгача гапларидан қайтишди».

Изоҳ: «Минтақ» - тананинг пастки қисмига ўраб олинадиган изор каби кийим. У аввалда худди пешбанд сингари хизмат вақтида кийиладиган аёллар кийими бўлган. Ҳожар онамиз Сора онамизнинг рашкини пасайтириш мақсадида ўзини унинг хизматига шай қилиб кўрсатиш, ўзини унинг олдида хизматкордек тутиш учун минтақ тутган.

«Журҳум» - қадимий араб қабилаларидан. Улар асли яманлик бўлган.

«Кадо» - Маккадаги юқори довон қирғоғидаги тоғ. Баъзан мазкур довоннинг ўзи ҳам шу ном билан номланган.

Дарҳақиқат, кейинроқ ҳаммалари Замзам сувидан ичиб, баракасидан баҳраманд бўлдилар. Улар ўзларига иззат ва каромат қайтиб келганидан хурсанд эдилар. Чунки Замзам Иброҳим ва Исмоил алайҳимуссалом ҳамда Ҳожар онамизга тегишли нарса бўлиб, бу зотлар арабларнинг фахри эди.

Асрлар давомида Замзам қудуғида бир неча бор ўзгаришлар бўлди. Улардан баъзиларини эслаб ўтамиз.

Халифа Ҳорун ар-Рашид даврида қудуқ бир неча аршин чуқурроқ қазилди. Халифа Махдийнинг даврида ҳам шунга ўхшаш иш қилинди. Халифа Амийннинг даврида унинг чуқурлиги қирқ аршинга етди.

Халифа Муътасимнинг давригача Замзам қудуғининг усти очиқ бўлган, кейинроқ унинг усти ёпилган. Вақт ўтиши билан бошқа ўзгаришлар ҳам киритилган.

Саудийлар даврида кўпгина ишлар қилинди ва қилинмоқда. Ҳижрий 1377, милодий 1957 санада тавоф қилувчиларга қулайлик туғдириш мақсадида Замзам уйи ер остига олинди. Унинг устидан ҳам тавоф қилиш йўлга қўйилди. Қудуқнинг ўзига темир-бетондан девор қилиниб, устига мармар қопланди.

Ҳижрий 1399, милодий 1979 санада Замзам қудуғининг чуқурлиги ўн саккиз метр олтмиш сантиметр эди.

Аббосий халифалик даврида Замзам суви қудуқдан тортиб олиниб, усти очиқ ҳовузларга қуйилар ва одамлар сувни улардан олишар эди. Кейинчалик сув сақланадиган омборларга жўмраклар қўйилди. Замзамчилар мешкобларда одамларга сув тарқатадиган бўлишди.

Ҳижрий 1383 санадан бошлаб, Замзам сувини махсус насосларда тортиб олиш йўлга қўйилди. Ҳарами Шарифнинг остига тортилган сувни тўплаб, совутадиган марказ қилинди. Бу марказ Марванинг остида бўлиб, марказ ва унга тегишли барча нарсалар сўнгги замонавий асбоб-ускуна билан жиҳозланган. Марказдаги сувга Замзамнинг ўзидан қилинган муз қўшилади. Сўнгра ҳамма тарафларга тарқатилади. Ҳозирда Ҳарами Шарифнинг ўзида етти юз ўттиз учта жўмракдан сув ичиш мумкин. Бунинг устига, саккиз мингта махсус катта термослар ҳам доимий равишда Замзам билан тўлдириб турилади.

Аммо Замзамни тарқатишда шу билан кифояланиб қолинмайди. Ҳарами Шарифдан узоқроқ жойларга Замзамни идишларда олиб кетиш учун марказлар қилинган. Улардан миллионлаб ҳожи ва умра қилувчилар кўтарганларича олиб кетишмоқда. Сув ташиш машиналарида тинмай Мадинаи Мунавварага ва Саудиянинг бошқа шаҳарларига Замзам ташилади.

Шунчалар кўп ишлатилишига қарамай, кичкина бир қудуқнинг суви ҳеч камаймаслигининг ўзи катта мўъжизадир.,

Охирги сел пайтида Замзам мўъжизасини кўрган икки кишининг айтишларича, Ҳарами Шарифни сел лойқаси қоплаганида Замзам лойқанинг устидан кўтарилиб, тоза, покиза ҳолида отилиб чиқиб тураверган. Лойқа кўтарилса, Замзам ҳам кўтарилиб бораверган. Сел қайтиб, лойқа пасайганда, Замзам ҳам унинг устида пасайиб-пасайиб, охири ўз ўрнига тушган.

Аллоҳ таоло барчамизга Замзамдан қайта- қайта тўйиб ичишни ва мақсадларимизга етишни мушарраф қилсин! Омин!

Макка, Каъба, Замзам тарихи, ҳаж ва умра маносиклари» китобидан.

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 7 сентябрдаги 03-07/ 6905-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳажжи акбар ndash энг улуғ ҳаж, катта ҳаж маъносида бўлиб, кимнинг ҳажи мазкур ҳажга тўғри келса, етмиш ҳажнинг савобига эга бўлади. Бу ҳақида Расулуллоҳ с.а.в.дан давоми...

8808 05:00 / 16.01.2017
Сўнгра одамлар қайтиб тушган жойдан тушинглар. Ва Аллоҳдан мағфират талаб қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир. Бақара сураси, 199оятИслом давоми...

4683 18:44 / 23.08.2017
Ҳaжжи бaдaл қaндай узрлaр сабабли жoиз бўлaдиЗиммасига ҳаж фарз бўлган ҳар қандай киши номидан бошқа бир кишини ҳaжжи бaдaл қилиш учун жўнатиш жoиз эмас. У, яъни ҳажжи давоми...

4282 05:00 / 16.01.2017
. Сиз парвардигорингизга намоз ўқинг ва қурбонлик қилингrdquo Кавсар 2 оят. . Ва туяларни сиз учун Аллоҳнинг нишонларидан қилдик. Уларда давоми...

5316 05:00 / 16.01.2017
Видеолар

570 14:42 / 08 декабрь
Аудиолар

212584 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

131805 14:35 / 11.08.2021