1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Мазҳаблар аввалдан бор бўлган

13:37 / 03 декабрь 303 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу тўрт мўътараф мазҳаблардан бошқа фиқҳ ва усулда салафлардан мутавотир ва мустафиз кўринишда нақл қилинган бошқа бирор мазҳабни топа олмаймиз.

Саҳобаи киром розияллоҳу анҳум даражалари нақадар улуғ ва катта бўлишига қарамай, уларнинг фиқҳлари ишончли йўл билан бизгача нақл қилинганми? Йўқ. Ҳадис китобларида нақл қилинганми? Йўқ. Фақат фиқҳий мазҳаблардагина, ишончли йўл билан нақл қилинган, деб айта оламиз, чунки биз мазҳаблар ўрганган фиқҳни саҳобаларнинг фиқҳи деб эътиборга оламиз. Ана шу фиқҳ кейинчалик ривожлантирилди, тартибга солинди, китобларга ёзилди. Масалан, Ибн Абу Шайбанинг ёки имом Абдурраззоқнинг ёзган мусаннафларида саҳобалардан жуда кўп ривоятлар келтирилган, аммо уларнинг аксари собит эмас. Агар ундаги ровийларни «рижол илми»га, яъни ровийлар ўрганиладиган илмнинг мезонига соладиган бўлсак, ривояти собит бўлганлар жуда озлигини кўрамиз. Шунингдек, саҳобалар табақанинг энг олийси бўлсалар, улардан етиб келган ривоятларнинг тагига етишни хоҳласак, буларнинг собит эканини топа олмаймиз. Шунинг учун Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган йўл – ҳанафий мазҳабининг улуғлари ўз мазҳабларида у зотдан ривоят қилган йўл, деб айтамиз.

Хўш, фиқҳни кимдан ёки қандай ўрганамиз?

Бир киши келиб, «Саҳобалар – тўрт мазҳаб дегани эмас» деса, «Майли. Муаммо йўқ, улар тўрт мазҳаб эмасдир. Лекин бундан бошқаси ҳам бор, деб даъво қиладиган бўлсангиз, улардан бошқа саҳиҳ нақл борлигини исботланг», деймиз.

Бу мазҳаблардан бошқа саҳиҳ йўл билан нақл қилинган бошқа бирор мазҳабни топа олмаймиз.

Нақл деганда тадвин, яъни чуқур ўрганилган ва китобларга ёзилган ривоятлар назарда тутилади. Фиқҳни тадвин қилганлар фақат тўрт мазҳаб соҳибларидир. Бундан бошқалари тадвин қилинмаган.

Мисол учун, имом Авзоъийнинг сўзларини ўрганмоқчи бўлсак, бу зот ижтиҳоднинг охирги босқичида бўлганлар. Ижтиҳоднинг тўртинчи асрида Шом диёрида қозилик ва ҳукм ишларига фақат имом Авзоъий бошчилик қилганлар. Агар биз бугун имом Авзоъийнинг сўзларидан ҳукм олишни хоҳласак, у зотнинг мазҳаблари ҳақида бир дона ҳам китоб, бир дона ҳам саҳиҳ нақл топа олмаймиз. Лекин имом Авзоъийнинг сўзларини ҳанафий ва шофеъий мазҳабларининг китобларидан излаб топишимиз мумкин. Менда магистратура илмий иши бор, унда имом Авзоъийнинг фиқҳи жамланган. Лекин фойдаланилган манбаларга қарайдиган бўлсангиз, ҳанафий, шофеъий ёки моликий мазҳабларининг китобларини кўришингиз мумкин. Демак, имом Авзоъийнинг мазҳабига ҳанафий ёки шофеъий мазҳабларининг китоблари асосида амал қилишимиз жоиз бўладими? Йўқ. Имом Шофеъийнинг мазҳабига ҳанафийларнинг китоби асосида амал қилиш жоиз бўладими? Йўқ.

Доим айтиладиган масалалардан бири бор, уни бугун ҳам такрорламоқчиман – мутъа никоҳи масаласи.

Ҳанафий мазҳабининг улуғ китобларидан бири – «Ҳидоя» асарида имом Марғилоний имом Молик мутъа никоҳини жоиз санаганини нақл қилганлар. Биргина шу масалада моликий уламолар номидан ҳанафий уламоларнинг китоби асосида ҳукм қилмоқчи бўлсак, айтинглар-чи, натижаси нима бўлади? Жамиятда фасод юзага келади. Жамиятга мутъа никоҳи жоиз, деган гап айтилади. Биргина масалада шунча муаммо. Демак, бугун жамиятнинг зое бўлишига олиб келадиган нарсаларга диққат қаратишимиз лозим экан.

Бундай фасодга нима сабаб бўляпти? Тўрт мазҳабга асосланмаган мана шунақанги бузуқ фатволар сабаб бўляпти. Натижада «Жомеъу фиқҳус-сунна», «Фиқҳу мазоҳибил-арбаъа», «Мавсуъатул-кувайтийя» каби асарлардан нақл қилиш юзага келяпти.

Фиқҳий мазҳабларни бундай кўринишда нақл қилиш тўғри бўлмайди. «Шофеъийлар бундай деган», «Моликийлар ундай деган», деявериш нималарга олиб келди? «Жавробга масҳ тортиш борасида имом Шофеъийда бир нақл бор», деган гапга олиб келди. Шофеъий мазҳабида аслида жавроб ҳақида бирорта ҳам баҳс бўлмаган. Шофеъийлар бу масалада ҳанафий мазҳабига, «соҳибайн»нинг, яъни имом Абу Юсуф билан имом Муҳаммаднинг сўзларига эргашади. Натижада «Бу Фалончидан, униси Фалончидан нақл қилинган», деган гаплар келиб чиқади. Ҳамма гапиравергани учун аслида ким гапирганини билмай қоламиз. Тагига етмасдан айтиладиган ҳар қандай гап дуч келган одамга нисбат берилаверади. Мана шу сабабдан фиқҳлар бир-бири билан аралашиб кетади. «Ҳанафийлар бундай деган, моликийлар ундай деган» каби гаплар тарқайди. «Саҳобалардан Фалончи, тобеъинлардан Фалончи, Фалончи, Фалончи…» деб, ҳар қандай гапларни тарқатиш билан илм зое бўлади.

Биргина масалада ҳанафийларнинг китобига асосан моликий мазҳабидан ҳукм нақл қилиш жамиятга қанчалик фасодни олиб келади. Ана энди Аллоҳ раҳм қилган зотлардан бошқалар томонидан бир мазҳабга асосланмасдан, таҳрир қилинмаган, мўътамад бўлмаган китобларга асосан берилаётган «Бундай, ундай» деган кўринишдаги фатволар нималарга олиб келишини тасаввур қилиб кўраверинг!

Демак, олдимизда икки ишдан ташкил топган муҳим нуқта турибди.

Аввало, тўрт мазҳабдан бошқа мутлақ мужтаҳидга оид саҳиҳ нақл билан етиб келган мазҳаб йўқ. Ҳатто саҳобалардан саҳиҳ йўл билан нақл қилинмаган. Саҳобаларнинг айтган сўзлари мазҳаб ичида нақл қилинганини кўришимиз мумкин. Лекин бир мазҳаб эътиборидан бу нарсани топа олмаймиз. Қолаверса, тўрт мазҳабдан бошқасида фиқҳ таҳрир ва тадқиқ қилинган ҳолда ёзилган китобларни топа олмаймиз.

Нақл ва китоб фақат тўрт мазҳабга хосланган.

Эй тўрт мазҳабдан бошқасига эргашаман дейдиганлар! Бу йўлнинг собит санади бўлмаса, унда бирор китоб ёзилмаган бўлса, қайси йўлга эргашмоқчисиз?

Энди бу нуқтадан бошқа бир нуқтага ўтайлик.

Фараз қилайликки, мутавотир нақл бор бўлсин, бу йўлда ёзилган китоб ҳам бор бўлсин. Масалан, имом Авзоъийга қарайлик. У кишидан таҳорат бобида ўнта мутавотир нақл ривоят қилинган. Намоз борасида беш-олтита фатво нақл қилинган. Бу масалаларнинг маъноси нима, қайдлари нима, шартлари нима, бу масалаларга ким фатво беради? Ҳеч ким!

Сиз Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг мазҳабига эргашар экансиз, у зотдан кейин келган юзта табақада масалаларнинг тафсилотлари атрофлича ёритиб келинганига, бу борада ҳавойи нафсга эргашишга ҳеч бир ўрин қолмаганига гувоҳ бўласиз. Бир мазҳабнинг низоми мана шундай изчилликда бўлади. Аммо олдимизда умумий фатволар бўлса, унинг қоидаларини топа оламизми? Топа олмаймиз.

Бугунги замонда умумий фатволарга эргашаман деган киши уларни ўзича шарҳлайди. Агар ўзича шарҳлайдиган бўлса, бу фатволар билан хоҳлаганича ўйин қилиши мумкин.

Бу фаразан эътиборга олганимиздаги ҳолат. Фатволар бор бўлса, шунинг ўзи кифоя қилмайди. Ўз мазҳабида мутахассис бўлмаган, уни чуқур ўрганмаган уламоларнинг табақаси бўлмаса, шарҳланган ва бир-бирини тўлдирадиган илм бўлмаса, умумий фатволар ҳеч нарсани ифода этмайди.

Бу мавзуга бошқа томондан ҳам бир қарайлик.

Айтинг-чи, фиқҳни ким ёзган? Ҳанафий фиқҳини Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний роҳимаҳуллоҳ ёзганлар. У зот ўз замонида «Ер куррасининг фақиҳи» дея эътироф этилганлар.

Шофеъий фиқҳининг бошланишини имом Шофеъийнинг ўзлари, сўнг имом Музаний ва у зотдан кейинги буюк уламолар ёзишган.

Моликий фиқҳини имом Ибн Қосим, Асад ибн Фурот каби уламолар ёзишган.

Ҳанбалий фиқҳини Абу Бакр Халлол жамлаганлар.

Айтмоқчи бўлганим шуки, фиқҳни ёзган ва тадвин қилган мазкур зотлар тенги йўқ забардаст уламолардир. Улар ўзлари ёзган нарсаларни атрофлича билган зотлар.

Яқин тарихда фиқҳга ҳаваскорлардан бири бўлган, Урдун учун бошга битган бало бўлган, одамларнинг динини бузиб берган бир кимса ҳақида тўхталсак. Бу кўринишдаги фасод ер юзининг бошқа бурчакларида ҳам тарқалган. Бу шахс фатвони ҳавойи нафсига кўра берар эди. У пайтларда интернет, ижтимоий тармоқ каби нарсалар ҳали ривожланмаган эди. Унинг фатволари овозли тасмаларга ёзиб олинарди. Илм талабидаги ёшлар унинг олдига келишар, бу одам уларга ҳар ой 100 динордан пул берар эди. Ўзи бу одам асли араб эмас, ажамлардан эди. Талабалар унинг овозли тасмасини китобга туширишарди. Бу одам биз билан университетда дарсга қатнаб юрар эди. Гапирганида иборалари тўғри чиқмас, сўзларни бир-бири билан аралаштириб юборарди.

Фаразан ўша одамни мужтаҳид деб олайлик. Унинг сўзларини ёзганлар кимлар? Ёзгани нима эканини билмайдиган ёш талабалар. Камига нашриёт унинг фатволари учун 40 минг динор берар эди. Бу ерда асосий мавзу пулдан бошқа нарса бўлмаган. Бу ердаги шайтоний васвасани кўряпсизми? Раҳмоний қўллаб-қувватлаш билан забардаст уламоларнинг ёзган китоблари қаёқдаю, бунинг китоблари қаёқда? У зотлар ёзган ҳар бир ҳарфнинг қиймати бор. Бу одам вафот этганида эса унга эргашганлардан баъзилари уни кофирга чиқаришди. Энди ўзлари орада бир-бири билан ихтилоф қилиб ётишибди, чунки бу шахс бутун умр такфир билан шуғулланди, шу қилмишига яраша Аллоҳ таоло уни шундай жазолади!

Мавзуимиздаги диққат қаратиш керак бўлган ўрин шуки, қўшни давлатларда ҳам шунга ўхшаш дин билан ўйнашадиган кимсалар бор. Бу ва бунга ўхшаганларнинг фатволари Урдунда ҳалигача нашр қилинади. Ҳалигача фатволари ўша-ўша тартибда жамланиб келади. Ўша Фалончига оид фатволарнинг 20 жилдлик тўпламини кўришингиз мумкин. Минг афсуски, бир қисмида эмас, бошидан охиригача «бидъат», «залолат», «ширк», «бидъат», «залолат», «ширк» деган сўзларни учратасиз. Китобда тасбеҳ ишлатиш ҳақидаги гаплар юз ёки минг маротаба, ишораи саббоба ҳақидаги гап ҳам яна шунча марта такрорланаверади.

Бундай ишларни ким қилиши мумкин? Буларни университетда ўқийдиган, иш излаб юрганлар қилади. Анави шахсларнинг тўрт мазҳабга қарши кураш учун ўйлаб топган фиқҳининг аҳволи мана шу.

Аллоҳ таоло сақлаган, дин имомларини хизмат қилдириб қўйган улуғ ва мўътабар мазҳабларни қаёқдаги жоҳил, динни ўйинчоқ қилган кимсаларнинг фатволари билан солиштириш тўғри бўлмайди.

Тўрт мазҳабдан бошқа ишончли нарса йўқ!

Бу мазҳаблар тарих мобайнида бор бўлган, одамлар орасида кенг тарқалиб, амалга татбиқ қилинган. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг фиқҳини олсак, бу фиқҳнинг юздан эллик фоизига амал қилинмайди. Хўш, бу нарса қандай вужудга келди? Тажриба ва амалдаги татбиққа қарайдиган бўлсак, қозилик масалаларида имом Абу Юсуфнинг сўзларига, қариндош-уруғчилик масалаларида имом Муҳаммаднинг сўзларига амал қилинган. Тўғрими?

Воқеликка қараб иш кўриладиган бўлса, баъзи фатволар кейинчалик амал қилишга лаёқатли бўлмаслиги мумкин. Буни «росмул-муфтий» орқали мутлақ мужтаҳид томонидан бериладиган фатволарда кузатишимиз мумкин. «Росмул-муфтий» зарурат, енгиллатиш ва машаққатни кетказиш учун қўйилган қоидалардан иборатдир. Натижада кўз олдимизда тажрибадан ўтган, амалга татбиқ қилинган, давлатлар асос қилиб олган, халқларни юксалтирган, жамиятни муваффақият томон етаклайдиган, қўшинларни йўналтириш, давлатни барпо қилиш, оилани мустаҳкамлаш ва бошқа томонлама дунёга ҳукмини ўтказган мазҳаблар юзага келган.

Тарих мобайнида асрлар оша тажрибадан ўтиб келаётган мазҳаблар қаёқдаю, бугун янги пайдо бўлган фикрлар қаёқда?

Кимдир улар амал қилаётган фатволарга амал қиладиган бўлса, унинг аҳволи фосиқнинг аҳволидан ҳам баттарроқ бўлади. Ақл юритишда фикри бузуқ, тутган йўли хато, ҳар нарсани хато томонга бурадиган, нафс тарбияси ва тазкияси йўқ кишига айланиб қолади.

Уммат ичига кириб келган мана шундай бузуқ фикрлар қаерда-ю, тарихда эшитиб, гувоҳи бўлганимиз, ҳукми жорий қилинганда жамиятга яхшилик олиб келган, эргашувчиларига улкан муваффақиятлар келтирган мазҳаблар қаерда?

Бу татбиқ биз учун жуда муҳим. Воқелик тўғрилигига гувоҳлик берадиган мазҳабларимиз бор. Бу муҳим нуқтани равшанлаштирадиган яна бир муҳим нуқта бор: бу мазҳабларни Аллоҳ қабул қилган, тарқатган, сақлаган ва уламоларни, ҳукмдорларни уларга бўйсундирган. Натижада бу нарса амал қилинадиган, у билан ҳукм қилинадиган ер юзидаги Аллоҳнинг динига айланди. Аллоҳ таоло шу тўрт мазҳабдан бошқасини қабул қилганини кўрмадик. Аллоҳ таолонинг иродасига назар ташлайдиган бўлсак, аввалги мужтаҳидларнинг биринчи ва иккинчи юз йиллигида қанча мужтаҳидлар бўлган. Лекин Аллоҳ таоло уларнинг ичидан тўрт мазҳаб имомларини танлаб олди, уларнинг илмини нақл қиладиган талабаларни етказиб чиқарди, уларнинг илмини ўрганиб, амалга татбиқ қиладиган уламоларни эргаштирди. Қабул масаласи Аллоҳ таолонинг иродасига боғлиқ нарса, У Зот бу қабулиятни ушбу мазҳаблардан бошқасига насиб қилганини кўрганимиз йўқ.

Юқорида айтиб ўтилган мавзунинг хулосасини зикр қилиб ўтдик. Зеро, бу мазҳабларга буюк уламолар хизмат қилишган, бу мазҳаблар одамларнинг ҳаётдаги эҳтиёжларини қоплайди. Бу мазҳабларнинг мустаҳкам усул-қоидалари бор. Улар – амалга татбиқ қилиниб, замонлар оша мутавотир йўл билан бизгача етиб келган, китобларга ёзилган, Аллоҳ таоло қабул қилган мазҳаблардир.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Салоҳ Абул Ҳож
Таржимон
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бугунги жарҳ ва таъдил китобларига ишона оламизми Фақат кучли уламоларнинг таҳқиқлари остида нашр қилинган нусхаларигагина ишонсак бўлади, лекин у ербу ердан давоми...

949 16:27 / 01 сентябрь
Фиқҳrdquo сўзи луғатда фаҳм қилмоқrdquo, фаҳмлашrdquo, англамоқrdquo ва тушунмоқrdquo каби маъноларда бўлиб, у оддий фаҳмлашrdquo эмас, балки диққат билан чуқур англаб олиш, давоми...

6689 16:16 / 28.03.2017
Фақиҳлар ҳукмларни татбиқ қилишади. Бу ҳукмлар эса мужтаҳидларнинг сўзларидан олинган бўлади. Шундан келиб чиқадики, бу борада иккита илм бор ҳукмни чиқариб олиш давоми...

1430 16:35 / 02 январь
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Аллоҳ таоло саҳобаларни Ўзининг Расулига эргашишга, тақлид қилишга буюрди. Набий алайҳиссалом ҳам уларни мана давоми...

983 15:29 / 25 апрель
Аудиолар

210982 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130241 14:35 / 11.08.2021