
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Суютий умматнинг буюк, беназир уламоларидан. Оталари катта бой бўлиб, ундан жуда кўп мерос қолган. Қолаверса, бошқа илм ҳомийлари ҳам кам бўлмаган. Имом Суютий кутубхоналаридан чиқмай, илм билан машғул бўлган. Ҳатто баъзилар: «У зот бир ярим мингта китоб ёзган», дейишади. Ҳар ҳолда бу зот энг кўп китоб ёзганлар қаторидан ўрин олганлар. У зотнинг кутубхонасида машҳур Нил дарёсига қараган дераза бўлар экан. Илмга шунчалик қаттиқ киришганларидан умрида бирон марта ўша деразадан дарёга қарамаган эканлар. Менимча, ойнадан қараб, қалбимда дунё неъматларига қизиқиш уйғониб қолмасин, деб қўрққан бўлсалар керак. Агар у киши ойнадан қараб, лаззат олиб юрганида, бизга бу қадар кўп тенги йўқ китобларни қаердан ёзиб берардилар ахир? Қандай қилиб дунёга бунчалик машҳур бўлардилар?! Ҳа, дунёнинг ҳақиқатини кўра олган, унинг арзимаган зебу зийнатларига қиё боқмаган инсонгина мана шундай даражаларга чиқади.
Имом Суютийдан қуйидаги жумлани нақл қиламан:
«Бу умматнинг фиқҳий мазҳаблари улуғ неъматдир, буюк фазлдир (ташаддуд ва таҳаллулчилар ўйлагандек эмас). Бунда ажойиб бир ҳикмат борки, уни олимларгина англаб етади, жоҳиллар эмас (бундан келиб чиқадики, мазҳабларнинг ҳақиқати ва аҳамиятини билганлар олим ҳисобланади, билмаган одам эса жоҳил саналади. Бу жуда муҳим гап. Шунинг учун бугунги мавзуимизни шу нақл билан бошладик).
Бир жоҳил: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ягона шариат олиб келган бўлсалар, бу тўрт мазҳаб қаердан келди?» деб қолди. (Эътибор беринг-а, биз ҳар куни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардан эшитиб юрган бу сўзни айтган кимсани имом Суютий жоҳил деяптилар. Мен эмас, Суютий айтяптилар. «Бир жоҳил» деяптилар, яъни илмдан умуман насибаси йўқ одам деяптилар. Бундай ҳақиқатни инкор қилиш учун жоҳил бўлиш ҳам керак-да! Заррача илм олиб, мусбат томонга ўтганида, илмни пассив нарса деб билиш доирасидан чиққанида, бу қадар очиқ ҳақиқатни англаган бўларди ўша жоҳил...)
Энди бир нечта масалаларни таҳлил қилиб ўтамиз. Шулардан бирига тўхталсак. Нега бошқа эмас, айни мана шу мазҳабларга амал қилинади? Нега айни шу мужтаҳидларнинг ҳукмлари олинади? Албатта, юқорида ҳам тўхталган эдик, мазҳаблар якка шахсларнинг йўли эмас. Ҳанафий мазҳаби деганда, фақат Абу Ҳанифани тушунманг. Шофеъий мазҳаби деса, фақат имом Шофеъийнинг фикрини, моликий мазҳаби деганда фақат имом Моликнинг шахсий фикрини тушунманг. Буларнинг ҳар бири катта бир мактаб бўлиб, ўз ичига жуда кўп уламоларни қамраб олади.
Нега айнан шу мазҳабларга амал қилинади? Аввало, бу мазҳабларнинг усули энг мустаҳкам, энг нафис, энг пухта усул ҳисобланади. Бунинг исботи шуки, ҳанафий, моликий, шофеъий уламолар ёзган юзлаб, балки минглаб усул китоблари бор. Бу китоблар юксак таҳқиқ ва таҳрир ила ёзилган бўлиб, бу мазҳабларнинг нақадар кучлилигини намоён қилади. Уламолар асрлар оша кимнинг гапи кучлироқ эканини исботлашда мунозаралар қилишган. Тўрт мазҳабнинг ҳар бири айнан усули юксак даражада кучли бўлгани учун шиддатли тортишувларга бардош бериб, минг йиллардан бери умр кўриб келмоқда.
Бир шаҳарда бир киши илм билан машҳур бўлса, одамлар унга эргашади. Кейин ундан ҳам илмлироқ, афзалроқ бошқа одам чиқиб қолса, халқ уни ташлаб, бунисига интилади. Талаба аввалига тили ширин устозни энг илмли деб ўйлаши мумкин, бироқ вақт ўтиб, бироз тажриба тўпласа, ҳақиқатларни англаб ета бошласа, устозларни «Бу авомга яроқли экан, буниси оддий қоидаларни ҳам чалкаштираркан, фалон нарсани яхши билмас экан», деб ажрата бошлайди. Аввал дарс олган устозларидан дарс олмай қўяди.
Бунга имом Зуфарни мисол қилиш мумкин. Басра шаҳрининг энг катта олими, имоми Усмон Баттий эди. Басрада у кишидан илмлироқ одам бўлмагани учун ҳамма у зотнинг этагини тутар эди. Бироқ Абу Ҳанифанинг шогирди имом Зуфар Басрага боргач, ҳолат ўзгарди. Бу ҳақда эшитган бўлсангиз керак: кетишидан олдин устози Абу Ҳанифага: «Менга насиҳат қилинг» десалар, «Давранинг тўрига чиқиб олма, бегона шаҳарга борсанг, ўзингдан олим ясаб олма», деган машҳур насиҳатни берганлар. Ўша даврда бошқа бирон шаҳарда илм Кўфадагидек ривожланмаган эди.
Абу Ҳанифанинг устози Ҳаммод: «Эй Кўфа аҳли, хурсанд бўлинглар! Мен Макка ва Мадинанинг олимларини кўрдим, сизларнинг болаларингиз ва набираларингиз ҳам улардан илмлироқ экан», деганлар, яъни Кўфа Ислом пойтахти бўлгани учун, у ерда илм ниҳоятда ривожланиб кетган эди. Қироат, ҳадис, фиқҳ, ақоид – барча илмларнинг булоғи Кўфа эди. Масалан, ҳозир ҳам бир чекка қишлоқдаги энг моҳир табиб ёки дурадгор одам пойтахтга келса, бир четда қолиб кетади, ҳеч ким уни йўқламай қўяди. Зуфар ҳам Басрага, Усмон Баттийнинг илм ҳалқасига бориб, бироз ўтиргач, Усмон ҳайратда қола бошлайди, чунки уларда мустаҳкам, мукаммал усул йўқ эди. У киши ҳам фақиҳ, мужтаҳид бўлган, лекин куфалик олимлар олдида кўзга кўринмай қолар эди. Зуфар унга эътироз билдириб, «Шайх, бир куни бундай-бундай деб фатво берган эдингиз, энди бошқача фатво беряпсиз, иккови бир-бирига тўғри келмаяпти-ку?» дейди. «Унда нима қилайлик?» дейишганида, бир усулга жамланган бир неча ҳукмларни келтириб беради. Қарабсизки, ҳеч қанча ўтмай, дарсдагилар Усмон Баттийдан кетиб, Зуфарнинг ҳалқасига кўча бошлайди. Усмоннинг дарсида иккита-учта одамдан бошқа ҳеч ким қолмайди.
Ҳозир тарихга назар ташласак, Басранинг мазҳаби Усмон Баттийга эмас, балки имом Зуфарга нисбат бериладиган бўлди. Нега одамлар имом Зуфарга кетиб қолишди? У пул тарқатганмиди? Йўқ!
Зуфарда мустаҳкам усул бор эди. Улар ана шу усулни кўришган эди. Нима учун уламолар шунча асрлардан бери мужтаҳидларга бош эгиб келади? Чунки Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий ва Аҳмад қилган ижтиҳодларни ўзлари қила олмаслигига ишончлари комил бўлиб бўлган. Мужтаҳидларда пухта, изчил илм бўлган. Агар улар беқарорликка асосланган бўлишса, кейингилар қабул қилишармиди? Йўқ, рад этган бўлишарди.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.