Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Бадгумонлик энг ёмон ёлғончиликдир | Сийрат дарслари (352-дарс)

19:00 / 07 ноябрь 516 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

779. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳасадлашманглар, нажш қилишманглар. Бир-бирингизни ёмон кўрманглар, бир-бирингизга қарши тадбир қилманглар. Баъзингиз баъзингизнинг савдоси устига савдо қилмасин. Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар. Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. У унга зулм ҳам қилмайди, ташлаб ҳам қўймайди ва уни паст ҳам санамайди. Тақво мана бу ерда, – деб кўксиларига уч марта ишора қилдилар. – Мусулмон кишининг ёмонлиги учун мусулмон биродарини ҳақорат қилишининг ўзи етарлидир. Мусулмонга мусулмоннинг ҳамма нарсаси ҳаромдир: қони ҳам, моли ҳам, обрўси ҳам. Албатта, Аллоҳ жасадларингизга ҳам, сувратларингизга ҳам назар солмайди, балки қалбларингизга назар солади». Бармоқлари билан кўкракларига ишора қилдилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Бошқа ривоятда:

«Бадгумонликдан сақланинг. Албатта, бадгумонлик энг ёмон ёлғончиликдир. Пойлаш ва жосуслик билан шуғулланманг. Бир-бирингизни ёмон кўрманг. Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар. Киши ўз биродари совчилиги устига, то ундан олдинги совчи тарк қилгунча ёки унга изн бергунча, совчи қўймасин», дейилган.

Бухорий ривоят қилган.

780. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи бештадир: саломга алик олиш, беморни кўриш, жанозага эргашиш, даъватга жавоб бериш ва акса урганга соғлиқ тилаш», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Бошқа ривоятда бундай келган:

«Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи олтитадир», дедилар. «Улар қайсилар, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. «Учрашганида, унга салом бер; сени (бирор нарсага) даъват қилганида унга жавоб бер; сендан насиҳат сўраганида унга насиҳат қил; акса ургач, Аллоҳга ҳамд айтганида унга яхшилик тила; бемор бўлганида уни бориб кўр ва вафот этганида (жанозасида) ҳозир бўл», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

781. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Бирортангиз яхшиликдан ҳеч бир нарсани арзимас санамасин. Агар (ҳеч нарса) топа олмаса, биродарига очиқ юз билан йўлиқсин. Агар гўшт сотиб олсанг ёки қозон қайнатсанг, унинг шўрвасини кўпайтир-да, ундан қўшнингга қуйиб бер».

Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

782. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўлларда ўтиришдан сақланинглар», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули! Биз гаплашиб ўтиришга мажбур бўламиз», дейишди. «Агар иложсиз бўлиб ўтирсангиз, йўлнинг ҳаққини беринг», дедилар. «Йўлнинг ҳаққи нима, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. «Кўзни тийиш, озор бермаслик, саломга алик олиш, амру маъруф ва наҳйи мункар», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

783. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар уч киши бўлса, иккитаси учинчини қўйиб пичирлашмайди», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

784. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши кишини ўтирган еридан турғизиб, ўрнига ўтирмасин. Лекин сурилинглар ва кенгайинглар», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
255. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат соф табиат билан туғилади. Отаонаси давоми...

3401 19:00 / 05.08.2023
Ҳижрий 1 йил, 1 рабиъул аввал, душанбага ўтар кечаси мил. 622 йил 12 сентябр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ясриб Мадина вилоятининг илк қишлоғи Қубога давоми...

1862 14:20 / 18.10.2021
790. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Ансорларнинг мажлисларидан бирида ўтирган эдим. Ҳузуримизга Абу Мусо ташвишли ҳолда келиб, деди .Умарнинг давоми...

421 19:00 / 21 ноябрь
395. Ҳишом ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Уҳуд куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилиб .Эй Аллоҳнинг Расули, бизга ҳар бир одамга гўр давоми...

3940 14:00 / 07.08.2020
Аудиолар

210984 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар