1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Золим қариндошга яхшилик қилиш

10:36 / 05 ноябрь 960 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу мақолада қариндошлар ичида силаи раҳмга сазовор эмас, дея гумон қилинадиган тоифа – золим қариндош ҳақида гап боради. Оддий ҳолатларда золимга ўзига яраша муомала қилинади. Аммо ўша золим киши қариндош бўлса-чи? Унинг қариндошлигига қараб муомала қилинадими ёки золимлигига?

عَنِ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ قَالَ: جَاءَ أَعْرَابِيٌّ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: عَلِّمْنِي عَمَلًا يُدْخِلُنِي الْجَنَّةَ؟ فَقَالَ: «لَئِنْ كُنْتَ أَقْصَرْتَ الْخُطْبَةَ فَقَدْ أَعْرَضْتَ الْمَسْأَلَةَ، أَعْتِقِ النَّسْمَةَ وَفَكَّ الرَّقَبَةَ»، فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَوَلَيْسَتَا وَاحِدًا؟ قَالَ: «لَا، عِتْقُ النَّسْمَةِ أَنْ تُفَرِّدَ بِعِتْقِهَا، وَفَكُّ الرَّقَبَةِ أَنْ تُعِينَ فِي ثَمَنِهَا، وَالْمَنِيحَةُ الْوَكُوفُ وَالْفَيْءُ عَلَى ذِي الرَّحِمِ الظَّالِمِ، فَإِنْ لَمْ تُطِقْ ذَلِكَ فَأَطْعِمِ الْجَائِعَ، وَاسْقِ الظَّمْآنَ، وَمُرْ بِالْمَعْرُوفِ، وَانْهَ عَنِ الْمُنْكَرِ؛ فَإِنْ لَمْ تُطِقْ ذَلِكَ فَكَفَّ لِسَانَكَ إِلَّا مِنْ خَيْرٍ».

Баро ибн Озибдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир аъробий келди ва: «Мени жаннатга киритадиган амални ўргатинг», деди. «Гапни қисқа қилсанг ҳам, катта нарсани сўрадинг. Жонни озод қил. Бўйинни еч», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, иккиси бир эмасми?» деди. «Йўқ! Жонни озод қилиш – бир ўзинг уни қулликдан чиқаришингдир. Бўйинни (қулликдан) қутқариш – тўловида ёрдам беришингдир. Серфойда маниҳа. Золим қариндошга қайтиш. Агар бунга қурбинг етмаса, очга таом бер. Ташнани қондир. Амри маъруф қил. Наҳйи мункар қил. Бунга ҳам қодир бўлмасанг, яхшиликдан бошқа нарсада тилингни тий», дедилар».

Шарҳ: Аъробийлар саҳрода туғилиб ўсган, тарбия кўрмаган қавмлар бўлиб, саводсизлиги, соддалиги, муомалалари бироз қўполроқ бўлиши билан маълум ва машҳур бўлишган. Уларда тортиниш, катталарга хушомад қилиш ва хижолат каби нарсалар бўлмаган. Кўпинча саҳобалар: «Аъробийлар келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан биз сўрай олмай турган масалаларни сўраб қолишсайди», деб туришган.

Мана, аъробийлардан бири келиб, лўнда қилиб:

«Мени жаннатга киритадиган амални ўргатинг», деди».

У бу гапни айтишга муқаддима ҳам, бошқа мулоҳаза ҳам қилмади. Бирйўла мақсадга кўчди ва уни қисқа иборалар билан айтиб қўйди. Унинг бу гапини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзига яраша баҳоладилар ва жавобни ҳам лўнда қилдилар:

«Гапни қисқа қилсанг ҳам, катта нарсани сўрадинг…» дедилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Гапни қисқа қилсанг ҳам, катта нарсани сўрадинг», дейиш билан «Гапинг қисқа бўлса ҳам, жуда керакли, ҳаммага фойдаси тегадиган нарсани сўрадинг», демоқчи бўлдилар.

Саволга жавоб бера туриб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам банданинг жаннатга киришига сабаб бўладиган баъзи амалларни айтиб ўтдилар.

«Жонни озод қил. Бўйинни (қулликдан) қутқар», дедилар».

Яъни «Қул озод қил. Қулнинг бўйнидаги қуллик занжирини еч», дедилар.

Бу икки гапнинг маъноси аъробийга бир хил бўлиб кўринди. Шунинг учун у:

«Эй Аллоҳнинг Расули, иккиси бир эмасми?» деди».

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бу гаплар орасидаги фарқни тушунтириб, шундай дедилар:

«Йўқ! Жонни озод қилиш – бир ўзинг уни қулликдан чиқаришингдир. Бўйинни қутқариш – тўловида ёрдам беришингдир».

Бу икки гап бошқа-бошқа икки амални ифода қилар экан.

Улардан бири қулнинг бир киши томонидан озод қилиниши экан.

Иккинчиси қулнинг озод бўлишига ёрдам бериш маъносида экан. Қул хожаси билан маълум миқдор пул берганидан кейин озод бўлиши ҳақида шартнома тузган бўлади. Ўша тўловни адо этишда унга ёрдам берган одам жаннатга киришга сабаб бўладиган амаллардан бирини қилган бўлар экан.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам банданинг жаннатга киришига сабаб бўладиган баъзи бошқа амалларни ҳам санаб ўтдилар:

«Серфойда маниҳа. Золим қариндошга қайтиш. Агар бунга қурбинг етмаса, очга таом бер. Ташнани қондир. Амри маъруф қил. Наҳйи мункар қил. Бунга ҳам қодир бўлмасанг, яхшиликдан бошқа нарсада тилингни тий», дедилар».

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу гапларида банданинг жаннатга киришига сабаб бўладиган амаллардан еттитаси тилга олинмоқда.

1. Серфойда маниҳа.

«Маниҳа» – фойдаланиш учун бериб туриладиган ҳайвон. Масалан, бир сигир бериб, «Шуни соғиб ичиб туринглар», дейилади. Эгаси бошқа, лекин бошқа биров ундан соғиб, сутини ичиб, фойдаланиб туради. Мана шу иш ҳам яхши амал бўлиб, эгасининг жаннатга киришига сабаб бўладиган амаллардан ҳисобланади.

2. Золим қариндошга қайтиш.

Кишини жаннатга киритадиган кейинги амал эса қариндошлик алоқасида ўзига зулм қилган қариндошнинг зулмидан қатъи назар, у билан алоқани яхшилаш, ёмонлигига яхшилик қайтариб туришдир. Зотан, силаи раҳмнинг энг афзали шудир. Ушбу ҳадиси шарифни бу бобда келтиришдан асосий мақсад ҳам унда худди шу жумланинг борлигидир.

3. Агар бунга қурбинг етмаса, очга таом бер.

Очга таом бериш ҳам банданинг жаннатга киришига сабаб бўладиган амаллардан биридир. Шунинг учун ҳам бизнинг динимизда бу амал кенг тарғиб қилинган. Очга таом беришга тарғиб қилувчи ҳадиси шарифлар жуда кўп ва уларга амал қилиш намуналари ундан ҳам кўп. Баъзиларини эслаб ўтишга ижозат бергайсиз.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Қайси бир мусулмон қорни оч мусулмонга таом берса, Аллоҳ уни жаннат мевалари билан таомлантирур».

4. Ташнани қондир.

Ҳа, чанқаганга сув бериш ҳам бандани жаннатга киритадиган амаллардан биридир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисларида айтадилар:

«Қайси бир мусулмон сувсиз, чанқаган мусулмонга сув берса, Аллоҳ азза ва жалла уни «раҳийқи махтум»дан сероб қилур».

Имом Табароний ва Ибн Асокирлар Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилишади:

«Муҳожирлар Мадинага келишганда сув ёқмади. Бану Ғифорлик бир кишининг Рума номли булоғи бор эди. Ундаги бир меш сувни бир мудд донга сотар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Ушбу булоққа жаннатдан бир булоқ», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, менинг ҳам, аҳлу аёлимнинг ҳам бундан бошқа нарсамиз йўқ. Бера олмайман», деди.

Бу гап Усмон розияллоҳу анҳуга етди. У ўша (булоқ)ни ўттиз беш минг дирҳамга сотиб олди. Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, агар у (булоқ)ни сотиб олсам, у(одам)га қилганингиз каби менга ҳам жаннатда булоқ қиласизми?» деди.

«Ҳа», дедилар.

«Мен уни сотиб олдим ва мусулмонларга тутдим», деди».

Имом Бухорий ва имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилишади:

«Абу Толҳа розияллоҳу анҳу ансорийлар ичида энг хурмоси кўп киши эди. Унинг энг маҳбуб моли «Байриҳо» бўлиб, масжиднинг қаршисида эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга кириб, пок-ширин сувидан ичиб чиқар эдилар. «Ўзингиз яхши кўрган нарсадан инфоқ қилмагунингизча, яхшиликка ноил бўла олмайсиз» ояти нозил бўлганида, Абу Толҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ таборака ва таоло: «Ўзингиз яхши кўрган нарсадан инфоқ қилмагунингизча, яхшиликка ноил бўла олмайсиз», демоқда, молларим ичида мен учун энг маҳбуби Байриҳодир, уни Аллоҳ учун садақа қилдим. Унинг яхшилигидан ва келажакдаги фойдасидан умидворман. Эй Аллоҳнинг Расули, уни Аллоҳ кўрсатган жойга ишлатинг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Зўр! Бу фойда келтирувчи молдир. Бу фойда келтирувчи молдир», дедилар».

Ҳасан ибн Суфён ва Абу Нуъайм Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилишади:

«Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу тоғ томондан бир қудуқ сотиб олди ва одамларни таомлантирди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Толҳа, сен файёзсан (тошқин дарёсан)», дедилар».

Бунга ўхшаш ишларни мусулмонлар жуда кўп қилганлар ва қилмоқдалар. Бу борада дунёдаги ҳамма халқлардан мусулмонлар устун туришида ҳеч қандай шубҳа йўқ.

5. Амри маъруф қил.

Банданинг жаннатга киришига сабаб бўладиган амаллардан бири амри маъруф, яъни яхшиликка чақиришдир.

6. Наҳйи мункар қил.

Банданинг жаннатга киришига сабаб бўладиган амаллардан бири наҳий мункар, яъни ёмонликдан қайтаришдир.

Одатда, бу икки амал диний адабиётда биргаликда зикр қилинади.

Жамиятнинг яхши бўлиши, муваффақиятларга эришиши учун амри маъруф, наҳий мункар зарур. Акс ҳолда, оқибати расволикдир. Қайси бир жамиятда кишиларга амри маъруф ва наҳий мункар қилинмаса, яъни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарилмаса, шубҳасиз, у жамият ҳалокатга юз тутади. Гуноҳдан қайтариш ва ҳаромдан ман этиш бўлмас экан, оқибати войдир.

7. Бунга ҳам қодир бўлмасанг, тилингни яхшиликдан бошқадан тий.

Яъни амри маъруф ва наҳий мункарга ҳам қодир бўлмасанг, яхшиликдан бошқадан тилингни тий. Фақат яхшиликни гапир. Шунда жаннатга кирасан.

Мана шу санаб ўтилган амаллар инсоннинг жаннатга киришига сабабчи бўлар экан. Албатта, ҳозирги кунда қул озод қилиш ёки озод бўлиш учун хожаси билан шартнома тузган қулга пул бериш каби амаллар йўқ, чунки бугунги жамиятларда қулчилик йўқ. Аммо бирор нарсани вақтинча фойдаланиш учун бериб туриш, яъни маниҳага ҳозирги кунда кўпчилик муҳтож. Буни қилган одам катта савоб олади.

Шунингдек, ўзига ёмонлик қилаётган ёки рағбатсиз бўлиб турган қариндошларга силаи раҳм қилиш ҳам жаннатга киришга сабаб бўладиган гўзал амаллардан саналади. Бу амални қилишга ҳам имкон кўп.

Агар буларни қила олмаса, амри маъруф ва наҳий мункар қилиш керак бўлади. Бу амалнинг алоҳида ўз боби ва илми бор. Аввал амри маъруф ва наҳий мункар қилишни ўрганиб олиш, уни қилиш йўлларини билиш керак. Уни ҳамма ҳам қилавермайди. Бу амалнинг ўз даражалари, услублари бор.

Бунга ҳам қодир бўлмаса, тилни тийиш керак бўлади. Бугунги кунда ҳаммамиз муҳтож бўлиб турган нарса шу аслида. Кўпгина муаммолар тилни тиймасликдан, яхшиликни кам гапириб, бошқасини кўп гапиришдан келиб чиқяпти.

Демак, мана шу ҳадисга амал қилиб, тилимизни тийсак, фақат яхшиликни гапириб, қолган гаплардан четлансак, Аллоҳ таоло жаннатга киритса, ажаб эмас.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Жаннатга киритадиган амаллар ҳақида сўраш жоизлиги.

2. Савол берувчига таълим бериб, уни осон ва фойдали йўлга йўллаш яхшилиги.

3. Гапни қисқа қилиш фазилат экани.

4. Қул озод қилиш банданинг жаннатга киришига сабаб бўладиган амаллардан бири экани.

5. Қул озод қилишга ёрдам бериш банданинг жаннатга киришига сабаб бўладиган амаллардан бири экани.

6. Соғиладиган ҳайвонини сутини ичиб туришлари учун муҳтож одамларга бериб туриш банданинг жаннатга киришига сабаб бўладиган амаллардан бири экани.

7. Қариндошларга, агар улар золимлик қилсалар ҳам, яхшилик қилиш банданинг жаннатга киришига сабаб бўладиган амаллардан бири экани.

8. Амри маъруф ва наҳий мункар қилиш банданинг жаннатга киришига сабаб бўладиган амаллардан бири экани.

9. Тилини ёмон гаплардан тийиш банданинг жаннатга киришига сабаб бўладиган амаллардан бири экани.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 2-жуз.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида чоп қилинган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Амр ибн Муъоз Ашҳалий момосидан ривоят қилади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга .Эй мўмина аёллар Сизлардан ҳеч бир аёл зинҳор ва зинҳор қўшни аёлга давоми...

2588 11:20 / 23.11.2019
. . . . .8. Тойсала Ибн Майёсдан ривоят қилинади.Нажданинг одамлари билан бирга эдим. Ўшанда бир қанча гуноҳлар қилдим. давоми...

3561 17:11 / 17.10.2018
87. Абдурраҳмон ибн Жубайр ибн Нуфайр отасидан ривоят қилади.Бир куни Миқдод ибн Асваднинг олдида ўтирган эдик, бир киши ўтиб қолди ва.Бу кўзлар қандай яхши кўзлара давоми...

2461 20:06 / 22.06.2019
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким мен айтмаган нарсани мени айтди деса, дўзахдан жойини олаверсин. Кимга бир мусулмон давоми...

2125 11:00 / 27.02.2023
Аудиолар

210982 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130241 14:35 / 11.08.2021