Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Савоб иш қилишда мусобақалашиш | Ҳадис дарслари (352-дарс)

19:00 / 05 ноябрь 656 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ كَعْبِ بْنِ عُجْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مُعَقِّبَاتٌ لَا يَخِيبُ قَائِلُهُنَّ أَوْ فَاعِلُهُنَّ؛ ثَلَاثٌ وَثَلَاثُونَ تَسْبِيحَةً، وَثَلَاثٌ وَثَلَاثُونَ تَحْمِيدَةً، وَأَرْبَعٌ وَثَلَاثُونَ تَكْبِيرَةً في دُبُرَ كُلِّ صَلَاةٍ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«(Намоз) ортидан келувчиларни айтувчилар ёки қилувчилар ноумид бўлмаслар. Ҳар бир намоз ортидан ўттиз учта тасбеҳ, ўттиз учта ҳамд ва ўттиз тўртта такбир», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда келган ҳар бир намоз ортидан ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта «Алҳамдулиллаҳ», ўттиз тўрт марта «Аллоҳу акбар»ни зикр қилиш кейинги ривоятларда келадиган зикрлар билан уйғунлашиб, амалда айтиладиган бўлган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ فُقَرَاءَ الْمُهَاجِرِينَ أَتَوْا رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالُوا: ذَهَبَ أَهْلُ الدُّثُورِ بِالدَّرَجَاتِ وَالنَّعِيمِ الْمُقِيمِ، فَقَالَ: وَمَا ذَاكَ؟ قَالُوا: يُصَلُّونَ كَمَا نُصَلِّي، وَيَصُومُونَ كَمَا نَصُومُ، وَيَتَصَدَّقُونَ وَلَا نَتَصَدَّقُ، وَيُعْتِقُونَ وَلَا نُعْتِقُ، فَقَالَ رَسُولُ اللهُ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَفَلَا أُعَلِّمُكُمْ شَيْئًا تُدْرِكُونَ بِهِ مَنْ سَبَقَكُمْ، وَتَسْبِقُونَ بِهِ مَنْ بَعْدَكُمْ، وَلَا يَكُونُ أَحَدٌ أَفْضَلَ مِنْكُمْ إِلَّا مَنْ صَنَعَ مِثْلَ مَا صَنَعْتُمْ؟ قَالُوا: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: تُسَبِّحُونَ وَتُكَبِّرُونَ وَتَحْمَدُونَ دُبُرَ كُلِّ صَلَاةٍ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ مَرَّةً. قَالَ أَبُو صَالِحٍ: فَرَجَعَ فُقَرَاءُ الْمُهَاجِرِينَ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالُوا: سَمِعَ إِخْوَانُنَا أَهْلُ الْأَمْوَالِ بِمَا فَعَلْنَا فَفَعَلُوا مِثْلَهُ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: ذَلِكَ فَضْلُ اللهِ يُؤْتِهِ مَنْ يَشَاءُ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Фақир муҳожирлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Мол-дунёси кўплар даражотларни ва доимий неъматни олиб кетдилар», дейишди.

У зот:

«У нимадир?» дедилар.

Улар:

«Биз намоз ўқиганимиздек намоз ўқирлар. Биз рўза тутганимиздек рўза тутарлар. Улар садақа қилурлар. Биз садақа қила олмасмиз. Улар қул озод қилурлар, биз озод қила олмасмиз», дедилар.

У зот:

«Сизни ўзингиздан олдингиларга етиб олишингиз, ўзингиздан кейингилардан ўтиб кетишингизга сабаб бўладиган, сиздан ҳеч ким афзал бўлмайдиган, фақат сиз қилганни қилсагина бўладиган нарсага далолат қилайми?» дедилар.

Улар:

«Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди.

У зот:

«Ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта тасбеҳ, такбир ва таҳмид айтасиз», дедилар».

Абу Солиҳ:

«Фақир муҳожирлар яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтиб келиб:

«Мол-дунёси кўп биродарларимиз биз қилган нарсани эшитиб қолиб, ўшанга ўхшаш ишни қилдилар», дейишди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«У Аллоҳнинг фазлидир, хоҳлаган кишисига берур», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда мусулмонларнинг биринчи авлодига хос бир фазилат устида сўз бормоқда. У ҳам бўлса, савоб иш қилишда бир-биридан ўтишга ҳаракат ва унга эришиш йўлларини излашдир.

Фақир-мискинликлари туфайли бой-бадавлат кишиларга ўхшаб садақа қила олмай, қул озод эта олмай юрган муҳожир саҳобалар қандай қилиб кўпроқ ажру савобга эга бўлиш йўлини сўраб келдилар. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни намоздан кейин зикр қилишга иршод қилдилар.

Келинг, ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдаларни бир бошдан кўриб чиқайлик:

1. Кўп савоб олаётган кишиларга ҳавас билан қараш мумкинлиги.

2. Билмайдиганлар биладиган кишилардан сўрашлари кераклиги.

3. Садақа ва қул озод қилиш кўп ажр келтириши.

4. Ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», «Алҳамдулиллаҳ» ва «Аллоҳу акбар»ни зикр қилиш, кўп мол садақа қилиш ва қул озод этишдан ҳам кўпроқ савобга сабаб бўлиши.

5. Фақир муҳожирларнинг иложи борича кўпроқ савоб олишга интилишлари.

6. Исломда шукр қилувчи бойнинг яхши эканлиги.

أَبُو دَاوُدَ : وَتَخْتِمُهَا بِلَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ، وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ.

Абу Довуд: 
«Ва уни «Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр» билан тугатарсан» жумласини зиёда қилган.

Шарҳ: Зотан, ҳозир барча намозхонлар ичида шу икки ривоятдаги зикрни қилиш йўлга қўйилган.

وَلَفْظُ التِّرْمِذِيِّ قُولُوا: سُبْحَانَ اللهِ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ، وَالْحَمْدُ للهِ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ، وَاللهُ أَكْبَرُ أَرْبَعًا وَثَلَاثِينَ، وَلَا إِلهَ إِلَّا اللهُ عَشْرَ مَرَّاتٍ.

Термизийнинг лафзида: 

«Ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта «Алҳамдулиллаҳ», ўттиз тўрт марта «Аллоҳу акбар» ва ўн марта «Лаа илааҳа иллаллоҳу» денглар», дейилган.

وَلِمُسْلِمٍ: مَنْ سَبَّحَ اللهَ فِي دُبُرِ كُلِّ صَلَاةٍ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ، وَحَمِدَ اللهَ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ، وَكَبَّرَ اللهَ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ، فَتْلِكَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ، وَقَالَ تَمَامَ الْمِائَةِ: لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ، وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ، غُفِرَتْ خَطَايَاهُ وَإِنْ كَانَتْ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ.

Муслимнинг ривоятида эса: 

«Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта «Аллоҳу акбар», деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлур, юзтанинг тамом бўлишига: «Ла илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр»ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпиклари каби бўлса ҳам, мағфират қилинур», дейилган.

Шарҳ: Имом Муслимнинг ривоятида келган зикрларнинг аввали ёки охирида «Оятул Курсий»ни қўшиб ўқишни сўфийлар жорий қилганлар. Бу «сўфийлар хатми» деб номланади. Бу нур устига нур, дейилади. Чунки «Оятул Курсий» Қуръони Каримдаги энг улуғ оятдир. Ушбу хатмни қилиш бизда ҳам жорий бўлиб келаётир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 5-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир одам келиб.Эй Аллоҳнинг Расули, икки вожиб қилувчи давоми...

7047 14:08 / 26.02.2020
Абу Аббос Саҳл ибн Саъд Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб .Эй Аллоҳнинг Расули, мени давоми...

8158 12:24 / 03.10.2017
Абул Аббос Саҳл ибн Саъд Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб, .Эй Аллоҳнинг Расули, менга давоми...

6378 15:49 / 23.03.2017
1. Толиби илм аввало, ихлосли, соф ниятли бўлиши керак. Илм талаб қилишда дунёвий ғаразларни, риёсат, мансаб, обрў ва шарафни кўзламаслиги лозим.2. Ўз юртидаги давоми...

6920 21:10 / 20.03.2019