
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Умматимиз тарихидаги дастлабки икки асрда мурсал ҳадислар мутлақ қабул қилинган. Буни Табарий очиқ айтган, Абу Довуд ҳам ўзининг «Аҳли Маккага рисола»сида буни келтирган. Биринчи ва иккинчи асрларда бутун уммат мурсал ҳадисни қабул қилган. Мурсални қабул қилишда шартлар қўйган, тафсилотлар киритган биринчи инсон – имом Шофеъий бўлганлар. У зот ҳам мутлақ инкор қилиб юбормаган, балки орада давр узоқлашгани учун баъзи шартларни қўйган. Аммо ундан олдинги ҳанафийлар ҳам, моликийлар ҳам, шунингдек, ҳанбалийлар ҳам мурсални мутлақ қабул қилишган. Шофеъийлар бир неча шартларга мувофиқ келса, уларни қабул қилишган. Фақиҳ ва усулийлар истилоҳида санаддан битта, иккита, ҳатто учта одам тушиб қолса ҳам, мурсал дейилади. Улар муҳаддислар каби ҳадисларни мунқотеъ, муъзол деган тақсимотларга бўлишмайди. Санадида узилиш бўлган ҳадисларнинг барчаси мурсалдир.
Мурсал – ниҳоятда кенг тушунча. Шундай бўлишига қарамай, уни қабул қилишган. Биринчи масала шу.
Мен айтмоқчи бўлган иккинчи масала шуки, ўша замонда мурсал ҳадис ҳукм чиқаришда энг машҳур далиллардан бири саналган. Шайх Аҳмад Ғуморий: «Буюк муҳаддислар ҳатто мурсал ҳадисни бошқалардан устун деб билишган», деган.
Олдинги ҳофиз муҳаддисларнинг ёзган китобларидан маълум бўладики, Ибн Абу Шайба, Абдурраззоқ, Ибн Муборак ва уларнинг табақасидаги уламолар мавқуф, мақтуъ ва мурсал ҳадисларни муттасил ҳадислардан ҳам устун қўйишар эди. Иккинчи асрдан олдинги ёзилган китобларда мурсалларни жуда кўп учратасиз. Улар ҳадиснинг мурсал бўлишини айб деб ҳисоблашмас эди. Иброҳим Нахаъийга: «Ибн Масъуддан ҳадис келтирсангиз, Ибн Масъуднинг сўзини сизга ким айтганини ҳам келтиринг», дейишганда у зот шундай деганлар: «Сизларга «Фалончидан эшитдим, Ибн Масъуд шундай деган экан», десам, ўша айтган одамимдан эшитган бўламан. Агар ўртадаги одамни айтмай, «Ибн Масъуд айтган» десам, Ибн Маъсуднинг бир неча шогирдидан эшитган бўламан. Менга ривоят қилган ровийлар кўп бўлгани учун уларни санаб ҳам ўтирмайман, «Ибн Масъуд ёки Расулуллоҳ айтдилар», деб қўявераман».
Демак, улар ҳадиснинг собитлигига ишонч ҳосил қилгандан кейингина орадаги ровийларни ташлаб ривоят қилишган. Юқорида ҳам таъкидлаб ўтганимиздек, саҳоба ва тобеъинларнинг бир ҳадисни ҳужжат қилишлари, унга мувофиқ фатво беришлари ва уни мурсал тарзда ривоят қилишлари ҳадисга ҳукм бериш ва уни саҳиҳ дейишнинг энг машҳур йўлларидан бири саналган. Кейинчалик, иккинчи юз йилликда санадлар узайиб, ровийларни қаттиқ текширишга киришилгач, муснад китоблар ёзила бошланди, санадларни муттасил тарзда ривоят қилишга алоҳида эътибор берилди.
Энди айтинг-чи, икки юзинчи йилдан кейин келган муҳаддисларнинг қоидаларини олиб, саҳоба ва тобеъинлар эргашган йўлни заиф дейишимиз тўғри бўладими?
Бир мисол келтирайлик. Бу мисол ҳадисларни қоғозга тушириш масаласи ҳақида.
Ислом сарҳадлари кенгайиб боргач, мусулмон юртлар ер юзининг катта қисмини ташкил қила бошлади. Саҳобалар давридаёқ Ислом дини Европа, Ҳиндистон ва бошқа ўлкаларга етиб борди. Шундай тараққиёт замонида саҳобаларда ҳадисларни ёзишга имконият бўлмаган, деб ўйлайсизми? Йўқ, албатта. Улар ўз зеҳнларида жуда катта ҳажмдаги илмни сақлаб юришган. Ёддан билган нарсаларини ёзиб чиқсангиз, жилд-жилд китоб бўлади. Масалан, Умар розияллоҳу анҳу: «Мен ҳадисларни ёзсакмикан ёки ёзмасакмикан деб, бир-икки ой бир қарорга кела олмай, истихора қилдим. Кейин ёзмасликка қарор қилдим», деганлар. У зот икки ой маслаҳат ва дуо қилганларидан кейин «Ҳадисларни ёзмаганимиз яхшироқ» деган фикрда тўхтаган. У зотнинг бу қарорлари ниҳоятда зўр танлов бўлган, чунки Умар розияллоҳу анҳу ҳадисларни ёзсалар, катта майдонни торайтириб қўйган бўлар эдилар. Натижада ҳадислар захираси фақат ҳазрати Умар ёзган манба билангина чекланиб қоларди, ундан бошқа ҳадислар ҳадис деган эътибордан четда қоларди, Мадина, Кўфа, Шом диёрларидаги илмлар зое бўларди. Қоғозга туширилган ҳадисларнинг ўзинигина асос қилиб олишига тўғри келиб қоларди. Хуллас, саҳобалар даври учун ёзмаслик авло эди. Уларнинг замонида инсонлар ишончли, илмли бўлишган. Санадларни синчиклаб текширишга деярли зарурат бўлмаган.
Демак, кейинги даврдаги илм, турмуш тарзи ва фикрларимизга қараб, саҳобалар даври устидан ҳукм чиқара олмаймиз. У замонлар ўз даври, ўз шароитида ўтган. Кейинги давр уламоларининг «Санади, яъни ровийлар кетма-кетлиги узилган ҳадис заифдир», деган қоидаларини олиб, саҳоба ва тобеъинлар даврини ҳам шу мезонга солиш тўғри эмас. Афсуски, баъзилар мана шу хатога йўл қўйишяпти.
Саҳоба ва тобеъинлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бироз кейин яшашган. Уларга ровийларни айтиб ўтирмай, «Расулуллоҳ шундай деганлар», деб кетавериш тўғри келаверган. Имом Молик ҳам «Муватто» китобининг бир неча жойида санадни ташлаб, «Бизга етиб келишича...» деб, ҳадис келтирган. Айни шу ҳадислар бошқа китобларда санади билан келтирилган. Имом Муҳаммад ҳам юзлаб ўринларда шу услубдан фойдаланган. Энди бу манҳажни тушунмаганимиз учун четга улоқтиришимиз тўғри бўладими? Жоҳиллик охири нимага олиб боришини кўряпсизми? Бу иш динни емиради! Ўйлайманки, мурсал ҳақидаги баҳсларни тушундик. Демак, мурсалга ҳам «саҳиҳ» ҳукми берилган экан. Мурсал бўлгани учун ҳадисларни тарк этишга йўл йўқ.
Энди муҳаддислар мактабининг йўлини баён қилишда кейинги бир масалага тўхталамиз. Бу – ҳадисларнинг усул қоидаларига хилоф келиши.
Биз юқорида саҳобаларнинг ҳадисга мувофиқ ҳукм чиқариши ҳақида гаплашдик. Энди ҳадис саҳобаларнинг амалига хилоф келганда нима бўлишини ўрганамиз. Бирор ҳадис асос қонунларга зид келса, уни амалга киритишмаган. Бу катта қоида бўлиб, буни идрок қилмаслик оқибатида баъзи муҳаддислар имом Таҳовийга ноўрин таъна қилишган. Ваҳоланки, бу Таҳовийнинг йўлини билмасликдан, илмда унинг даражасига чиқмаганликдан келиб чиққан айбловдир. Бундайлар Таҳовийнинг ҳадисларидаги ровийларни ишончли ёки заифга чиқаради, тамом! Кейин шуни у зотнинг устидан бирламчи мезон қилиб олади. «Саҳиҳ бўлса оламиз, заиф бўлса рад қиламиз», дейишдан уёғига ўтмайди. Ҳолбуки, имом Таҳовий шариатнинг асос қоидаларига зид келса, ҳадисни қабул қилмаган. Асос қоидалар – Қуръон ва ҳадислардан хулоса қилинган маънолардир. Оятлар, ҳадислар ва саҳобаларнинг сўзлари бир қоидани ифодалаб турган бўлса, муайян мавзуда ворид бўлган бир ҳадис ўша қоидага зид келса, бундай ҳадисни олмаймиз. Демак, оят, ҳадис ва саҳобаларнинг сўзларидан англашилган умумий маъно асос ва қоида сифатида шаклланади. Бу шаклланган қоида катта кучга эга бўлади. Шунинг учун ҳам биз мутааххир муҳаддисларнинг бу масаладаги манҳажини заиф деган эдик. Улар битта ҳадисни қабул қиламан деб, ўнлаб далиллардан ҳосил бўлган асосларга тескари ҳукм чиқариб қўйишади. Айни пайтда Абу Ҳанифа кўплаб далиллардан олган маънони маҳкам ушлаб, ўша хос ҳадисни рад этган бўлади. Биз назарда тутган мутааххирлар ҳанафий мазҳабидаги муҳаддис бўлишса-да, уларнинг бу йўлини тўғри дея олмаймиз.
Бу мавзуимизга яна битта мисол келтирайлик. «Ким закарини ушласа, таҳорат қилсин», деган ҳадис бор. Бу ҳадис таҳоратни бузадиган амаллардан бирини баён қилмоқда. Келинг, Қуръони Каримда келган таҳоратни бузувчи амаллар нима экан, кўрайлик. Оятда «Сизлардан бирингиз ҳожатдан келса, таҳорат қилсин», дейилган. Қазои ҳожатга борган одам бавл ва бошқа ишлар қилади. Бу борадаги ҳадисларда ҳам жасаддан қон, пешоб ва шунга ўхшаш нарсалар чиқса, таҳорат бузилиши айтилган. Умумий қилиб айтсак, таҳоратнинг бузилиши ичкаридаги нарсанинг ташқарига чиқишига боғлиқ. Демак, Қуръон ҳам, ҳадислар ҳам таҳоратнинг бузилишига нажас ташқарига чиқишини сабаб қилиб кўрсатган. Лекин юқоридаги ҳадис бунга хилоф, яъни бадандан ҳеч нарса чиқмаса ҳам, закарни ушласангиз, таҳорат бузилади, дейиляпти. Қолаверса, бизга ҳужжат бўладиган очиқ-ойдин ҳадислар ҳам бор. Бир саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Закарни ушласа, таҳорат бузиладими, бузилмайдими?» деб сўраганида у зот: «У сенинг бир аъзоинг-ку», деб жавоб берганлар. Демак, бошқа аъзоларингни, терингни ушласанг, таҳорат бузилмаганидек, закарни ушлаганда ҳам бузилмайди. Унга теккан одам ҳам ўзининг терисини ушлаган билан бир хил бўлади. Бу ҳадисимиз катта қоидаларга ҳам мувофиқ келади. Шунинг учун айни шу ҳадисни саҳиҳ деб қабул қилганмиз. Ҳадис китобларида бу ҳадис унчалик ҳам қувватланмаган бўлса-да, оят ва ҳадисларнинг маъноси унинг даражасини ошириб юборди, натижада «Ким закарини ушласа, таҳорат қилсин», деган ҳадисни рад этдик, кейинги ҳадисни устун қўйдик. Имом Таҳовий ўз китобида ҳар бир мавзунинг сўнгида мана шу йўлни баён қилган, мана шу қоидага кўра иш кўрган. Буни «Асос бўлган маънога қараб ҳукм чиқариш» дейилади.
Уламоларимизнинг шунга ўхшаш яна бир қоидаси – «Бир ровийнинг ҳадиси қиёсга хилоф келса, бу ҳадисга амал қилинмайди».
Бир ровий ҳадис ривоят қилса, лекин унинг ҳукми қиёсга хилоф келса, уни тарк этамиз. Биз қиёс десак, баъзилар «Булар қуруқ ақлий хулосани назарда тутяпти», деб ўйлашади. Аслида эса бу ўриндаги қиёс – шариатнинг далиллари асосида шаклланган катта қоидадир. Чуқурроқ тушунишимиз учун, қиёснинг ақлий хулоса эмас, шаръий қоида эканини баён қилиш учун бир мисол келтирамиз. Олов теккан нарсани егач, таҳорат қилиш ҳақида ҳадис бор. Олдинги мавзуларда ҳам туя гўшти еганда таҳорат бузилиши ҳақидаги ҳадисни шофеъийлар ҳам, моликийлар ҳам асос қоидаларга зид келгани учун рад этишганини айтиб ўтган эдик.
Бир куни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олов теккан нарса сабабли таҳорат қилинглар», деганлар», дейди. Ўша жойда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. У эътироз билдириб, «Ундай бўлса, қайнаган сувдан фойдалансак ҳам таҳорат қиларканмиз-да?» дейди, яъни «Таҳорат қилиш учун сув қайнатсак, кейин ўша сувда таҳорат қилсак, олов теккан нарсадан фойдаланганимиз учун яна таҳорат қиламизми? Бу ғалати-ку?» деган маънода савол беради. Бу гапни эшитган Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Эй жиян, мен «Расулуллоҳ айтдилар», десам, сен ўзингча мисоллар тўқияпсанми?» дейди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу жуда катта фақиҳ эди. Абу Ҳурайра эса фиқҳда Ибн Аббоснинг даражасида эмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббоснинг ҳаққига дуо қилиб, «Аллоҳим, уни динда фақиҳ қилгин», деганлар.
Энди ўйлаб кўрайлик, бу икки саҳобадан қай бири ҳақ эди? Олов теккан нарсадан фойдалангач, таҳорат қилишни ҳеч бир мужтаҳид айтмаган. Бу ҳадисга амал қилинмаган, чунки унинг маъноси бошқа. Оловда қайнаган сувга таҳорат қилсангиз, олов теккан нарсани ишлатганингиз учун яна қайта таҳорат оласизми?! Ростдан ҳам бу ғалати иш.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу нима учун бу ҳадисни тарк қилганлар? Чунки ҳадиснинг маъноси қиёсга хилоф келган эди, яъни шариатда иссиқ сувга таҳорат қилиш мумкин бўлса, пиширилган гўшт ейиш жоиз бўлса, қандай қилиб уларни еганда танадан ҳеч нарса чиқмаса ҳам, таҳорат бузилиши мумкин? Бу ва бундан олдинги асос бўлган қоидага қараб ҳукм чиқариш масаласи бир-бирига жуда ўхшайди.
Демак, ҳанафий фақиҳлар мурсал ҳадисни саҳиҳ деб қабул қилишди. Ҳадис саҳиҳ бўлиши учун асос қоидаларни, қиёсга зид келмаслик шартини қўшишди. Буни таҳорат мисолида кўриб чиқдик. Энди мавзуни яхшироқ ёритиш учун яна бир мисол айтамиз.
Саҳл ибн Абу Ҳасма розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда қўлда турган хурмони дарахтда турган хурмога айирбошлаш, сотиш жоизлиги айтилган. Саҳл розияллоҳу анҳу фақиҳ саҳоба эмас. Бу зот айтган ҳадис «Бир жинсдаги икки маҳсулотни икки хил вазнда айирбошлаш жоиз эмас, йўқса рибо бўлиб қолади», деган катта қоидага хилоф келяпти. Агар Саҳл розияллоҳу анҳунинг ҳадисини олиб, бу ишни жоиз десак, мутавотир йўл билан келган қатъий ҳадисларни тарк этишимизга тўғри келади. Шунинг учун биз ўша асос бўлган қоидани оламиз-да, Саҳлнинг ҳадисини тарк этамиз.
Кейинги қоида: Жуда кўп одамларга тегишли бўлган масалада оҳод ҳадис келса, уни рад этамиз. Бу ерда оҳод десак, битта йўл билан келган ҳадисни тушунманг, ундай эмас. Модомики ҳадис машҳур ёки мутавотир даражасига етмаса, бешта ёки ўнта йўлдан келса ҳам, оҳод дейилаверади. Демак, машҳур ва мутавотирга етмаган ҳадис оҳоддир. Ҳаммага тегишли, инсоннинг кундалик иши тушадиган масаладаги ўша ҳадис агар ҳақиқатда ҳам мавжуд бўлганида, ровийлар орасида машҳур бўлиб кетган бўлар эди. Саҳоба ва тобеъинлар динни тарқатишда тинмай ҳаракат қилган, доимо илм ўрганишдан ва уни ўргатишдан толмаган бўлишса-да, оммага тегишли бу ҳадиснинг оҳод ҳолатда қолиб кетиши ғалати бўлади. Бу қоидага намозда такбири таҳримадан бошқа ўринда қўлни кўтариш мисол бўла олади. Бизнинг мазҳабимиз қўл кўтаришни қабул қилмаган. Қўлимизни фақат намозни бошлашдагина кўтарамиз. «Бу борада ҳадислар келган-ку», дейилса, бу борадаги ҳадис оҳод бўлиб, барчага маълум бўлиши керак бўлган бундай амал оҳод йўли билан келиши мумкин эмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар куни саҳобаларга беш маҳал намоз ўқиб берардилар. Барча саҳобалар у зотнинг рукуъ ва саждаларини бирдек нақл қилишган, бирорта саҳоба намознинг тартибида ихтилоф қилмаган. Аммо нега улар қўл кўтаришда ихтилоф қилишган? Қўл кўтариш ҳам намознинг бир бўлаги бўлганида, рукуъ ва сажда каби у ҳам бир хил нақл қилиниши керак эди. Ривоятлар турлича келгани учун, демак, бу амал ҳар доим бир хил қилинмаган экан, деб қарор қилдик.
Ҳанафий мазҳабининг имоми бўлган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Сизларга Расулуллоҳнинг намозларидек намоз ўқиб берайми?» деб намоз ўқиб берганларида таҳримадан бошқа жойда қўл кўтармаганлар.
Жумладан, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳам бир мартадан бошқа ўринда қўл кўтармасдилар. Имом Таҳовий шу ўринда: «Бу амални Ибн Масъуд, Умар ва уларнинг даражасидаги саҳобалар билмай қолиши ақлга тўғри келадими?» деган. Кўтариш борасидаги ҳадислар саҳиҳ бўлса, қўл кўтаришни кичик саҳобалар билиб ривоят қилишган бўлса, шундай катта саҳобалар бу амални ташлаб қўйишлари мумкинми? Албатта, йўқ! Шу сабаб биз буни қабул қилмадик. Бу қоидага «ҳадиснинг саҳиҳ бўлиш шарти» деб қарасак ,тўғри бўлади. Биздан бошқалар бу қоидани қабул қилмаслиги мумкин. Аммо биз қабул қилишимиз учун далилимиз бор экан, бизга эътироз билдиришга ўрин йўқ.
Бу масалани ҳам тушуниб олдик.
Энди саҳобанинг ўзи ривоят қилган ҳадисга мувофиқ фатво беришига ўтамиз. Баъзида саҳобалар ҳадисга хилоф фатвони берганини кўрасиз. У зотларнинг бундай қилишлари ўша ҳадиснинг мансух эканига далолат қилади. Йўқса, буюк саҳобалар бу ҳадисни тарк қилмаган бўлишарди. Масалан, ёши катта болани эмизганда маҳрамлик собит бўлиши масаласи.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Саҳла бинт Суҳайл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Ҳузайфанинг юзидан ҳузуримга Солимнинг – у унинг халифи[1] эди – кириб туриши ёқмаётганини кўряпман», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни эмизгин», дедилар. У: «Қандай қилиб уни эмизаман, ахир у ёши катта одам‑ку?!» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилиб, «Катта одамлигини биламан», дедилар»[2].
Ровий Амр ўз ривоятида «У Бадрда қатнашган эди», деб қўшимча қилган.
Ровий Ибн Абу Умарнинг ривоятида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар», дейилган.
Имом Муслим ривояти.
Кўриб турганингиздек, бу ҳадис ёши катта одамнинг разоъати собит бўлиши тўғрисида экан. Лекин имом саҳобалар бу ҳадисни қабул қилишмаган, «Бола икки ёшдан кейин эмизилса, маҳрамлик собит бўлмайди», дейишган. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Солимни ўғил қилиб олган саҳобия аёлга «Уни эмизгин», деганлар. Ўшанда Солим ўн етти ёшда эди. Уламолар: «Бу рухсат Солимнинг ўзига хос эди, яъни Исломдан олдин ҳам ўғил қилиб олиш бор эди, Ислом буни бекор қилгач, ёшлигиданоқ уларнинг уйида ўсиб келаётган Солимга ва хонадон аҳлига ноқулайликлар пайдо бўлар эди. Бунинг устига, уй ҳам биргина хонадан иборат бўлган. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ўзига изн берганлар. Баъзи саҳобаларга хос шунга ўхшаш изнлар кўп топилади. Бундай ҳадислар умумий ҳукмни эмас, балки маълум бир ҳодисани нақл қилиш, дейилади», дейишган.
Оиша онамиз эса бу жиҳатга эътибор бермай, Солимнинг воқеасини далил қилиб, бошқаларга ҳам фатво берардилар. У кишидан бошқа барча саҳобалар буни қабул қилишмаган. Демак, Солимнинг ҳадисини нега олмадик? Саҳобалар олмагани учун. Ҳадис саҳобаларнинг амалига хилоф келса, бундай ҳадис олинмайди. Бу ҳам кучли қоида.
Шунингдек, бир ҳадисни ривоят қилган саҳобанинг ўзи ўша ҳадисга амал қилмаса, бу ҳам ўша ҳадиснинг мўътабар эмаслигига далолат қилади, чунки тақвода намуна бўлган саҳоба ўзи билиб, ривоят қилиб турган ҳадисига амал қилмас экан, бундан у ҳадиснинг мансух экани маълум бўлади.
Бунга мисол тариқасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг қуйидаги ҳадиси келтирилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир идишни ит яласа, етти марта ювиб ташланглар. Биринчисини тупроқ билан бошланглар», деганлар.
Шу ҳадисни ривоят қилган Абу Ҳурайранинг ўзи ит ялаган нарсани уч марта ювиш билан чекланар эди. Демак, ўзи ривоят қилган ҳадисини амал учун қабул қилмади. Бу манҳаж ҳам ҳадиснинг саҳиҳ бўлиш шартларидан бири бўлиб, мўътабар қоида саналади.
Ҳанафий мазҳабининг бу борадаги ўзига хос мактабини умумий кўздан кечирсак, шу нарса маълум бўладики, ҳанафийларда саҳобаларнинг амали ва оят-ҳадислардан шаклланган қоидаларнинг ўрни катта экан. Бундан келиб чиқиб, улар суннатга бошқача таъриф беришган, машҳур ҳадисга амал қилишга алоҳида эътибор қаратишган, салафи солиҳлар табақама-табақа бирдек амал қилиб келишини далил деб билишган.
Сиз бир ҳадисни ўқисангиз, у Қуръонга хилоф бўлиши мумкин, турли маъноларни ифода этиши мумкин, мутавотир ва машҳур ҳадисларга мухолиф бўлиши мумкин, оммавий ишлар борасида оҳод бўлиши, саҳобалар қабул қилмаган бўлиши мумкин. Қолаверса, ҳадис қолиб, саҳобалар ўша масалада ихтилоф қилишса-ю, бирорта саҳоба ўша ҳадисни далил сифатида келтирмаса, бу ҳам ҳадиснинг мақбул эмаслигига далолат қилади. Ҳадис таъвил қилиниши, бирон воқеага хос бўлиши ва бошқа кўплаб эҳтимолларга ҳам учраши мумкин.
Демак, ҳар бир ҳадис ўндан ортиқ чиғириқдан ўтиши керак экан.
Бир ҳадисга амал қилинмаган бўлса, демак, саҳобалар бепарво бўлгани учун эмас, балки ундаги бирон иллат туфайли рад қилинган бўлади, саҳобалар шу йўлни тутиб, айни суннатни татбиқ қилган бўлишади. Шунинг учун ҳанафий уламоларимиз ихтилофли масалаларда суннатга мувофиқроғи қайсилигини билиш учун юқоридаги каби қонун-қоидалар ишлаб чиқишган. Саҳобаларнинг манҳажи ҳам шундай бўлганини мисоллар билан кўриб ўтдик.
Хулоса қилиб айтганда, фуқаҳолар ҳадиснинг саҳиҳ бўлиши учун мана шу шартлар ва қайдларни қўйишган. Уларнинг фиқҳ мактаби маънони, яъни оят-ҳадислардан англашилган умумий асосни маҳкам ушлашга асосланган. Фиқҳни барпо қилишда Ислом уммати суянган пойдевор ҳам мана шудир.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
[1] Бу ерда «ҳалиф» сўзи мавло, яъни озод қилинган қул маъносида келган./span
[2] Бу ерда ва бундан кейинги ҳадисларда «эмизиш» деганда аёл киши сутини бир идишга соғиб бериши назарда тутилган. Бу ҳақда Ибн Саъднинг ривоятида очиқ айтилган. Саҳла розияллоҳу анҳо дастлаб тўғридан‑тўғри эмизишни тушунган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шунинг учун кулганлар. Кейин эса унга соғиб бериш кераклигини айтганлар./span
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.