
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَكْثِرْ مِنْ قَوْلِ لَا حَوْلَ وَلَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللهِ، فَإِنَّهَا كَنْزٌ مِنْ كُنُوزِ الْجَنَّةِ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ»ни кўпроқ айт. Чунки у жаннатнинг хазиналаридан биридир», дедилар».
Демак, ким жаннатнинг хазиналаридан бирига эга бўлмоқчи бўлса, «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи»ни кўпроқ айтиши керак экан.
وَقَالَ مَكْحُولٌ رَضِي اللهُ عَنْهُ: فَمَنْ قَالَ لَا حَوْلَ وَلَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللهِ، وَلَا مَنْجَا مِنَ اللهِ إِلَّا إِلَيْهِ، كَشَفَ اللهُ عَنْهُ سَبْعِينَ بَابًا مِنَ الضُّرِّ أَدْنَاهُنَّ الْفَقْرُ. رَوَى هَذِهِ الثَّلَاثَةَ التِّرْمِذِيُّ.
Макҳул розияллоҳу анҳу:
«Ким «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи. Ва лаа манжаа миналлоҳи иллаа илайҳи» деса, Аллоҳ ундан етмиш зарарнинг эшигини ёпади. Уларнинг энг кичиги фақирликдир», деди».
Учовини Термизий ривоят қилган.
Ким ўзидан зарарларнинг узоқ бўлишини истаса, «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи. Ва лаа манжаа миналлоҳи иллаа илайҳи», деб айтсин.
Маъноси: «Аллоҳдан бошқа ҳол ва қувват йўқ, Аллоҳдан Унинг Ўзидан бошқа нажот манзили йўқ».
«Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи»ни уламоларимиз қисқа қилиб «Ҳавқала» номи билан атаганлар. Яъни «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи»нинг турли сўзларидан баъзи ҳарфларни олиб, «ҳавқала» сўзи ҳосил қилинган.
Имом Нававий «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи»нинг маъноси ҳақида имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларига ёзган шарҳларида бундай деганлар: «Абул Ҳайсам ««Ҳавл» ҳаракат маъносидадир. Шунда умумий маъно «Аллоҳнинг хоҳишисиз ҳеч бир ҳаракат ҳам, қувват ҳам йўқ» дегани бўлади», деб айтган».
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бундай деганлар:
«Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи»нинг маъноси – «Аллоҳнинг сақловисиз У Зотнинг маъсиятидан бурилиш йўқ. Ўзининг ёрдамисиз У Зотнинг тоатига қувват йўқ», деганидир».
Тўрт мазҳаб уламолари азонда «Ҳайя алас-солаҳ. Ҳайя алал-фалаҳ» калималари айтилганда «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи» дейиш мустаҳаблигини таъкидлаганлар. Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида кўрсатма берганлар.
Шунингдек, қийин ҳолга тушганда, бемор бўлганда, бирор нарсадан ажабланиб, унга кўзи тегишидан қўрққанда, бир нарсадан шумланганда, уйидан чиқаётганда, кечаси уйғониб кетганда, ҳар намоздан кейин «ҳавқала»ни айтиш мустаҳабдир.
«Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи» калимаси тўқсон тўққиз дардга даводир. У қалбга тушган ғам-андуҳларни даф қилади.
Имом Табароний ва Ҳокимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
«Ким «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи»ни айтса, тўқсон тўққиз дардга даво бўлур. Энг енгили ғамдир».
«Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи» бандага берилган неъматни муҳофаза қилиш ва ундаги яхшилик ва фазлни боқий қолдириш йўлидир.
Имом Табароний Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимга Аллоҳ неъмат берса-ю, у бу неъматнинг ўзида боқий қолишини истаса, «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи»ни кўп айтсин», деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи» ила мушкул кушойиш бўлишини ва бало-офат даф бўлишини ўз тажрибаларида синаб кўрганлар.
Ибн Касийрнинг тафсирида ва имом Суютийнинг «ад-Дуррул Мансур» номли тафсирларида Муҳаммад ибн Исҳоқ ва Ибн Абу Ҳотимлардан қуйидагилар ривоят қилинади:
«Молик ал-Ашжаъий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Ўғлим Афв асирга тушиб қолди», деди.
«Унга одам юбориб, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи»ни кўп айтишни амр қилмоқдалар» деган хабарни етказ», дедилар.
Хабарчи бориб, унга ҳалиги гапни етказди. Афв тинмасдан «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи»ни айтишда бардавом бўлди. Унинг ўғлини қайиш билан боғлаб қўйишган эди. Қайиш ундан ечилиб тушди. У чиқиб қараса, бир туя турибди. Уни миниб олди. Ташқарига чиқиб, қавмнинг қўрасини кўрди ва у ердаги бор жонлиқни ҳайдаб кетди.
Эшик олдига келиб, чақиргандагина ота-онаси унинг келганини билиб қолдилар. Отаси хурсанд бўлиб:
«Каъбанинг Робби ила қасам! Афв!» деди.
Онаси эса:
«Вой, шўрим! Афв қайишда боғланиб азоб чекибди!» деди. Ота билан ходим унинг олдига шошиб бордилар. Қарашса, Афв ҳовлини туяга тўлдириб юборибди. У отасига бўлган воқеани айтиб берди. Отаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, Афв ва туялар ҳақидаги хабарни берди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уларни нима хоҳласанг, ўшандай, ўз туянгга нима қиладиган бўлсанг, шундай қил», дедилар.
Сўнг «Талоқ» сурасидаги:
«Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир» ояти нозил бўлди» (2-3-оятлар).
«Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи»ни кўп айтиш фақирликни даф қилади.
Ибн Абу Дунё Асад ибн Вадоъадан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ҳар куни юз марта «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи»ни айтса, унга фақирлик етмас», деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким уни айтса, Аллоҳ ундан зарарнинг етмиш эшигини кашф қилади. Энг енгили фақирлик», деганлар.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 35-жузи
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 2 августдаги 02-07/6202-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.