1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Мулкчилик ҳақлари

13:34 / 30 октябрь 622 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эр-хотиннинг бир-бирларига нисбатан бир қатор ҳақлари бўлганидек, қул эгалари ҳам риоя қилишлари керак бўлган бир қанча ҳақлар мавжуд (албатта бунга қўл остида ишчи-ходимлари бўлганлар ҳам киради). Ана шу ҳақларга тўлиқ риоя қилиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги васиятларидандир. Зеро, у зот қул ҳақлари хусусида шундай деганлар:

“Эй Абу Зарр! (Унинг онасига тил узатганингга кўра) сенда жоҳилият (руҳияти) бор одам экансан. Аллоҳ уларни сизларнинг қўл остингизда қилиб қўйди. Шундай экан еганларингиздан едиринглар, кийганларингиздан кийдиринглар. Қила олмайдиган ишларни зиммаларига юкламанглар. Агар юкласанглар уларга ёрдам ҳам беринглар”. Имом Бухорий “Ал-Адаб ал-муфрад”да келтирган ривоятда “Аллоҳ сизларни уларга молик қилиб қўйган, агар хоҳласа, уларни сизларга молик қилиб қўяди”, дейилган.

Исломда қўл остидагиларга бўлган эътиборни қаранг! Ўша даврга кўра қуллар, айни пайтда эса, асосан, ишчи-ходимлар билан боғлиқ тавсиялар фақат юқоридагилар билан чекланиб қолмаган: “Агар бирортангизга хизматчиси таомини тайёрлаб олиб келса, унинг ҳарорати ва тутуни унга етган бўлади, (шу боисдан) уни ўзи билан ўтқазиб (бирга) есин. Агар таом (тановул қилиниб) оз бўлса, ўз қўли билан ундан унинг оғзига бир ёки икки луқма солиб қўйсин”.

Қулларнинг, ишчи-ходимларнинг ҳақларида риоя қилинадиган хусуслар қуйидагилардир: еб-ичишда улардан ажралиб турмаслик, уларга кучлари етмайдиган ишларни юкламаслик, кибр ва паст назарда қарамаслик, хато-камчиликларини кечириш, шунингдек, уларга диний вазифаларини уқтириш. Бир қул эгаси қулининг инсонийликка бориб қилган айблари туфайли ғазабланадиган бўлса, ўзининг Аллоҳга нисбатан бандалигидаги камчиликларини ўйлаб инсофга келиши керак. Зеро, Аллоҳнинг қудрати, азамати унинг қудрат ва азаматига қиёс қилиб бўлмас даражада устундир.

Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, (қўл остимиздаги) хизматчи(лар)ни (бир кеча-кундузда) неча марта кечирайлик?" - деб сўради. У зот сукут сақладилар. Ҳалиги одам гапини қайтарди. Яна сукут сақладилар. Учинчи мартасида: “Уни ҳар куни етмиш марта (бўлса ҳам) кечиринглар”, дедилар.

Мана сизга олийжаноблик ва инсонийлик! Ўз ходимига етмиш марта кечиришни тавсия қилган дин унга зулм қилинишига йўл қўядими?!

“Ҳар бирингиз бошқарувчи (ишончли қўриқчи)сиз ва раияти (қўл остидагилар)дан жавобгарсиз. Одамлар устидаги амир ҳам бошқарувчидир ва улардан жавобгардир. Киши оила аъзолари бошқарувчисидир ва улардан жавобгардир. Аёл эрининг уйи ва болаларига бошқарувчидир ва улардан жавобгардир. Қул (бошқа ривоятда “хизматчи” дейилган) хожасининг молига бошқарувчидир ва ундан жавобгардир. Огоҳ бўлингиз, ҳар бирингиз бошқарувчисиз ва ҳар бирингиз раиятидан жавобгарсиз”.

Иш берувчи ва ишчи ҳаққи

Одамлар барча ишларини ҳар доим бир ўзлари қила олмайдилар. Шунга кўра улар бошқаларнинг кўмагига муҳтож бўладилар. Ана шу кўмакнинг ҳамиша беминнат ва текин бўлиши ҳам имконсиз. Келишув ва ҳақ (пул) меҳнатнинг ёлланишида мунтазамликни таъминлайди. Ҳақ эвазига бошқа бировни ишлатувчига “иш берувчи" дейилади. Иш берувчи реал шахс бўлиши мумкин бўлганидек, давлат, вақф ташкилоти, ширкат каби юридик шахс бўлиши ҳам мумкин.

Ҳозирги кун тили билан айтганда ишчи-ходимларнинг ҳақлари борасида шариатимизда алоҳида тўхталиб ўтилган. Ишчи-ходим амалга оширилган иш томонидан эвазига асослари келишувда тайин қилинган бир ҳақ (маош) берилиши, ишчи-ходим ва иш берувчи муносабатлари мусулмон ҳуқуқчилар (фақиҳлар) томонидан батафсил баён қилинган. Акс ҳолда диний-ахлоқий, шунингдек, охират ҳақлари билан боғлиқ ҳолда оғир оқибатлар юзага келиши таъкидланган:

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади. У зот дедилар: “Аллоҳ деди: “Мен қиёматда уч кишининг хасми (даъвогари)ман. (Улар:) менинг номим билан аҳдлашиб, сўнг сўзидан қайтган кимса, ҳур одамни сотиб пулини еган ва бир ишчини ёллаб уни ишлатган, бироқ унга ҳаққини бермаган кимса”.

Ишчи ўз ишини сидқидилдан ва барча қобилиятини жалб қилган ҳолда бажариши, иш берувчи эса ишчига хизматининг эвазига ҳаққини тўлиқ ҳолда адо этиши лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада шундай деганлар:

“Ишчининг ҳаққини тери қуримасдан туриб беринглар”.

Кўпинча олди-бердида юзага келувчи тушунмовчиликлар ноаниқликдан, аниқ келишув қилинмаганликдан келиб чиқади. Ана шундай ҳолга тушиб қолмаслик ҳамда ишчи ёки иш берувчининг ҳаққи поймол бўлмаслиги учун ишчи ишлатувчи ишчисига қанча ҳақ беришини олдиндан билдириб қўйиши лозим.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтмиш жамиятларда ишчиларнинг ҳақларига қанчалик ҳалоллик билан риоя қилинганини ҳадисларда баён қилганлар. Бир ҳадисга кўра, кетаётиб йўлда бўронга тўғри келиб қолган ва бир ғорга кириб жон сақлаган уч кишининг ҳикояси келтирилган. Кутилмаганда катта ҳарсангтошнинг думалаб келиб ғор оғзи ёпилиб, ичкарида қамалиб қолган уч киши ўзларининг солиҳ амалларини восита қилиб Аллоҳдан ғор оғзининг очилишини сўрайдилар. Ана шунда иш берувчи бўлган учинчиси шундай деб дуо қилади: “Аллоҳим, мен бир қанча ишчиларни ишлатиб, ҳақларини бердим. Бироқ ишчилардан биттаси ҳаққини олмасдан кетиб қолди. Унинг ҳаққини (тижорат билан) айлантириб кўпайтирдим ва кўплаб моллар ҳосил бўлди. Бир муддат ўтгач келиб: “Эй Аллоҳнинг бандаси! Ҳаққимни бер”, деди. Мен: “Сен кўриб турган мана шу ҳамма туялар, қора моллар, қўй ва қул-хизматчилар сенинг ҳаққингдан (келди)”, дедим. У эса: "Эй Аллоҳнинг бандаси! Мени мазах қилма”, деди. “Сени мазах қилганим йўқ”, дедим мен. Шунда у барча молларини ҳайдаб олиб кетди, улардан ҳеч нарса қолдирмади. Эй Аллоҳим! Агар буни айнан сенинг розилингга эришиш учун қилган бўлсам, бизни бу ғордан халос эт”. Унинг ана шу дуосидан сўнг ғорнинг оғзини тўсиб турган тош силжиди ва улар ғордан чиқиб кетдилар”. Ҳадисда ишчи ҳаққига қанчалик эҳтиёткор бўлиш лозимлиги айтилмоқда.

Хўш, ишчи ҳаққининг миқдори қанча бўлиши керак? Ишчи-ходимларнинг ҳақларини тайин қилувчи ҳеч қандай оят ёки ҳадис мавжуд эмас. Бироқ оят ва ҳадисларда адолатли ҳақ (маош) тайин қилишда баъзи меъёрлар тақдим этилган. Ишнинг тури, ишлаш муддати, юртнинг иқтисодий даражаси, ишчининг маҳорати каби омиллар иш ҳаққи миқдорини белгилашга таъсир этади. Олди-сотдиларда маҳсулот нархларини узоқ муддат собит тутиш имконсиз бўлганидек, иш ҳаққи миқдорини ҳам музлатиб қўйиш имконсиз. Исломда турли иш ва касблар учун қатъий тайин қилинган ҳақ миқдори маълум қилинмаган бўлса-да, бироқ иш келишувини амалга ошириш жараёнида уни аниқлаштириб олиш тавсия этилган. Акс ҳолда иш келишуви бекор бўлади ва ишчи меҳнат қилган кунлари учун мислий (ўша юртдаги бошқа ишчилар шу ишни қилгандаги миқдорда) бўлган ҳақни олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Ишлаётган ишчининг ҳақ ёки маош миқдори унинг ўзи ва у боқишга масъул бўлган кишиларнинг еб-ичиш, кийиниш, таълим олиш, бошпана каби асосий эҳтиёжларини қондирадиган миқдорда бўлиши керак. Оятларда шундай дейилган:

“Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошларга яхшилик қилишга буюради...”

“...Бас, ўлчов ва тарозини тўла-тўкис ўлчангиз, одамларнинг нарсалари (моллари ва ҳақлари)ни уриб қолмангиз...”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизнинг ишимизга (омил этиб) тайин бўлса, (агар жуфти, аёли бўлмаса) бир аёл олсин (уйлансин), ходими бўлмаса бир хизматчи олсин, агар бир яшаш жойи бўлмаса, яшаш жой олсин”, деганлар. Бошқа ривоятда: “Ким булардан ортиғини талаб қилса, у (омонатга) хиёнаткор ёки (омонат топширилган молдан ўзича олган) ўғри бўлади”, дейилган. Демак, ҳадисдан қуйидаги маъноларни тушуниш мумкин:

– ишчи берувчи берган ишдан ҳосил бўлувчи моддий манфаатдорлик натижасида ишчи, агар бўйдоқ бўлса, оила қура олиши;

– хизматчиси бўлмаса, хизматчи олишга имкони бўлиши;

– яшаш жойи бўлмаса, шунга имкон топа олиши лозим. Мана шулар иш берувчи томонидан ўз ишчисига ҳаётий зарурий нарсаларга эга бўлиши учун таъминлаб берадиган иқтисодий ҳолат бўлиб, ишчи ҳам ўз ўрнида юқорида санаб ўтилганларга қаноат қилмаса, ё (ўзига топширилган вазифада) хиёнат қилади ёки ўзича (ўз фойдасига) ўғрилик содир этади.

Шу ўринда яна ҳақ ва маошларнинг ишчи ёки ходим табақасига таъминлаши зарур бўлган ҳаёт даражасига ишора қилинган. Шунга кўра ишчи ҳаққидан, ходим эса маошидан қиладиган тасарруфлар билан маълум муддат мобайнида бошпанага эга бўлиши, бўйдоқ бўлса оила қура олиши ва улови бўлмаса бир улов сотиб оладиган имкониятга эга бўлиши керак. Бундан ташқари ана шу уловдан бемалол фойдалана олиши учун иқтисодий муҳит юзага келган бўлишини ҳам мақсадлар орасида санаб ўтиш мумкин. Дарҳақиқат, ишчи юзага келтирган иқтисодий қимматларнинг бадаллари ичида ана шу санаб ўтилганларни қоплайдиган миқдорда меҳнат бадали бор.

Бешинчи рошид халифа Умар ибн Абдулазиз (ваф. 101/720) розияллоҳу анҳу ишчи-ходимга шундай мурожаат қилганлар: “Ҳар кимнинг яшайдиган уйи, хизматчиси, душманга қарши фойдаланадиган бир оти ва уй учун зарурий ашёси бўлиши керак. Ана шу имконларга эга бўлмаган кимса қарздор (ғорим) саналади ва закот фондидан қўллаб-қувватланади”.

Хулоса қилиб айтганда, юқоридаги меъёрлар ичида асосий эҳтиёжларга кўра турли касб-корлар учун тайин қилинадиган ҳақ ёки маош маҳсулотлар нархларида юзага келиши мумкин бўлган кўтарилишлар нисбатида ҳақни қайтадан тайин қилиш ҳаққи юзага келади.

Қулларга бўлган муносабатда баён қилинган ҳадисда айтилганидек, ишчи-ходимга кучи етмайдиган ишларни юкламаслик лозим. Ояти каримада шундай дейилган:

“Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани юкламайди...”.

Ҳадисга кўра ишчи-ходимга оғир вазифа ва мажбуриятлар юклатилса, унга ёрдам бериш керак бўлади.

Ишчининг ҳақлари орасида намоз, рўза каби фарз ҳамда суннат ҳисобланган амалларни ўз вақтида бажариб олиш ҳуқуқлари мавжуд. Иш берувчи эса ишнинг зиқлиги сабабли жамоат билан намоз ўқишга рухсат бермаслик ҳаққига эга. Бироқ ёлғиз ўзи ўқиши жоиз бўлмаган жума ва ҳайит намозлари бундан мустаснодир.

Ишчига келишувда тайин қилинган ҳақ ва маошдан ташқари еб-ичиш, кийим-кечак каби ижтимоий ёрдамлар кўрсатиш қоида сифатида мажбурий эмас. Бироқ бундай ёрдамлар иш келишувида жой олган ёки урфлашган бўлса, бунга риоя қилиш керак бўлади.

Абдулҳамид Зайриевнинг “Мусулмоннинг ҳақ ва вазифалари” китобидан

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023-йил 16-январдаги 03-07/184-сонли хулоса хати асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Амир Аҳмад ибн Тулун баъзибаъзида масжидга бориб меҳробдаги имомларнинг қироатига қулоқ солиб турар эди. Бир куни ходимларидан бирини чақириб деди Фалон давоми...

2086 15:18 / 21.10.2022
Мен падари бузрукворим раҳматуллоҳи алайҳдан эшитганман .Шайх Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳнинг бир ўғиллари бор эди. Уни ҳазрат қаергадир илм таҳсил давоми...

875 14:04 / 10 октябрь
Ҳикоя қилишларича, бир олим шогирди билан бирга дала оралаб кетаётган эди. Улар йўлда эски поябзал кўриб қолишди, яқин орадаги далада меҳнат қилаётган деҳқоннинг давоми...

3676 11:00 / 25.02.2024
Табук ғазоти мусулмонлар учун жуда катта синов бўлди. Тўғри, у ислом тарихидаги ҳал қилувчи жанг бўлмаган. Аммо буюк бир синов бўлган. Ўша пайтдаги шароитлар давоми...

2322 18:15 / 30.07.2024