1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мерос

Завул-арҳомнинг мероси

14:07 / 29 октябрь 1004 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Завул-арҳомларнинг мероси

Хунасанинг мероси

Ҳомиланинг мероси

Йўқолган, чўккан ва том остида қолганларнинг мероси

Завул-арҳомнинг таърифи. «Арҳом» сўзи (الْأَرْحَامُ) луғатда «раҳм» (رَحِمٌ) сўзининг кўплиги бўлиб, ҳомиланинг она қорнида пайдо бўладиган жойига нисбатан ишлатилади. Сўнгра бу сўз мутлақ қариндошликка ишлатиладиган бўлган. Бу қариндошлик ота жиҳатидан бўлса ҳам ёки она тарафидан бўлса ҳам қўлланилаверади, чунки «раҳм» калимаси барча қариндошлик турларини ўзида жамлайди. «Арҳом» лафзи шариатда ҳам, луғатда ҳам мутлақ қариндошлик маъносини беради.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ

«Номини ишлатиб бир-бирингиздан сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик (алоқалари)дан қўрқинг» (Нисо сураси, 1-оят).

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ

«Эҳтимол, (иймондан) юз ўгирсангиз, ер юзида бузғунчилик қилиб, қариндошлик ришталарингизни узарсиз?!» (Муҳаммад сураси, 22-оят)

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ سَرَّهُ أَنْ يُبْسَطَ لَهُ فِي رِزْقِهِ وَأَنْ يُنْسَأَ لَهُ فِي أَثَرِهِ فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким ризқи кенг, умри узоқ бўлишини истаса, силаи раҳм қилсин» (Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган).

Истилоҳда завул-арҳомлар деб, Қуръонда ҳам, суннатда ҳам уларга маълум фарз улуши ажратилмаган ва асаба бўлмаган кишиларга айтилади. Бошқача таъбир билан айтганда, фарз эгаси ҳам, асабалар ҳам бўлмаган, марҳум билан қариндошлик алоқаси бўлиб, фарз ёки асабалик йўли билан мерос олмайдиган қариндошлар завул-арҳомлардир. Амма, тоға, хола, сингилнинг ўғли, қизнинг ўғли ва ҳоказолар шу жумладандир.

Завул-арҳомлар мероси тўғрисида мужтаҳид имомларнинг раъйи. Завул-арҳомларнинг мероси тўғрисида мужтаҳид имомлар саҳобаи киромларга эргашган ҳолда ихтилоф қилишган. Бу масалада улар икки гуруҳга бўлинишади.

Биринчи гуруҳ. Бу гуруҳ завул-арҳомларнинг мерос олмаслигини маъқуллаб: «Агар марҳумнинг ортидан фарз эгаси ёки асаба топилмаса, ундан қолган мерос мусулмонлар байтулмолига топширилиб, умумий мусулмонлар манфаати учун ишлатилади. У мол завул-арҳомларга берилмайди», дейишади. Бу икки имом: имом Шофеъий ва имом Молик раҳматуллоҳи алайҳимоларнинг мазҳабидир. Ушбу раъй Зайд ибн Собитдан ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан баъзи ривоятларда нақл қилинган.

Иккинчи гуруҳ. Бу гуруҳ завул-арҳомларнинг мерос олишини маъқуллашади. «Агар марҳумнинг ортидан фарз эгалари ва асабалар қолмаса, завул-арҳомлар бошқалардан кўра марҳумга яқинроқ бўлиб, мерос олишга шулар ҳақлироқ бўлади, қолган меросни байтулмолга беришдан олдин завул-арҳомга берилади», дейишади. Бу Абу Ҳанифа ва Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳимоларнинг мазҳабидир. Алий, Умар, Ибн Масъуд ва бошқа улуғ саҳоба розияллоҳу анҳумлардан ҳам шу фикр нақл қилинган ва жумҳурнинг мазҳаби ҳам ушбу иккинчи гуруҳдадир.

Завул-арҳом мерос олмайди, деганларнинг далили. Завул-арҳомлар мерос олмайди, деган уламоларнинг (Шофеъий ва Моликнинг) далиллари қуйидагичадир:

1. Аслида мерос бериш учун Аллоҳнинг Китоби ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан қатъий далил собит бўлиши шарт. Завул-арҳомларга мерос бериш тўғрисида бу икки манбада собит далиллар йўқдир. Ҳеч бир далилсиз уларга мерос бериш ботилдир.

2. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан амма ва хола мероси тўғрисида сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга Жаброил уларга ҳеч нарса йўқлиги тўғрисида хабар берди», дедилар. Маълумки, амма билан хола завул-арҳомлардандир. Уларга меросдан ҳеч нарса бўлмагач, бошқалар завул-арҳомга ҳам ҳеч нарса берилмайди. Агар биз амма билан холани меросдан маҳрум қилсак, бошқа завул-арҳомларга мерос тақсимласак, тўғри бўлмайди, чунки далилсиз афзал кўришдир. Шунга кўра завул-арҳомларга асло мерос берилмайди.

3. Агар марҳумдан қолган мол мусулмонлар байтулмолига топширилса, барча мусулмонларга тегадиган кўпгина фойда ва манфаатлар амалга ошади. Агар шу ўринда бу молни завул-арҳомларга берадиган бўлсак, у ҳолда ундан келадиган манфаат камроқ бўлади. Ва фойда фақатгина завул-арҳомларга хос бўлиб, бунда уларга ҳеч ким шерик бўла олмайди. Фиқҳий қоида эса умумий манфаат хусусий манфаатдан олдинга қўйилишини кўрсатади. Шу қоидага биноан марҳумнинг моли топширилишига завул-арҳомлардан кўра мусулмонлар байтулмоли ҳақлироқдир.

Завул-арҳом мерос олади, деганларнинг далили. Завул-арҳомлар мерос олади, дегувчилар (ҳанафий ва ҳанбалий мазҳаби) ўз қарашларига Аллоҳнинг Китоби, Расулуллоҳнинг суннатлари ҳамда ақлий далилларни келтиришади.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ

«Аллоҳнинг Китобида қариндошлар бир-бирларига ҳақлироқдирлар» (Анфол сураси, 75-оят).

Ояти каримада завул-арҳомларнинг мерос олишига далил мавжуд. Аллоҳ азза ва жалла бошқалардан кўра қариндошлар бир-бирларидан мерос олишга ҳақлироқ эканлигини зикр қилмоқда. «Улул арҳам» («қариндошлар») лафзи умумий бўлиб, фарз эгаларини ёки асабаларни, ёхуд бошқа қариндошларнинг барчасини ўз ичига олади. Лафз умумий бўлгач, уни фақат фарз эгалари ёки асабалар, ёхуд бошқа қариндошлар, деб хослашга ҳожат йўқ.

Ояти каримада шундай дейилмоқда: қариндошлар қандай бўлсалар ҳам, бошқалардан кўра қариндошлик сабабидан меросга ҳақлироқдирлар. Агар марҳумнинг қариндоши топилса, унга унинг мероси берилади. Бошқа ҳеч кимни ундан ундан ҳақлироқ дейилмайди. Тўғри, завул-арҳомлар ҳам ояти каримадаги «қариндошлар» лафзининг айнан ўзидан қасд қилинмай, унинг умумига дохил бўлади. Лекин ушбу «қариндошлар» лафзи мерос олишда бегоналардан кўра завул-арҳомлар ҳақлироқ эканлигини билдиради. Шундан маълум бўладики, марҳумдан қолган меросга байтулмолдан кўра завул-арҳомлар ҳақлироқдир.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡﭢ ﭣ ﭤ ﭥ

«Эркаклар учун ота-она ва қариндошлар қолдирган нарсадан насиба бор. Аёллар учун ҳам ота-она ва қариндошлар қолдирган нарсадан насиба бор. Озидан ҳам, кўпидан ҳам. Фарз қилинган насиба ўлароқ» (Нисо сураси, 7-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло ҳар бир эркак ва аёл учун ўзининг аҳли ва қариндошлари қолдирган нарсада улуш борлигини зикр қилмоқда. Ояти карима очиқ-ойдин қариндошларга оз бўлса ҳам, кўп бўлса ҳам, улуш тегишини баён қилмоқда. Завул-арҳомларнинг эса қариндошлардан эканлигига барча иттифоқ қилади. Шундай экан, ушбу васфга кўра завул-арҳомлар тарикадан улуш эгаси бўлишга ҳақлидирлар. Бу ояти карима Исломнинг аввалида валийлик ва диндаги биродарлик сабабли ёки ҳижрат ва нусрат сабабли мерос олиш амалини насх қилиш учун нозил бўлган. Ислом шариати мерос оятлари орқали мерос олишга бошқалардан кўра қариндошлар ҳақлироқ эканлигини қарор топтирди. Балки ояти карима умумий қариндошлик сабабли мерос олишни қонунлаштирди. Ушбу зикр қилган оятимиз завул-арҳомларнинг мерос олишига ёрқин далиллардан биридир.

Суннати Набавияда завул-арҳомларнинг мерос олишларига далил бўладиган қуйидаги ҳадислар ворид бўлган:

لَمَّا مَاتَ ثَابِتُ بْنُ الدَّحْدَاحِ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لِقَيْسِ بْنِ عَاصِمٍ: «هَلْ تَعْرِفُونَ لَهُ نَسَبًا فِيكُمْ»؟ فَقَالَ إِنَّهُ كَانَ فِينَا غَريِبًا، وَلَا نَعْرِفُ لَهُ إِلَّا ابْنَ أُخْتِهِ، هُوَ أَبُو لُبَابَةَ ابْنِ عَبْدِ الْمُنْذِرِ. فَجَعَلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مِيرَاثَهُ لَهُ.

«Собит ибн Даҳдаҳ вафот этганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қайс ибн Осимга «Сизларнинг ичингизда унинг бирорта қариндоши борми?» дедилар. Қайс ибн Осим: «У бизнинг ичимизда ғариб эди. Унинг Абу Лубона ибн Абдулмунзир исмли синглисининг ўғлидан бошқа бирорта яқини борлигини билмаймиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг меросини шунга бердилар».

Сингилнинг ўғли фарз соҳиби ҳам, асаба ҳам бўлмайди. Балки у завул-арҳомлардандир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни меросхўр қилдилар. Ушбу ҳадис, агар марҳумнинг ортидан фарз эгаси ва асаба қолмай, фақат завул-арҳомлардан қолса, уларнинг мерос олишига далилдир.

Уламолар яна қуйидаги воқеани ҳам далил қилиб келтирадилар:

«Бир киши Саҳл ибн Ҳунайфга камондан ўқ отиб, уни ўлдириб қўйди. Унинг битта тоғасидан бошқа меросхўри йўқ эди. Абу Убайда ибн Жарроҳ бу хусусда Умар ибн Хаттобга хат ёзди. Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзлари билан жавоб берди:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : «الْخَالُ وَارِثُ مَنْ لَا وَارِثَ لَهُ». أَخْرَجَهُ التِّرْمِذِيُّ عَنْ عَائِشَةَ.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тоға меросхўри йўқнинг меросхўридир», деганлар» (Термизий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган).

Ушбу қиссада Умарул Форуқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини айтиб бериши завул-арҳомларнинг мерос олишига далил бўлиб келмоқда. Тоғанинг фарз эгаси ва асаба эмаслигига барча иттифоқ қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тоғанинг, агар ундан кўра марҳумга яқинроқ киши бўлмаса, меросхўр эканлигини айтмоқдалар.

Завул-арҳомларнинг мерос олишларига ақлий далил ҳам келтиришади:

Меросга байтулмолдан кўра завул-арҳомлар ҳақлироқдирлар, чунки байтулмол марҳумга битта робита орқали боғланмоқда. Бу Ислом робитасидир. Аммо завул-арҳомларнинг марҳум билан бўлган робиталари иккитадир: бири Ислом робитаси бўлса, иккинчиси – қариндошлик робитаси. Ким марҳумга икки жиҳатдан боғланса у бошқалардан кўра ҳақлироқ. Мисол учун, агар туғишган ака билан ота бир ака қолган бўлса, молнинг ҳаммасини туғишган ака олади, чунки туғишган аканинг марҳумга яқинлиги икки жиҳатдандир. Бири ота тарафидан, иккинчиси она тарафидан. Ота бир аканинг марҳумга яқинлиги фақат битта, яъни ота тарафидандир. Завул-арҳомлар ҳам худди шундайдир.

Шофеъий ва моликий уламолар далил қилиб келтирган юқоридаги «Менга Жаброил уларга (амма ва холага) ҳеч нарса йўқлиги тўғрисида хабар берди» ҳадисига келсак, бу ҳадис мерос оятлари нозил бўлишидан олдин айтилган ёки амма ва хола фарз эгаси ва асаба бор бўлганида ҳеч нарса олишмайди, деган маънога ҳамл қилинади. Зеро, марҳумга завул-арҳомлардан яқинроқ фарз эгаси ёки асабалардан бирор киши бўлса, улар мерос олишмайди. Шундан кўринадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фарз эгалари, асабалар ва улар билан бирга амма ҳамда хола қолганда мерос қандай бўлиши тўғрисида сўрашган. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга Жаброил уларга ҳеч нарса йўқлиги тўғрисида хабар берди», деганлар. Ушбу ҳадисни кейинги «Тоға меросхўри йўқнинг меросхўридир» деган ҳадис билан жамлаб тушунсак, ушбу таъвил юзага чиқади.

«Ислом шариатида мерос илми» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5163-рақамли ҳамда 2022 йил 27 сентябрдаги 03-07/7348-рақамли хулосалари асосида чоп қилинган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Али Собуний
Таржимон
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳажбнинг таърифи Ҳажбнинг турлари Ҳажби ҳирмон ва ҳажби нуқсон Меросдан асло ҳажб бўлмайдиган меросхўрлар Ҳажб бўладиган эркак ва аёллар .Баракали ака, ва давоми...

1496 14:31 / 08.12.2024
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Сендан фатво сўрайдилар. Айт .Аллоҳ сизга калола ҳақида фатво беради бир одам ўлсаю, унинг давоми...

2346 14:00 / 29.04.2024
Олтидан бирни оладиган меросхўрлар етти тоифадир 1. Ота 2. Саҳиҳ бобо 3. Она 4. Ўғилнинг қизи 5. Ота бир опасингил 6. Саҳиҳ момо 7. Онанинг боласи она бир акаука ёки давоми...

1427 17:10 / 20.10.2024
Мероснинг ярмига ҳақдор меросхўрлар бешта бўлиб, уларнинг биттаси эркак, тўрттаси аёлдир 1. Эр 2. Қиз 3. Ўғилнинг қизи 4. Отаона бир туғишган опасингиллар 5. Ота бир давоми...

2045 15:00 / 26.08.2024
Аудиолар

210982 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130241 14:35 / 11.08.2021