
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ
«Албатта, тинглайдиганларгина қабул қилурлар. Ўликларни эса Аллоҳ тирилтирур ва сўнгра Унинг Ўзига қайтарилурлар» (Анъом сураси, 36-оят).
Ушбу ояти каримада исломий даъватга нисбатан иккига бўлинадиган қарама-қарши икки гуруҳ назарда тутилмоқда.
Биринчи гуруҳ – «тинглай оладиганлар» гуруҳи. Яъни Аллоҳ таолодан келган даъватни, баённи – Қуръонни тинглай оладиганлар, тинглаган нарсаларини тушуниб, ўзларига сингдириб, уларга амал қиладиганлар гуруҳи. Улар қалблари тирик, очиқ ва яхшиликни қабул қилишга тайёр кишилардир. Ана ўшаларгина Ислом даъватини қабул қиладилар.
«Албатта, тинглайдиганларгина қабул қилурлар».
Иккинчи гуруҳ – «ўликлар», яъни маънавий ўликлар гуруҳи. Уларнинг танасида жонлари бўлса ҳам, қалблари ўликдир. Шунинг учун Ислом даъвати ўлик жасадга таъсир қилмагандек, уларга ҳам таъсир этмайди.
Кофирлар ана шу ҳолда яшаб ўтадилар. Лекин абадий бундай ҳолда қолмайдилар:
«Ўликларни эса Аллоҳ тирилтирур ва сўнгра Унинг Ўзига қайтарилурлар».
Яъни кофирлар бу дунёдан ўтганларидан кейин қиёмат куни Аллоҳ уларни қайта тирилтиради ва улар Маҳшарга, Аллоҳ таолонинг Ўзига қайтариладилар.
Кейинги оятда кофирларнинг яна битта шубҳалари зикр қилинади:
ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ
«Улар: «Унга Роббидан бир оят (мўъжиза) нозил бўлса эди», – дерлар. «Албатта, Аллоҳ оят (мўъжиза) нозил қилишга қодирдир, лекин кўплари билмаслар», – деб айт» (Анъом сураси, 37-оят).
Кофиру мушриклар доимо «Бошқа пайғамбарларга тушгани каби, Муҳаммадга ҳам Роббидан моддий оят – мўъжиза тушса эди», дейишар ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига келиб, турли талабларни қўйишар эди.
«Улар: «Унга Роббидан бир оят (мўъжиза) нозил бўлса эди», – дерлар».
Аммо Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари, бошқа пайғамбарларнинг мўъжизалари каби, моддий мўъжиза бўлишини хоҳламади. У кишига Қуръони Каримни маънавий мўъжиза қилиб берди. Бошқа пайғамбарларга берилган мўъжизалар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан ҳам содир бўлган. Аммо бу одатдан ташқари ишларга алоҳида эътибор берилиб, улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларининг далили сифатида бўрттириб кўрсатилмас ва тарғиб қилинмас эди. Саҳобаи киромлар бу мўъжизаларни оддий ҳодисалар деб билишар, улар тез-тез содир бўлиб турар ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам учун жуда ҳам ўнғай бир ҳол эди. Бунинг устига, бу майда ишлар маънавий мўъжиза – Қуръон мўъжизаси соясида кўринмай кетар эди.
Нима учун Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бош мўъжизалари Қуръони Карим эканининг ҳақиқий ҳикматини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Аммо уламоларимиз ижтиҳодлари ила баъзи ҳикматларни тилга оладилар. Жумладан, қуйидаги фикр кўп зикр этилади.
Аввалги пайғамбарларнинг бош мўъжизалари моддий мўъжизалар эди. Оддий инсон қила олмайдиган айрим мўъжизалар пайғамбарларга Аллоҳ таолонинг инояти ила воситасиз, уларнинг хизматлари учун бериб қўйилган эди. Дуо ёки баъзи ишоралар билан ўша мўъжизалар содир бўлаверар, шу билан бирга, ҳар бир пайғамбар бу дунёдан кетиши билан мўъжизаси ҳам ўзи билан кетган. Чунки мазкур пайғамбарларнинг шариатлари маълум бир қавм ва маълум бир вақт билан чегараланган эди.
Аммо Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари – охирги шариат, абадий шариат, ҳар бир замон ва маконга салоҳиятли шариат бўлгани учун у кишига бош мўъжиза этиб Қуръони Карим берилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бу дунёдан ўтдилар, аммо мўъжизалари қиёматгача қолади, одамларни Исломга жалб қилаверади. Дастлаб Қуръоннинг балоғат, фасоҳат ва тилдаги мўъжизасига эътибор берилди, одамлар унинг олдида ожиз қолиб, иймонга келдилар. Аммо вақт ўтиши ва ақл-тафаккур ўсиши билан Қуръондаги илмий, ижтимоий, тарихий, ададий ва бошқа турли мўъжизаларни англаб, унинг олдида ожиз қолиб, Исломни қабул қилмоқдалар. Ҳозирги замонда Исломни янги қабул қилаётган кишилар асосан шулар жумласидандир.
Иккинчи сабабга эса ушбу ояти кариманинг ўзида ҳам ишора бор:
«Албатта, Аллоҳ оят (мўъжиза) нозил қилишга қодирдир, лекин кўплари билмаслар».
Нимани билмаслар? Албатта, Аллоҳнинг оят – мўъжиза туширишга қодир эканини билмайдилар. Оят – мўъжиза туширишни талаб қилганларнинг талаби қондирилиб, мўъжиза туширилса-ю, талабгорлар шундан кейин ҳам кофирлигича қолаверса, ўша умматни Аллоҳ таоло бутунлай ҳалок қилиб юборишини тушунмайдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари охирги уммат бўлгани учун ҳам, Аллоҳ таоло бу умматга оят – мўъжизани талабга биноан туширишни ирода қилмаган.
Мушрик ва кофирлар иймон келтириш учун мўъжизани, лол қолдирувчи нарсаларни хоҳлаётган бўлсалар, алоҳида талаб қилиб ўтирмасдан, атрофларига бир қарасалар, ҳар қадамда энг улкан мўъжизаларни кўрадилар.
«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.