Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Тахоружнинг таърифи
Тахоруж деб меросхўрлардан бири қолган меросхўрларнинг маслаҳати билан меросдан чиқишига айтилади. Шунда у тарикадан ёки бошқа жойдан оладиган мол эвазига меросдаги улушини олмайди. Меросхўр ўзининг улушини бир йўла олмай, бошқа меросхўрларга бериб юбориши шаръий жиҳатдан жоиздир. Шунда у меросдаги ҳаққини соқит қилди, дейилади. Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг тўртта хотини бўлиб, у киши вафот этганда қолган хотинлар ораларидаги Тумодир бинт Асбағ исмли аёли билан сулҳ тузиб, меросдаги саккиздан бирнинг тўртдан бирини олиш ҳаққидан чиқарганлар. Унга бунинг эвазига юз минг дирҳам берганлар.
Тахоружга амал қилиш
Меросдан маълум нарса эвазига келишиб, меросхўрлардан бирини меросдаги шерикликдан чиқарилса, икки ҳолатдан бири бўлади:
1. Барча меросхўрларнинг келишуви асосида;
2. Меросхўрларнинг бири билан ёки баъзиси билан келишуви асосида.
Биринчи ҳолат. Аввало масалани тасҳиҳ қилиб олинади. Сўнгра чиқарилган кишининг улуши тасҳиҳдан ташлаб юборилади ва гўё у улушини тўлиқ олгандек қилинади. Кейин қолган мол бошқа меросхўрлар орасида тақсимланади, уларнинг улушлари йиғиндиси масаланинг асли бўлади.
Агар бир киши вафот этиб, ортидан отаси, қизи ва хотини қолса, ундан бир ҳовли ва 4200 динор мерос қолдирган бўлса. Хотинга ҳовлини бериб, меросдан чиқаришга келишилса, ушбу ҳолатда мерос ота ва қиз ўртасида тақсимланади. Бу иккисининг улуши масаланинг асли бўлади.
Масаланинг асли 24 дан. Агар хотиннинг улушини соқит қилсак, у 3 эди, 21 улуш қолади. Масалани ота ва қизнинг улуши йиғиндисидан, яъни 21 дан қиламиз. Хотиннинг улуши бекор бўлади. Мерос ота ва қиз ўртасида уларнинг улуши миқдорида тақсимланади, чунки хотиннинг улуши ташлаб юборилди. Натижа қуйидагича бўлади: 4200:21=200. Ушбу 200 динор бир улушнинг қийматидир.
Отанинг тарикадан улуши: 9×200=1800 динор.
Қизнинг тарикадан улуши: 12×200=2400 динор.
Жами: 4200 динор.
Иккинчи ҳолат. Агар келишув меросхўрларнинг бири билан бўлса, ўша келишувчи одам келишилган одамнинг ўрнида ҳам улуш олади. Шунда унинг ҳиссаси иккитага айланади: келишилган одам ҳиссаси ва ўзининг меросдаги ҳиссаси.
Бунинг мисоли қуйидагича: бир киши вафот этиб, ортидан хотини, қизи ва иккита ўғли қолди. Ўғиллардан бири синглисининг меросдан улушини олиш эвазига сингилни (меросдан) чиқаришга келишди. Бунинг эвазига ўзининг хос мулкидан сингилга бир нарса берди. Агар келишув охирига етса, мерос икки ўғил ва хотин ўртасида тақсимланади. Сингил билан келишган ўғилга ўзининг улуши ва синглисининг улуши тегади (1-жадвал)
1-жадвал
| |
5 |
Масалани тўғрилаш |
| |
8 |
40 |
40 |
| Хотин ⅛ |
1 |
5 |
5 |
| Ўғил (асаба) |
7 |
14 |
14 |
| Ўғил (асаба) |
14 |
14 + 7 |
| Қиз (асаба) |
7 |
0 |
Масаланинг асли 8 дан бўлиб, тасҳиҳ қилинганда 40 дан бўлади. Хотиннинг улуши 5 та. Қизнинг улуши 7 та. Икки ўғилнинг ҳар бирига 14 тадан улуш тегади. Сўнгра қизнинг улуши у билан келишган ўғилга қўшилади. Шунда ўғилнинг улуши 21 га етади. Аллоҳ таоло тўғри йўлга муваффақ ва ҳидоят қилувчидир.
Машқлар
1. Бир киши вафот этиб, ортидан хотини, қизи, отаси ва учта опа-синглиси қолди. Сўнгра хотин вафот этиб, ортидан ота-онаси, учта туғишган ака-укаси қолди. Тарика: 380 динор қолган.
2. Бир аёл вафот этиб, ортидан эри, туғишган синглиси, ота бир синглиси ва онаси қолди. Сўнгра ота бир синглиси вафот этиб, ортидан момоси, ўғлининг қизи, туғишган амакисининг ўғли қолди. Тарика: 950 динор қолган.
3. Бир киши вафот этиб, ортидан учта хотини, тўртта қизи, иккита туғишган синглиси ва она бир иккита ака-укаси қолди. Сўнгра хотинларидан бири вафот этиб, ортидан ота-онаси, қизи, ўғлининг қизи, она бир акаси қолди. Кейин онаси вафот этиб, ортидан бобоси ва учта қизи қолди. Тарика: 3600 динор.
4. Бир киши вафот этиб, ортидан хотини, ота бир синглиси, она бир акаси ва момоси қолди. Сўнгра момоси ўлиб, ортидан учта қизи ва иккита ўғли қолди. Кейин ота бир синглиси вафот этиб, ортидан эри, қизи ва туғишган акаси қолди. Тарика: 6500 динор.
5. Бир киши вафот этиб, ортидан ота-онаси, туғишган амакисининг ўғли ва она бир акаси қолди. Сўнгра отаси вафот этиб, ортидан ўнта қизи ва иккита ўғли қолди. Кейин ўғиллардан бири вафот этиб, ортидан хотини ва тўртта қизи қолди. Тарика: 8000 динор.
«Ислом шариатида мерос илми» китобидан
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5163-рақамли ҳамда 2022 йил 27 сентябрдаги 03-07/7348-рақамли хулосалари асосида чоп қилинган.