1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Ота-она ва фарзанд ҳақлари

13:15 / 11 октябрь 1049 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Унутманг, ота ва онанинг фарзандлари устида бир қатор ҳақ ва мажбуриятлар бор. Фарзанд халқ тили билан айтганда “туғиб катта  қилган, емай едирган, ичмай ичирган”, хуллас, одам қаторига қўшган ота-онасининг  ҳақларини тўла-тўкис адо қила олмаса-да, бурч сифатида умрининг охиригача уларнинг хизматида бўлади. Аввало Аллоҳнинг, кейин эса бандалардан ота-онасининг ҳақларини адо қилишда бор кучини сарфлайди. Фарзанднинг ота-она олдидаги бурчлари қуйидагилардан иборат: Фарзандлар ота-онага доимо иззат-икром ва эҳсон (яхшилик қилиш), ҳурмат ва итоатда бўлишлари, ота-она ожиз ҳолатда бўлганлари ҳолда кексалик сабабли уларнинг дилни хира қиладиган гап-сўзлари ва ноўрин ишларига парво қилмасликлари, безор бўлиб уларга, ҳатто “уф” ҳам демасликлари керак. Бу динимизда қаттиқ қораланади. Шунингдек, юзини буриштириб, қош чимирмасликлари лозим. Аксинча, уларга нисбатан доим яхши гумонда, очиқ чеҳрали бўлиш даркор. Ота-она фарзандига бирор нарса юклаганида ўша нарсани бажо келтириш учун бор кучини сарфлаши, чин кўнгилдан уларнинг истакларини бажармоғи, улар билан гаплашганда доим паст овозда, итоатли ва ҳурмат-иззатда бўлишлари лозим. Қандай кўринишда бўлмасин уларнинг дилларини асло оғритмаслик керак. Исмларини айтиб мурожаат қилиш асло мумкин эмас.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қайси амал (энг) афзал?”-деб сўрадим. “Вақтида ўқилган намоздир”, дедилар. “Кейин қайси (амал)?”-дедим. “Ота-онага яхшилик қилишдир”, дедилар”. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг бир бандасидан мамнун бўлишига боғлиқ. Дарғазаб бўлиши ҳам шундай. Бу ҳақда ҳадиси шарифларда шундай дейилган:

“Раб (Аллоҳ)нинг розилиги ота(-она)нинг розилигида, Раб (Аллоҳ)нинг ғазаби ота(-она)нинг ғазабидадир”.

Фарзандларнинг ота-оналарини ҳурмат қилишлари, итоат қилишлари, эҳсон қилишлари одат бўлгани учун эмас, албатта. Акс ҳолда унинг ҳеч қандай қиммати қолмайди. Яхши англамоқ керакки, ота-онага қилинадиган яхшиликлар, адо этиладиган бурч ва вазифалар Аллоҳ таолонинг амридир. Шу туфайли ҳар бир фарзанд ўз ота-онасига нисбатан ҳурмат-иззатда бўлиши, уларнинг шариат доирасидаги барча истакларига сўзсиз итоат қилиши, сўзларини икки қилмаслиги, кексалик ва бетоблик пайтларида улар учун қўлидан келган барча ишларни бажариши, уларга ширинсухан ва табассум билан муомала қилиши, улар ҳақида Аллоҳга яхшилик тилаб дуо қилиши, қўпол гапириб озорламаслиги, дилларини оғритмаслиги, хафа қилмаслиги, уларнинг барча эҳтиёжларини қондиришга ҳаракат қилиши кабилар Аллоҳнинг амри бўлгани учун ҳам ибодат саналади. Яъни, ҳар бир фарзанд зиммасидаги фарздир. Фарзандлар ота-оналари олдидаги бурчларини айнан Аллоҳнинг амрига итоат қилиш мақсадида, Унинг розилигига эришиш ниятида адо этадилар. Вафотларидан кейин улар учун яхшиликлар қилиш, уларнинг хотираларига ҳурмат кўрсатиш, улар учун Аллоҳга дуо ва истиғфор айтиш ҳам фарзандлик вазифаси хисобланади.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳдан: “Фарзанд отасига қандай амри маъруф ва наҳйи мункар қилади?” - деб сўралди. Шунда у зот: "Модомики ғазабланмас экан, унга ваъз-насиҳат қилади. Ғазабланса, тилини тияди”, деганлар.

“Маъолимут-танзил”да келтирилишича, Суфён ибн Уяйна: “Ким беш маҳал фарз намозни ўқиса, Аллоҳ таолога шукр қилибди. Ким беш маҳал фарз намоздан кейин ота-онаси ҳаққига дуо қилса, ота-онасига ташаккур билдирибди”, деганлар. Хабарда келишича, фарзанд дастлаб намоздан, кейин ота-она ҳаққидан, аёл дастлаб намоздан, кейин эр ҳаққидан, ишчи-ходим эса дастлаб намоздан, кейин хўжайини ҳаққидан сўроққа тутилади.

Ривоят қилинадики, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга: “Ота-онасига яхшилик (яъни, чиройли муомала, итоат) қилиб менга оқ — осий бўлганни “яхшилардан” деб ёзаман. Менга яхшилик (яъни итоат) қилиб ота-онасига оқ - осий бўлганни “осийлардан” деб ёзаман”, дея ваҳий қилган.

Уларга камтар бўлиш, модомики тирик эканлар уларга беминнат хизматда бўлиш ва бу билан уларнинг розиликларига эришиш уларнинг ҳақларидандир. Фарзанд оз бўлса ҳам улар ёқтирмаган хатти-ҳаракат ва гап-сўзни қилмаслиги керак. Гапирганда овозини уларнинг овозидан баланд кўтармаслиги, уларга бақириб гапирмаслиги, балки паст овозда, оҳиста ва ширин сўзлар билан гапириши унинг фарзандлик бурчидир. Дин мубоҳ қилган ишларда уларга итоат қилиши керак, яъни Ислом динида мубоҳ қилинган нарсаларда, гарчи ота-онаси мушрик бўлсалар-да, бўйсунади. Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ: “Олимларнинг кўпчилигига кўра, ота-онага итоат шубҳали бўлган нарсаларда вожиб бўлиб, ҳаром экани қатъий бўлган нарсаларда вожиб эмас. Чунки шубҳани тарк этиш вараъдир. Ота-онанинг розилиги эса вожибдир”, деганлар. Юқорида ҳам таъкидланганидек, Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилигида, ғазаби уларнинг ғазабидадир.

Алий ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу одобсизлик қилиб қўйишдан чўчиб ота-оналари билан таом емас эканлар. У зот ота-оналарига жуда итоаткор ва меҳрибон бўлганлар. Ота-оналар ҳам, ўз навбатида, ёмон муомала ва жафо қилиб фарзандларини ўзларига итоатсиз, оқ бўлиб қолишига сабабчи бўлмасликлари, ўзларига итоат ва яхшилик қилиши учун уларга ёрдам беришлари, йўл кўрсатишлари керак бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу эрта тонгда оналари хонаси эшиги олдига бориб: “Ассалому алайки вароҳматуллоҳи вабарокатуҳу. Эй онажон! Мени кичиклигимда тарбия қилганингиздек Аллоҳ таоло сизни менинг номимдан яхшилик билан мукофотласин”, дер ва оналари ҳам: “Қариганимда менга яхшилик (ва итоат) қилганинг учун сени Аллоҳ таоло менинг томонимдан яхшилик билан мукофотласин”, деб жавоб берар эканлар. Кейин у зот чиқиб кетар, қайтиб келганларида яна шундай дер эканлар. Фарзанд ота-онасини бошида кўтариб юриши, уларга тавозеъли бўлиши керак. Тавозеъ кўрсатиб онасининг оёғини ўпиши фарзанд учун ниҳоятда улуғ фазилатдир. Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳу: “Ота-онаси тириклигида кишининг уйланмаслиги унинг ақллилигидандир. Чунки уларга шахсан ўзи, ўз қўли билан хизмат қилади, бошқага топшириб қўймайди”, деган эканлар. Балки улардан бири аёли туфайли ундан ранжиб, натижада ўғил гуноҳкор бўлиб қолиши мумкиндир.

Агар мўмин бўлсалар, жаноза намозлари ни ўқиш, Аллоҳ таолодан улар учун мағфират сўраш, бошқаларга берган ваъдалари ва васиятларини адо этиш, уларнинг дўстларию яқинларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, қариндошлари ва яхши кўрган кишилари билан алоқани боғлаш вафот этиб кетгандан кейинги (ота-онанинг фарзанди зиммасидаги) ҳақларидандир.

Фарзанд, агар ота-онаси мусулмон бўлса, молидан қилган садақаларининг савобини ота- онасига деб ният қилсин. Шундай қилса, яъни бирор савобли иш қилиб ота-онаси ва бошқа ўтганларига бағишласа, ўз савобидан бирор нарса камаймайди ва уларга ҳам шунча савоб бўлади.

Рабийъ ибн Хайсам йўлдаги тошлардан бирини, яъни йўлдаги озор берувчи нарсани савобини отасига ният қилиб ўнг томонига, яна бирининг савобини онасига ният қилиб чап томонига улоқтирар эдилар.

Абдулҳамид Зайриевнинг “Мусулмоннинг ҳақ ва вазифалари” китобидан

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023-йил 16-январдаги 03-07/184-сонли хулоса хати асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кунлардан бирида подшоҳ учта вазирини ҳузурига чорлаб, улардан ғаройиб ишни талаб қилибди. Яъни, ҳар бир вазирдан биттадан идиш олиб, қасрнинг боғига бориб, давоми...

3194 11:26 / 25 май
Ким намозни кечиктиришга одатланган бўлса, ҳаётидаги барча ишларини ортга суришга тайёргарлик кўраверсин уйланиш, иш, зурриёт, офият... Зотан, Аллоҳ уни барча давоми...

2037 09:00 / 08.02.2023
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида қўй сўйилди. Уни садақа қилиб юборишни буюрдилар. Сўнгра бир иш билан уйдан чиқиб кетдилар. Қайтиб келгач, Оиша давоми...

2038 09:01 / 06 октябрь
. . , . . , . ,. . ,. . Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят давоми...

3214 11:22 / 19.05.2024