Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръонни тиловат қилиш ҳар бир мўминнинг бурчидир | Қуръони Карим дарслари (172-дарс)

19:00 / 06 октябрь 1477 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Фотир сурасида шундай марҳамат қилади:

«Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, уларга ‎ризқ қилиб берган нарсаларимиздан махфий ва ошкора нафақа қилганлар ҳаргиз ‎касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар. (У Зот) уларга ажрларини тўлиқ ‎қилиб бериши ва Ўз фазлидан зиёда ҳам қилиши учундир. Албатта, У Ғафурдир, ‎Шакурдир», деган (29-30-оят).

Бу икки оятда Аллоҳ таоло мўмин бандаларининг баъзи сифатлари ва уларга бериладиган мукофотлар ҳақида сўз юритмоқда.

«Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар».

Аллоҳнинг Китоби – Қуръони Каримни тиловат қилиш – унга кўз югуртириб чиқиш ёки ёдлаб олган жойини шуурсиз такрорлаш эмас. Қуръон тиловати уни бутун вужуд билан ҳис этган ҳолда тадаббур ила ўқиб, унга амал қилишдир.

Аллоҳнинг Китоби – Қуръони Каримни тиловат қилиш ҳар бир мўминнинг бурчидир. Ким ҳам Аллоҳнинг Китоби тиловатини билмай туриб, бандалик даъвосини қилади? Қуръон тиловати ҳар бир мўминнинг кундалик вазифаси бўлиши керак. Уламоларимиз оддий кишилар учун ҳар куни бир порадан ўқиб туришни тавсия қиладилар.

Шунда бир ойда Қуръони Карим бир марта ўқиб чиқилади. Ҳар бир мўмин Қуръонни бошидан охиригача ўқишни ўрганиб, ундан бир порани кундалик вазифа қилиб олиши керак. Ҳа, Қуръон тиловати ниҳоятда зарур.

Шунинг учун ҳам оятда мўминларнинг сифатлари ичида биринчи ўринда Қуръон тиловати келмоқда. Аввал айтиб ўтилганидек, ҳақиқий тиловат ўзидаги зикр қилинган ҳукмларга амал этишга чорловчи тиловатдир.

Шунинг учун ҳам тиловатдан кейин «намозни тўкис адо этиб» деган сифат келмоқда.

Намозни тўкис адо этиш мўмин кишининг асосий сифатларидан биридир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Биз билан биздан бошқаларнинг орасидаги фарқ намоздир», деганлар.

«...уларга ‎ризқ қилиб берган нарсаларимиздан махфий ва ‎ошкора нафақа қилганлар».

Аллоҳ берган ризқдан Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилиш ҳам мўмин-мусулмонларнинг сифатларидан саналади. Мусулмонлар доимо ушбу сифатлари билан бошқалардан ажралиб турганлар.

Ана шу ишларни бажарганлар, яъни Аллоҳнинг Китобини тиловат қилиб, намозни тўкис адо этиб, Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилган мўмин-мусулмонлар:

«...ҳаргиз ‎касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор ‎бўлурлар».

Чунки улар Аллоҳ таоло билан савдолашмоқдалар. Аллоҳ таоло билан тижорат қилганлар ҳеч қачон касодга учрамаганлар ва учрамайдилар ҳам.

«(У Зот) уларга ажрларини тўлиқ ‎қилиб бериши ва Ўз ‎фазлидан зиёда ҳам қилиши учундир‎».

Демак, бу тижорат нафақат касодга учрамайдиган, балки доимо фойда келтирадиган тижоратдир. Бу тижорат билан шуғулланганлар жуда ҳам бахтли инсонлардир.

«Албатта, У Ғафурдир, ‎Шакурдир».

Яъни, Аллоҳ таоло ўта мағфиратли Зотдир. Қуръон тиловат қилган, намозни тўкис адо этган, инфоқ-эҳсон қилганларнинг гуноҳларини мағфират этади.

Аллоҳ таоло ўта шукр қилгувчи, бандаларининг ибодатларини муносиб тақдирловчи, уларнинг шукрларини қабул этгувчи Зотдир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 30-жузи

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Эй одамлар Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар Номини ишлатиб давоми...

10484 05:00 / 23.01.2017
Имом Абдуллоҳ ибн Омир ашШомий қироати.1 Ундан Ибн Заквоннинг ривояти.Бизга ундан Муҳаммад ибн Аҳмад хабар берган. У .Аҳмад ибн Мусо ибн Мужоҳид хабар берган,, давоми...

2434 13:30 / 09.02.2021
103. Сен .Сизга амаллари юзасидан энг зиёнкорларнинг хабарини берайми104. Улар бу дунё ҳаётидаёқ сайъиҳаракатлари ботил бўлган, ўзлари эса, гўзал иш қиляпман, деб давоми...

13233 05:00 / 23.01.2017
Сабаби нузулни билишнинг саҳиҳ нақлдан бошқа йўли йўқдир. . ,. Воҳидий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади.Расулуллоҳ давоми...

6315 15:50 / 18.06.2019
Аудиолар

210982 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130241 14:35 / 11.08.2021