
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
(халифалик даври ҳижрий 101-105, милодий 720-723)
Роҳат-фароғатда, эркалик билан ўсган Язид ибн Абдулмалик ибн Марвон султонликнинг қийматини билмас эди. Халифалик ўз-ўзидан, ҳеч бир қийинчиликсиз, осонгина унинг қўлига ўтди. Умар ибн Абдулазизнинг вафотидан кейин Язид ибн Абдулмаликнинг акаси Сулаймоннинг васиятига биноан халифалик унга топширилди. Язид ибн Абдулмаликнинг Ҳабоба ва Салома исмли икки жорияси бўлиб, уларга бўлган кучли муҳаббати уни машғул қилди ва юрт бошқаруви издан чиқди. Одамларнинг айтишича, суюкли жорияси Ҳабобанинг вафотидан сўнг Язид ибн Абдулмалик ҳам айрилиқдан куйиб вафот этган. Бу ҳақда тарихчилар ривоятлар келтирганлар.
Албатта, Язиднинг беҳуда ишларга, айшу ишратга ружу қўйганлиги бор ҳақиқат, бу ишларни оқлаб бўлмайди. Лекин шу билан бирга, у ҳақда тарқалган ривоятларнинг барчасини тўғри деб ҳам бўлмайди. Тарихчиларнинг таъкидлашларича, улар айрим кишилар томонидан тўқиб чиқарилган. Хусусан, Бану Умайянинг душманлари тарихни ёзаётганда бундай ҳолатларни дастак қилиб олиб, уларга қўшиб-чатиб, турли бўлмағур ривоятларни тўқиган бўлишлари эҳтимолдан холи эмас.
Хулосага кўра, охирги пайтда умавийлар давлатининг бошқаруви, халифалиги ёш, тажрибасиз кишилар қўлига ўтиши фатҳларнинг тўхтаб қолишига, давлатнинг заифлашишига ва охир-оқибат, унинг барҳам топишига сабаб бўлган.
Ўша даврларда Арманистон ва бошқа баъзи юртлар қайтадан фатҳ қилинди. Сўнг ҳижрий 102 (милодий 721) йилда мусулмонлар мағлубиятга учраб, Франциянинг жанубидан орқага қайтишди. Шу йили Сиқиллия фатҳ қилинди. Ҳижрий 104 (милодий 722) йили Сўғд юртларида ҳам фатҳ ишлари амалга оширилди.
Ўша даврда Шавзоб исмли одам бошчилигида хорижийлар яна бош кўтаришди. Кўпгина жойларда қўзғолон уюштириб, умавийларни енгишди. Ниҳоят, мағлубиятга ҳам учрашди. Бошлиқлари Шавзоб эса ҳалок бўлди.
Ўша даврдаги энг муҳим ҳодисалардан яна бири Язид ибн Муҳаллаб Абу Софранинг Ироқдаги қўзғолони бўлди. Ироқ тарихчилар наздида қўзғолонлар маркази деб аталади. Язид уларнинг устидан ғалаба қозонди ва Ибн Муҳаллабни қатл қилди, Оли Муҳаллабнинг барчасини қириб битирди. Улар маълум даврларда умавийларнинг энг машҳур лашкарбошиларидан ҳисобланган, эришилган кўпгина ютуқларга сабаб ҳам бўлишган эди.
Язид ҳижрий 105 (милодий 723) йилда вафот этди, унинг халифалиги тўрт йил давом этди.
«Ислом тарихи» иккинчи жузи асосида тайёрланди
Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.