
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ
«Йўқ! Ундай эмас. Олдин махфий тутган нарсалари ўзларига ошкор бўлди, холос. Агар (бу дунёга) қайтарилсалар ҳам, ўзлари ман қилинган нарсага қайтурлар ва албатта, улар ёлғончилардир» (Анъом сураси, 28-оят).
Мушрик ва кофирларнинг дўзах устида тўхтатилганларида айтган гаплари ҳақиқат эмас, чин дилдан эмас! Ҳа,
«Ундай эмас. Олдин махфий тутган нарсалари ўзларига ошкор бўлди, холос».
Ҳа, бу гаплар улар ҳаётлари давомида дилларида яшириб келган туйғуларнинг ошкора бўлиши, холос. Борингки, улар бу дунёга қайтдилар, деб фараз ҳам қилайлик: улар шу тобда айтиб турган «Роббимизнинг оятларини ёлғонга чиқармас эдик ва мўминлардан бўлар эдик» деган гапларини айтмайдилар.
«Агар (бу дунёга) қайтарилсалар ҳам, ўзлари ман қилинган нарсага қайтурлар ва албатта, улар ёлғончилардир».
Улар яна ман қилинган ширк ва куфрга қайтадилар. Улар ёлғончидирлар. «Агар бу дунёга қайтарилсак, у қилар эдик, бу қилар эдик», деб ночор қолганда бераётган ваъдалари ва ичаётган қасамлари ҳам ёлғон.
ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ
«Дунё ҳаётимиздан бошқа ҳаёт йўқ, биз қайта тирилтирилмасмиз», – дедилар» (Анъом сураси, 29-оят).
Яъни мушриклар бу дунёда худди шу ақийдада яшар эдилар. Улар охират борлигига, қайта тирилиш борлигига, ҳисоб-китоб борлигига ишонмас эдилар.
Энди эса ҳолат улар ўйлагандан тамоман ўзгача чиқиб қолди.
ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷﭸ ﭹ ﭺ ﭻﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ
«Робблари ҳузурида тўхтатилганларида, У: «Мана шу ҳақ эмасми?!» деганида, «Оре, Роббимизга қасамки, ҳақдир», деганларини, Унинг «Бас, куфр келтирганингиз учун азобни тотиб кўринг», дейишини кўрсанг эди» (Анъом сураси, 30-оят).
Бу дунёда ўзларини мағрур тутиб, «Биз қайта тирилтирилмаймиз», деяётганлар қиёмат бўлиб, ҳамма нарса ўз ўрнига тушганда, хору зор бўладилар. Улар Аллоҳнинг ҳузурида халойиқнинг кўз ўнгида шармандаларча тўхтатиладилар. Шунда Аллоҳ таоло:
«Мана шу ҳақ эмасми?» – дейди.
Яъни улардан «Мана шу тирилтириш ҳақ эмасми?» – деб сўрайди. Ана ўша пайтда уларнинг ҳолини кўрсанг эди. Ўзларини хору зор тутиб, «Роббимизга қасамки, ҳақдир», дейишларини, бироқ уларнинг бу хору зорлиги, бу қасамлари фойда бермаслигини кўрсанг эди. Аллоҳ таоло сўнгги ҳукмини чиқариб:
«Бас, куфр келтирганингиз учун азобни тотиб кўринг», дегач, уларнинг ҳоли нечук бўлганини кўрсанг эди.
«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.