1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Тил қоидалари ва луғат илми

14:17 / 15 сентябрь 941 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг даврларига келиб аввалги соф табиатли араблар озайиб, ажамлар кўпайди. Тайёр ёзилган нарсани ҳам нотўғри ўқийдиганлар кўпчиликни ташкил этди. Ана шунда бу камчиликни тўғрилаш зарурати туғилди. Бу заруратни ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳаёт воқеълигидан англадилар.

Имом Байҳақий, Ибн Асокир ва Ибн Нажжор Соъсоъа ибн Саҳвондан ривоят қиладилар:

«Бир аъробий Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келди ва:

«Эй мўминларнинг амири, мана бу қандай ўқилади: «Лаа яъкулуҳу иллалхотун». Аллоҳга қасамки, ҳамма хато қилади-ку?!» деди.

Али табассум қилди ва:

«Лаа яъкулуҳу иллал хотиъун», деди.

«Тўғри айтдинг, эй мўминларнинг амири», деди у.

Сўнгра Али Абул Асвад Дуалийга бурилиб қараб: «Ажамлар динга оммавий равишда кирдилар. Одамларга тилларининг тўғрилигига далил бўладиган бир нарса қилиб бер», деди. Бас, у фатҳа, замма ва касра расмини қилди».

Кейинчалик ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Абул Асвад Дуалийга араб тили қоидалари илмининг асосларини кўрсатиб, уни одамларга ўргатиладиган илм даражасига келтиришни топширдилар.

Абулқосим Зажжажий «Амолий» номли китобларида ўз санадлари ила Абул Асвад Дуалийдан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Мўминларнинг амири Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига кирдим. У киши бошларини қуйи солиб, ўйланиб ўтирган эканлар.

«Эй мўминларнинг амири, нима ҳақида фикр ­юритяпсиз?» дедим.

«Мен сизларнинг бу юртингизда гапда хатолар кўрдим. Араб тилининг асли ҳақида бир китоб қилмоқчиман», дедилар.

«Агар шундай қилсангиз, бизни тирилтирган бўлардингиз. Бу тил ичимизда боқий қолар эди», дедим.

Уч кун ўтиб, ҳузурларига яна кирдим. У киши олдимга бир саҳифани ташладилар. Унда: «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Калима исмдир, феълдир, ҳарфдир. Исм мусаммодан хабар берадиган нарсадир. Феъл мусаммонинг ҳаракатини билдирадиган нарсадир. Ҳарф исм ва феълдан бошқа маънони англатадиган нарсадир», деб ёзилган эди.

Сўнгра у киши менга:

«Ана шунга ўхшатиб, ўзинг билганингча зиёда қил. Эй Абуласвад, билгинки, нарсалар уч хил бўлади: зоҳир, замир ва зоҳир ҳам, замир ҳам бўлмаган нарсалар. Уламоларнинг фазли зоҳир ҳам, замир ҳам бўлмаган нарсаларни билишларидан ажратилади», дедилар.

Мен у кишидан бир қанча нарсаларни жамлаб олдим-да, кейин ёзиб, ўзларига кўрсатдим. Ўшаларнинг ичида насб ҳарфлари ҳам бор эди. Мен улардан «инна», «анна», «лайта», «лаъалла» ва «каанна»ларни зикр қилдим. Аммо «лакинна»ни зикр қилмадим. У киши менга:

«Уни нима учун тарк қилдинг?» дедилар.

«Мен бу улардан эмас, дебман», дедим.

«Йўқ, бу улардан. Уни ҳам қўшиб қўй», дедилар».

Ана шундай тарзда Каломуллоҳнинг атрофида турли илмлар келиб чиқа бошлади. Албатта, бу ишларнинг бошловчиси сифатида ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу катта фазлга эгадирлар.

Кейинчалик наҳв ва сарф илмларида кўплаб китоблар ёзилди. Бу илмнинг, қоидаларининг ишлаб чиқарилиши, тартибга солиниши ҳамда мустақил илм сифатида шаклланиши биз ўрганаётган даврда – учинчи ва тўртинчи ҳижрий асрларда камолига етди. Бу борада Басра ва Куфа шаҳарларида яшаб, илмий фаолият олиб борган тил соҳасидаги олимларнинг ҳиссалари катта бўлди. Тилга оид илмларнинг алломаларидан Халил ибн Аҳмад, Сибавайҳ, Асмаъий, Абу Амр ибн Ало, Кисоий, Фарро раҳматуллоҳи алайҳим ва бошқалар бу улуғ ишга ўзларининг буюк ҳиссаларини қўшдилар.

Араб тили қоидаларини илм шаклига келтиришни тақозо қилган омиллар араб тилидаги луғат илмининг юзага келиши ва шаклланишига ҳам омил бўлди. Кўплаб араб бўлмаган халқларнинг Исломга кириши, арабларнинг ўзларининг соф табиатлари бузилиши оқибатида араб тилидаги сўзларни ишлатишда, уларнинг маъноларини ифода қилишда кўплаб хатолар содир бўла бошлади. Ушбу таҳликали ҳолатга барҳам бериш, Қуръони Карим тили бўлмиш араб тилининг софлигини сақлаб қолиш учун луғат илмига оид илмий ишлар олиб борилди.

Енг шимариб ишга тушган бу соҳанинг олимлари аввало араб тилидаги сўзларни жамлаб, уларнинг маъноларини белгилашди. Улар араб тилидаги сўзларни Қуръони Каримдан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан, арабларнинг шеъларидан ўрганишди. Саҳроларга чиқиб, соф табиатли араблардан сўзлар йиғишди. Бу жараён уч босқичда амалга оширилди:

Биринчи босқичда тўғри келган барча сўзлар жамланди.

Иккинчи босқичда бир-бирига яқин сўзлар тартибга солинди.

Учинчи босқичда сўзлар алифбо тартиби бўйича жойлаштириб чиқилди. Ҳар бир ҳарфга оид икки, уч, тўрт, беш ҳарфли сўзлар тартибланди. Ҳар бир сўзнинг маънолари изоҳи баён қилинди. Инсон тамаддуни хаёлига ҳам келтирмаган илмий китоблар битилди.

– Адабиёт.

Аббосийлар даврида адабиёт ва адабий танқидчилик соҳаси ҳам сезиларли даражада ривожланиб, тўлақонли илм шаклида ўз ифодасини топди. Мисол учун, Ибн Қутайбанинг «Адабул котиб» ва «Аш-шиъру ваш-шуъаро», Мубарраднинг «Ал-Комил», Жоҳизнинг «Ал-Байан ват-Табйин», Абу Али Қонийнинг «Наводир» номли асарлари шулар жумласидандир. Мазкур китобларнинг барчаси адабиёт ва унга оид илмлар бўйича асос асарлар ҳисобланади.

«Ҳидоят имоми» китоби асосида тайёрланди.

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2023 йил 11 декабрдаги 03-07/9264-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Амалнинг қабул бўлишида, асосан, иккита шарт бор ният ва ихлос. Ниятсиз амал амал бўлмаганидек, ихлоссиз ҳам амаллар мақбул бўлмайди. Ният амалга мақсад бағишласа, давоми...

1258 12:49 / 02 октябрь
Молик ибн Динор раҳимаҳуллоҳ айтадилар .Ҳажга бордим. Кенг саҳрода юрсам, оғзида нон бўлагини тишлаган қарғани кўриб қолдим. Ўзимга ўзим .Бу қарға оғзида нон давоми...

3522 16:36 / 01 апрель
Одатда бировга зарари тегмайдиган одамларга нисбатан .Чумолига ҳам озор бермайди, иборасини қўллаймиз. Нима учун шундай Бир ўйлаб кўрганмизми Бошқа митти давоми...

9826 11:00 / 10.11.2020
1. Ўқиганга қиёмат куни шафоатчи бўлади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қуръон ўқинглар, чунки у қиёмат куни соҳибига шафоатчи бўлиб келади,, дедилар.Имом давоми...

4601 11:00 / 20.05.2022
Аудиолар

210990 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130250 14:35 / 11.08.2021