1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Муҳаддислар ва фуқаҳолар йўли

11:03 / 14 сентябрь 564 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нима учун «Сунан» китобларида бир ҳадиснинг тахрижи ёки тахриж бўлмагани ҳақида ихтилоф бор? Чунки ўша китобларни ёзган имомларнинг ўзлари қўйган шартлари бор.

Келинг, имом Бухорий билан имом Муслим ўртасида ҳадисни ривоят қилишдаги «луқия» ва «муасаро» деган шартларни олиб қарайлик. Луқия – ҳадисни ривоят қилган ровийларнинг бир-бири билан кўришган бўлиши шарти. Муасаро – ҳадисни ривоят қилган ровийларнинг замондош бўлиши шарти. Мана шу шартлар туфайли имом Муслим тахриж қилган ҳадисларни имом Бухорий тахриж қилмаган. Кўряпсизми, ҳатто икки саҳиҳ китоб ўртасида, шайх ва унинг шогирди ўртасида масала ижтиҳод даражасига келганида ҳукм нима бўлади? Ҳадисни саҳиҳ дейиш учун қўйилган шартларнинг ҳар хиллигини кўряпсизми?

Ташаддуд йўналиши эса ҳадиснинг ҳукмини қатъий деб белгилаб олган. Сизларга булар жоҳиллар деганмидим? Буларнинг гаплари жуда ҳам ғалати, ҳақиқатдан жуда узоқ, мантиққа ҳам тўғри келмайди.

Хўп, улар ҳадиснинг ҳукми қатъий дейишибди. «Қандай қилиб қатъий бўлиши мумкин?» деб айтинг-чи. Масалан, мен бир, икки ёки учта шарт қўйиб, шунга кўра ҳадисни саҳиҳ десам, демак, уни саҳиҳ деб белгилаш бир киши тарафидан бўляпти. Сен эса бир кишидан бўлаётган бу ижтиҳодни, бу ҳукмни қатъий деяпсан. Хўш, Бухорийнинг саҳиҳ дейиши, Муслимнинг саҳиҳ дейиши қатъийми? Зонний-ку! Лекин ўша зонний тафовутли бўладими ёки тафовутсизми? Тафовутли бўлади.

Абу Ҳанифа ҳам ижтиҳод қилган, буни биламиз. У зотнинг ижтиҳоди жуда олий даражада бўлган. У кишидан бошқалар ҳам ижтиҳод қилган, улар қилган ижтиҳоднинг ҳам ўз даражаси бор. Бухорий ҳам ҳадисни саҳиҳ дейишда ижтиҳод қилган, у кишининг ижтиҳоди ҳам энг олий бўлган. У кишидан бошқалар ҳам ижтиҳод қилишган, уларнинг ижтиҳоди ундан сал қуйироқ, ўрта ёки шунга ўхшаш бўлган.

Бу ерда яна бир баҳс бор. Улар бир масалада ўзи билмаган ҳолда қаттиқ туриб олишади. Масалан, «Бу ҳадис саҳиҳ», дейишади. Биз: «Яхши, биз бу ҳадиснинг саҳиҳлиги ҳақида ихтилоф қилаётганимиз йўқ. Лекин сенинг «саҳиҳ» деган ҳукминг ижтиҳодий, зонний ҳукм. Зонний ижтиҳодда ҳукмнинг аниқ тарафи билинмайди, шунинг учун сен менга уни лозим қила олмайсан», деймиз.

Шунинг учун ҳам Зафар Аҳмад Таҳонавий айтадилар: «Агар улар билан муноқаша қилиб, «Нега Абу Ҳанифани ёмон кўрасизлар?» деб сўрасангиз, улар: «У саҳиҳ ҳадисга хилоф қилган, шунинг учун», дейишади. Абу Ҳанифа саҳиҳ ҳадисга хилоф қилган эмиш! «Абу Ҳанифа саҳиҳ ҳадисга хилоф қилганини қаердан биласан?» десангиз, «Ибн Ҳажар бу ҳадисни «Фатҳ» китобида саҳиҳ деган-ку!» дейишади. Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ Ибн Ҳажардан тахминан етти юз йил олдин яшаб ўтган. Қандай қилиб Ибн Ҳажарнинг «саҳиҳ»ига хилоф қилиши мумкин? Қандай қилиб ҳадисни саҳиҳ дейишда Ибн Ҳажарга тақлид қилишга рози бўласан-у, шаръий ҳукмларда Абу Ҳанифага тақлид қилишга рози бўлмайсан? Ахир бу ҳам ижтиҳод, у ҳам ижтиҳод-ку? Ҳамма иттифоқ қилган гап шуки, мутлақ мужтаҳиднинг ҳадисга ҳукм беришдаги ижтиҳоди кўплаб ижтиҳодлардан анча юқори туради.

Шунга ўхшаган яна бир муаммо бор. У ҳам юқорида айтилган муаммога ўхшайди. Улар «Суннатни қабул қилиш» ва «Суннатни рад қилиш» деб хилоф қилишяпти, ваҳоланки, бунақанги муаммо йўқ, ҳеч ким буни билмайди ҳам.

Яна улар ихтилоф қилиш керак бўлмаган ўринда ҳадисга нисбатан ҳукмни қатъий ҳукм, деб белгилаб олишган. Ваҳоланки, мана шу бўҳтонни тўқиб чиқарган ўша катталарининг ўзи бир жойда бир нарсани саҳиҳ деса, бошқа жойда уни заиф дейди ёки шунинг тескариси бўляпти. Кўпчилик саҳиҳ деб ҳукм қилган ҳадисларга хилоф қилиб, бунинг аксини ҳам айтяпти. Хўш, энди бир ҳукм бир шахсдан ҳар хил чиқаётган бўлса, қандай қилиб қатъий бўлади?

Ҳадисга ҳукм бериш бошқа бир мавзу. Ҳадисга ҳукм бериш учун бир неча шартлар қўйиш керак, лекин бу шартлар зонний, ижтиҳодий шартлар бўлади. Мана шу мавзуни умумий ёритишга уриниб кўрайлик.

Улар тушган муаммонинг учинчи нуқтасига келдик. Бу нуқтада улар узрли ҳисобланади. Бу муаммонинг сабаби бўлган учинчи қисм шуки, улар ҳадисга ҳукм беришнинг битта йўли бор, деб белгилаб олишди. Сал юқорида айтганимдек, улар булардан фарқ қиладиган яна қанча шартлар борлигини тушунишмайди, шунинг учун ҳукмни қатъий дейди. Энди эса ҳадисга ҳукм беришнинг битта шакли бор, дейишяпти. Хўш, бу қандай шакл экан? Бу шакл – «мусталаҳул-ҳадис» илмида мавжуд бўлган шакл экан. Улар бошқа ҳеч нарсага қарамай, «Ҳадисга ҳукм беришда аҳли ҳадислар белгилаган қоидаларни қабул қиламиз», дейишади. Бундан бошқа нарсани эса тасаввур ҳам қилиб кўришмайди. Фиқҳий мазҳабларнинг далилларини, хусусан, ҳанафий мазҳабининг далилларини келтирсангиз, уларни «заиф, заиф, заиф», дейишади. Нега? Чунки уларнинг ҳадисга ҳукм беришда тутган йўли аслида ҳанафий мазҳаби тутган йўлдан бошқачадир.

Қуйида мурсал ҳадис ҳақидаги тортишувни ҳам айтиб ўтамиз. Бу нарса ҳанафий мазҳаби наздида саҳиҳ ҳисобланади. Баъзи уламолар наздида мурсал ҳадис муснад ҳадисдан ҳам кучли ҳисобланади, чунки мурсал ривоятда тушиб қолган одамга кафолат бераётган бўлади. Мурсалда «Фалончи бизга Фалончидан, у Фалончидан, у Фалончидан ҳадис айтди» дейиш ўрнига, бир неча кишилардан эшитганидан сўнг уларни ташлаб, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар…» дейди. Шунинг учун уламолар «Ким мурсал ривоят қилса, тушириб қолдирган ровийларнинг кафиллигини зиммасига олибди, ким муснад ривоят қилса, ўзингга ташлаб қўйибди», дейишган. Мурсал ҳадислар баъзи уламолар наздида муснад ҳадислардан кучли ҳисобланади. Манавилар эса бунга эътибор бермайди-да, турли ҳадис масалаларига дуч келганда мурсал ҳадислар келиб қолса, «Буларнинг далили мурсал экан, у ҳеч нарсага далил бўлмайди», дейишни бошлашади.

Суннатнинг деярли ярмига тенг келадиган нарса мурсаллар эканини билар экансан, энди эса мурсални тарк қиляпсан. Менга қара, сен «Фақат суннатни оламан» деяётган эдинг-ку, энди суннатнинг ярмини олмайсанми?

Бу фақат мурсалда шундай. Агар «Мурсал заиф бўлади, мен заифга амал қилмайман, мен фақат суннатга амал қиламан», десанг, унда бу гапингнинг маъноси нима бўлади? Сен суннатнинг ярмини тарк қилдинг-ку? Хўш, ҳақиқатдан ҳам суннатга амал қиляпсан эканми? Йўқ, сен суннатни тарк қиляпсан, биродар.

Қуйида бунга намуналар, мисоллар келтирамиз.

Демак, улар: «Ҳадисга ҳукм беришда битта йўл бор», дейишди. Ҳадисга ҳукм беришда биттагина йўл бўлиши илмий манҳаж ҳисобланмайди, чунки муҳаддислар ҳадисга ҳукм бериш йўлларини баён қилишда ҳар хилдир. Бу ҳақда кейинроқ тўхталиб ўтамиз. Барча муҳаддислар бир йўналишни ташкил қилса, бу тарафда ҳам яна кўп йўналишлар, мактаблар бор. Бу йўналишлар муҳаддислар йўналишидан каттароқ, тарқалиши кўпроқ бўлмаса ҳам, камида улар билан баробардир. Кенг тарқалган баъзисини олсак ҳам, бу мусулмонларнинг ҳадис бўйича йўналиши ҳисобланади. Ана шу муҳаддисларнинг бу уммат ичида энг кучли, энг кўп тарқалган йўлларидандир.

Мана шу иккинчи нуқтамиздир. Ушбу иккинчи нуқта бизга унинг ортида нималар борлигини, бугунги мунозарамизнинг мавзуси бўлган ҳадисдаги бошқа йўналишлар қандай эканини билишга ёрдам беради. Машҳур муҳаддисларнинг ўз мактаби, мадрасаси бор, ҳадисда фақиҳ бўлганларнинг ҳам мадрасаси ёки фақиҳлар наздидаги ҳадис мадрасаси бор, яъни фақиҳлар наздида ҳадис бўйича мадраса, йўналиш бор.

«Хўш, сиз бу йўналишни қаердан олиб гапиряпсиз?» дейишингиз мумкин. Биз бундай йўналиш борлигини «мусталаҳул-ҳадис» илмига асос солган зотларнинг сўзларидан билдик, яъни муҳаддислар йўналишига мансуб зотларнинг ўзлари шундай йўналиш борлигига ишора қилишган.

Буни ким айтган? Буни Хатиб Бағдодий «Фақиҳ ва ғойрул мутафаққиҳ» (Фақиҳ ва фиқҳ ўрганувчи) деган китобида ва яна бошқа китобларда айтган. Ўша китобларда жуда кўп ҳадисларни келтиришдан олдин «Мана бу ҳадисни, мана бу ҳадисни саҳиҳ деб ҳукм қиламиз», дейишади. Нима учун саҳиҳ деб ҳукм қиляпсиз? Чунки бу ҳадисни уммат авлоддан-авлодга ёки фуқаҳолар авлоддан-авлодга талаққий этиб келяпти. Бу ҳадислар умматда жуда кенг тарқалгани учун унинг санадини билишга ҳожат қолмаган. Мана шунга ўхшаш иборалар жуда кўп, ҳатто муҳаддислар йўналиши томонидан ҳам жуда кўп айтилган. Демак, ҳадисга ҳукм беришда яна бир йўл бор бўлиб, бу йўл усулчилар ҳамда фақиҳларнинг йўли экан. Улар уммат орасида кенг тарқалган, маъруф бўлган ҳадиснинг рижолларига, яъни ровийларига қарамайдилар, чунки улар бу ҳадисни табақалардан нақл қилишган. Эътибор беряпмизми? Хатиб Бағдодийни ўқиган бўлсангиз, нима учун мана шу жойини ҳам ўқимадингиз?

Мана шу йўналиш ҳақида кенгроқ тўхталамиз, чунки бу йўналиш баҳсимизнинг, мавзуимизнинг асосидир. Бу – фақиҳ муҳаддислар йўналиши. Бу йўналишдаги, бу мадрасадаги биринчи нарса шуки, саҳиҳ деб ҳукм бериш йўли икки нарсага суянади. Бунга яхшилаб эътибор беринг. Муҳаддислар йўналишида бунинг акси эди, яъни саҳиҳ деб ҳукм бериш йўли биттагина нарсага суянар эди. Ким мусталаҳул-ҳадис илмини ўрганган бўлса, у ердаги гапнинг тўқсон фоизи рижоллар ҳақида эканини билади. «Мана бу одам сиқо (ишончли)», «Буниси сиқо», «Буниси сиқо, санади муттасил, бири биридан ҳадис эшитган» ва ҳоказо. Уламолар «Бу ҳадиснинг рижолларига эътимод қилган ҳолда уни саҳиҳ деб ҳукм берамиз», дейишади. Демак, бу илмнинг асосий қисми муҳаддислар наздида ҳадисни саҳиҳ ёки заиф дейишда рижолларнинг ҳолатини яхши билишга таянар экан.

Фуқаҳоларнинг наздида саҳиҳ дейишнинг йўли нима экан? Улар асосий иккита нарсага суянар экан. Бу худди иккита қоида дегандек гап.

Биринчи қоида – амал қилиш қоидаси

Иккинчи қоида – маъно қоидаси.

Амал қилиш қоидаси нима? Амал қилиш қоидаси шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинаётган ўша ҳадисга катта саҳобалар, катта тобеъинлар ва катта табаъа тобеъинлар амал қилган бўлишлари лозим. Катта олим зотлар шу ҳадисга амал қилганини билиш керак. Бу зотлар ижтиҳод аҳлининг энг фақиҳ зотлари, улар бир ҳадис ўзлари қўйган шартларга мувофиқ келсагина амал қиладилар. Шунга кўра ҳазрати Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алий розияллоҳу анҳуларнинг шартлари ҳар хил бўлса-да, қилган амаллари саҳиҳ деб эътиборга олинади. Бу нарса шу ҳадиснинг келаётган ўрни саҳиҳ эканини билдиради, деб таъбир қилинади. Масалан, бир киши фалон ҳадисга амал қилганми, демак, уни саҳиҳ деб билган, Умар бу ҳадисга амал қилган, демак, у ҳам саҳиҳ, Усмон бу ҳадисга амал қилган, демак, у ҳам саҳиҳ, Ибн Масъуд бу ҳадисга амал қилган, демак, у ҳам саҳиҳ.

Уларнинг барчалари ижтиҳод аҳли бўлишган, барчаларининг наздида аввало ҳадис саҳиҳ бўлган, бу эса ўша ҳадиснинг келаётган ўрни, йўли саҳиҳ эканига далолат қилади. Ўша замонда ҳадисга амал қилиш уни саҳиҳ дейишнинг йўли бўлган. Бу ҳадис саҳиҳ ёки заиф, деган гаплар тахминан ҳижрий учинчи асрлардан бошланган. Бу истилоҳ ҳижрий иккинчи асрга келиб, илк бор ишлатила бошланди. Унгача бу истилоҳлар йўқ бўлган бўлса, у ҳолда улар бир ҳадис ҳақида қандай қилиб саҳиҳ деб ҳукм қилишган? Ахир ўша ҳадис билан фатво беришган-ку. Мана шу саҳиҳ дейиш бўлади, яъни улар бир ҳадисга амал қилишганми, демак, мана шу амаллари уни саҳиҳ дейиш бўлади.

Қайсидир ҳадисларни мурсал қилишган. Бу ҳам саҳиҳ дегани бўлади. Бунга мурсалнинг барчаси киради. «Бу ҳадис саҳиҳ», «Бу ҳадис мана шу йўлга кўра саҳиҳ», дейиш мутааххир уламоларнинг гапидир. Мутақаддим уламоларнинг, салаф уламоларнинг, саҳоба ва тобеъинларнинг бундай деганларини топа олмаймиз.

Шу ерда биринчи нуқтамизни, яъни амал нуқтасини якунлаб, иккинчи нуқтани бошлаймиз.

Иккинчи нуқта, яъни қоида нима эди? Маъно эди.

Қуръон ва Суннат бир жойдан келган. Бир ҳадис Қуръондаги нарсага, мутавотир бўлган ёки мутавотир бўлмаган, лекин Суннатда келган, маънода бир-бирига яқин бўлган бошқа ҳадисларга мувофиқ келаётганини кўрсак, бир ҳадисдаги маъно бошқа ҳадисларга, саҳобалардан келган асарларга, Қуръонга мувофиқ келса, бу ҳам ўша ҳадиснинг саҳиҳ эканига далолат қилади.

Демак, ҳадисга ҳукм беришда иккита йўл бор экан.

Биринчи йўл – ҳадиснинг ровийларини «сиқо, сиқо, сиқо», деб ўрганиш. Аммо сиқо одамда ҳам хато қилиш эҳтимоли бўлади, чунки бирор олим йўқки, унда унутиш ёки хато қилиш бўлмаса.

Саҳиҳ деб ҳукм беришимиз ҳам ғолибан, яъни аксарият ҳолат эътиборидан айтилади. Ҳа, уларнинг ҳам хатолари бор, лекин ниҳоятда кам.

Биз бир ҳадисни саҳиҳ десак, унга амал қилинади десак, буни ўша ҳадиснинг рижолларига таяниб айтамиз. Лекин ўша рижолларда хато содир бўлган бўлиши, санадида бир киши бир кишидан, у яна бир кишидан ривоят қилган бўлиши мумкин.

Бу муҳаддислар орасида ҳадисга ҳукм беришда кенг тарқалган йўлдир. Лекин бунга муқобил бошқа йўл ҳам бор. У қандай йўл?

Эътибор беринг: биз бу саҳиҳ ҳадисни «бу ровий унисидан, у ровий унисидан, униси наригисидан», деб эмас, балки «унга бу киши, бу киши ва мана бу кишилар амал қилган», деб баҳо беришимиз керак.

Аввалгиси «муъанъан» дейилади, яъни бир киши бошқа кишидан, у ўзидан аввалги бир кишидан ривоят қилиши «муъанъан» дейилади. Ана шу ровийларнинг орасида бирорта муаммо чиқса, санаддаги бошқа ровийлар орасида ҳам муаммолар келиб чиқади.

Лекин иккинчи йўлда бундай эмас. Бу йўлда бир ҳадисга ким амал қилгани айтилади. Мисол учун, Абу Бакр, ибн Масъуд, Алий, Алқама, Иброҳим, хуллас, барча улуғ зотлар амал қилган бўлади. Уларнинг ҳаммаси сиқолар, фақиҳлар, ижтиҳод аҳллари ҳисобланади. Санаддаги одамларнинг эса ҳаммаси ҳам мужтаҳид бўлмайди. Тўғри, баъзилари катта олим бўлиши мумкин, лекин уларнинг аксари ровийлар бўлади.

Хўш, бу тарафда ҳукмни кимдан оляпмиз? Катта саҳобаларнинг мужтаҳидларидан, катта тобеъинларнинг мужтаҳидларидан, табаъа тобеъинларнинг мужтаҳидларидан оляпмиз. Улар бир ҳадисга амал қилиб турган бўлса, «Бу ровий унисидан, у ровий унисидан, униси наригисидан», дейишдан кўра «Бу ҳадисга бу киши, бу киши ва мана бу кишилар амал қилган», деган гапга суяниш кучлироқ бўлмайдими?

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Юқоридага сатрларда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ саҳобалардан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни кўриб у кишидан .Талаби илм ҳар бир мусулмонга фарздир, ҳадисини давоми...

6989 16:14 / 28.03.2017
Битта мазҳабни ушлаш вожибми ёки бир неча мазҳаблар ичидан ҳукмларнинг енгилини танлаб олса бўладими Бу саволга жавоб бериш учун бир гапни эслайлик. Биз икки ёки давоми...

1221 11:46 / 01 май
Мустабид коммунистик тузум динга қарши курашиб, миллионлаб одамларнинг ҳаётини пароканда қилгани барчамизга маълум. Аммо даҳшатли аҳволга тушиб қолгач, ноилож давоми...

1305 14:26 / 24.10.2024
Фиқҳ ижтиҳод ва фикрлар мажмуаси бўлиб, бу фикрлар нафсу ҳавога берилишдан келиб чиқмаган, балки Қуръон ва Суннатни англашдан келиб чиққан, Қуръон ва Суннатдан давоми...

1108 12:17 / 15 январь
Аудиолар

210990 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130250 14:35 / 11.08.2021