1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Фақиҳ муҳаддислар йўналиши

12:15 / 11 сентябрь 578 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳанафий мазҳаби ҳақида гапирсак, мусулмонларнинг 43 фоизи ҳақида гапирган бўламиз. Тарих ҳақида гапирсак, 90 фоиз мусулмонлар яшаётган давлатлар ҳақида гапирамиз. Буларнинг ҳаммаси, яъни 80-90 фоиз одамлар, тарих давомида ўтган уламолар, тарих давомида ўтган давлатлар шаръий ҳукмларни ҳадисдаги фақиҳ уламоларнинг йўлларига кўра олганлар.

Суннатга қандай муносабатда бўлишимиз керак?

Фақиҳ имомлар Суннатга қандай муносабатда бўлганлар?

Суннатга муносабатда бир неча хил йўналишлар бўлганми ёки Суннатни маҳкам тутган умумий битта йўналиш борми?

Мана шу ўринда бироз тушунмовчилик келиб чиқади. Баъзилар ўйлаганидек, бу ердаги муаммо «Суннатга муносабатда биттагина йўл бор», деган гапдадир. Бемазҳаблар Суннатга олиб борадиган бир неча йўллар борлигини ҳисобга олишмайди.

Мавзуга киришишдан олдин бироз муқаддима қилайлик. Гап шундаки, ташаддуд йўналиши ўртага ташлаган нарсадан ҳосил бўлган хато фикрлар бор. Бу хато – уларнинг мазҳаб соҳиблари суннатга амал қилишмаган, суннатни тарк қилишган, деган фикрларидир. Улар қачон бир фикрни ўртага ташлашса ёки бир фикрни айтишса, «Фиқҳус-Сунна» дейишади, ҳатто бу борада шу номли китоблар ҳам чоп қилинди: «Фиқҳус-Сунна», яъни «Суннат фиқҳи», «Саҳиҳ суннат фиқҳи» ва ҳоказо. Улар фиқҳий мазҳаблар кўп масалаларда ёки ҳатто барча масалаларда Суннатни тарк қилган, деб ўйлашади. Мана шундай хато ўйлашгани учун ҳам ўзларича одамларни Суннатга қайтариб, динни, Исломни тирилтирмоқчи бўлишади. Шунинг учун улар: «Биз суннатга амал қиламиз», «Биз суннат йўлида юрамиз», дейишади. Уларнинг бу гапидан «Биздан бошқалар суннатни тарк қилувчилардир», деган маъно чиқиб қолади. Ҳатто юзма-юз келиб қолсангиз, «Биз суннатдамиз», дейишади. «Биз хато қилсак ҳам, суннатга амал қиляпмиз. Биздан бошқалар эса суннатга амал қилишмаяпти», дейишмоқчи.

Бу фикрда катта бир мушкуллик бор. Бу мушкуллик шуки, улар ҳар бир мазҳабга, унинг табақаларига, ҳар бир олимга, ҳар бир давлатга, ўтган ҳар бир асрга «Суннатни тарк қилган» деб туҳмат қилишади. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан ўн тўрт аср ўтиб, мана шу суннатни кашф қилишибди, мана шу суннат устида тўхташибди. Бу фикрдаги катта хатолик шуки, улар «Бу уммат адашган, чунки у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлида эмас», дейишяпти. Шунинг учун ташаддуд йўналишидан бўлган баъзи кишиларнинг яшаб турган мамлакатларида назорат кучли бўлмагани боис (ёки фикр эркинлиги чекловсиз бўлгани боис) ўзидан бошқаларни куфрга чиқараётганини кўришингиз мумкин. Кўплаб мусулмон юртларда юз бераётган портлашлар, биродаркушлик ва хунрезликларнинг сабаби мана шу – улар бу юртдаги мусулмонларни кофир деб, уларни ўлдиришни ҳалол санашяпти. Улар: «Бу одамлар суннатни тарк қилишди. Бу билан улар динни ҳам тарк қилишди», деб ўйлашади. Мусулмонларни кофирга чиқаришдаги асосий сабаб мана шудир. Улар аввало фақат ўзларини суннатга амал қиляпмиз, деб эътиқод қилишади. Тўғри, бошқа кўплаб тўхталадиган ўринлар ҳам бор, лекин энг асосийси мана шу нуқтадир.

Хўш, бунинг сабаби нима? Уларга нисбатан яхши гумонда бўла оламизми?

Бу тоифанинг асосий ғояси нима? Одамларга ўзининг ҳукмини ўтказиш. Бундай фикрларни уларнинг ўзлари ўйлаб топишади. Бу борада ҳеч қандай гап-сўз йўқ. Ташаддуд йўналишига оид кишиларнинг бузғунчи фикрларни ўйлаб топишига ишора қиладиган бир қанча белгилар ҳам бор. Уларнинг бундай низомларига ўхшаш низомларни дин душманларигина ўйлаб топади. Ташаддуд йўналишига оид кимсалар мана шундай йўл тутиш орқали мусулмонларнинг орасини бузиб, фитна оловига мой сепишади.

Майли, буни бир четга қўйиб турайлик. Бизда бунга қарши кучли далиллар бисёр.

Бу йўлда юрган кишилардаги муаммо қаердан келганига нисбатан чиройли гумон шундай бўладики, улар шариат илмларини тўғри ўрганмаган, бу мазҳабларни тушунишга, уларнинг фиқҳига, далилларга қандай суянишига чуқур киришмаган. Натижада улар мазҳабларни суннатга амал қилмайди, деб ўйлаб қолишган. Улар баъзи матн китобларига, шарҳларга ва умумий фатво китобларига мурожаат қилиб, кўп масалаларни кўришган. Кейин бу масалалар ўзлари ёд олган баъзи ҳадисларга мухолиф келаётганини кўриб, нима қилишди? Умматни айблашди, таъна тошлари отишди, мазҳабга тил теккизишди, унга эргашадиганларга «Суннатни тарк этувчилар», дея таъна қилишди.

Демак, мана шу нуқтага эътибор қаратишимиз керак. Бу ерда иллат мазҳабларни тўғри, мукаммал ва чуқур ўрганмаганлик бўлиб чиқади. Мана шу иллат уларни шу қадар салбий, ёмон оқибатга олиб борди. «Суннатни қабул қилиш» ва «Суннатни рад қилиш» деган фикр мана шундай ёмон тушунчага айланди.

Улар фиқҳий мазҳаблар ҳақида ўша ўзининг хато фикрига кўра «Булар кўп ҳадисларни рад қилган», «Булар кўп суннатларни қабул қилмаган» каби гапларни айтишади. Кўряпсизми, муаммо янада катталашиб, чуқурлашиб кетяпти. Энди улар мазҳаб уламолари ҳақида «Улар Суннатни суннат деб қабул қиладими ёки Суннатдан юз ўгирадими?» деган гапларни гапиришяпти. Хусусан, ҳанафий мазҳабини «Бу мазҳаб суннатни олмайди», «Бу мазҳаб суннатга хилоф қилади», деб айблашади. Ўртага қўйилган баҳс эса «Суннатни қабул қилиш» ёки «Суннатни рад қилиш» деган баҳсга айланади. Бу жуда катта, хатарли хатодир. Ваҳоланки, одатда мусулмонлар орасида бу мавзуда ҳеч қачон баҳс қилинмайди.

Фақат Аҳли суннанинг ўзи эмас, балки бошқа исломий фирқалар ҳам, ҳатто баъзи адашган фирқалар ҳам Қуръонни, Суннатни ва улардан олинадиган ҳукмларни қабул қилишади. Демак, бу ҳукмларни ҳамма фирқалар қабул қилади. Демак, Қуръон ва Суннат тушунчаси фақатгина Аҳли суннада эмас, бошқа баъзи исломий фирқалар наздида ҳам «қабул қилиш» ва «рад қилиш» дея кўтариладиган масала эмас экан. Эътибор беряпсизми?

Демак, биз ўртага қўймоқчи бўлган биринчи масала шуки, улар доимо айтадиган гаплари, ёзган китоблари, интернет орқали қиладиган маърузалари ва берадиган фатволарида «Суннатни қабул қилиш» ва «Суннатни рад қилиш» деган масалани илгари суришади. Буни қарангки, улар гўё Суннатни ҳимоя қилишар экан, Суннатни қабул қилишар экан, Суннатни олишар экан-да, фиқҳий мазҳаблар эса гўё Суннатни рад этишар экан. Бу нарса оддий одамнинг фикрига таъсир қилмай қолмайди. Бу гапнинг устига, юқорида айтиб ўтганимиздек, мусулмонларни кофирга чиқариш, мазҳабларни рад қилиш, мазҳабларга ишонмаслик, мазҳабни қабул қилмаслик, унга таъна қилиш каби нарсалар тахланиб кетади. Лекин биз аввало мана шу баҳсни кўриб чиқмоқчимиз.

Хўш, бу ердаги келишмовчилик нуқтаси «Суннатни қабул қилиш» ва «Суннатдан юз ўгириш»ми? Ёки «Суннатни ўзгартириш»ми?

Барча фиқҳий мазҳабларга қарасак, уларнинг бизга истинбот йўлларини ўргатган усулий китобларига қарасак, уларнинг ҳаммасида иккинчи масдар сифатида Суннат туради. Аввало Қуръон, кейин Суннат. Фиқҳий китобларга қарасак, бу китобларнинг ҳар бир саҳифасида айнан Суннатдан далиллар келтирилган. Суннатнинг барча қисмлари – мутавотири ҳам, оҳоди ҳам келтирилган. Шундай экан, фиқҳий мазҳаблар ҳақида «Улар Суннатни рад қилади», дейдиганларга шундай савол билан мурожаат қиламиз: «Биз сизлар айтган гапнинг тасдиғини бирор китобда – на усул китобларида, на фуруъ китобларида топмадик. Бирорта одам бу ҳақда гапирмаган. Унда сизлар бу гапни қаердан олдинглар?»

Бу гаплар уларнинг хаёлининг бир чеккасига келиб қолган гаплар, холос, чунки бунга далил қилиб келтириш мумкин бўлган бирор нарса йўқ.

Бунинг сабаби нимада? Бунинг сабаби шуки, улар – жаҳолатга эргашиб кетаётган қавмдир. Жаҳолат сифати билан сифатланган одамлар билан муомала қилсангиз, бировларни ҳақиқатдан ниҳоятда узоқ бўлган айблар билан айблашини кўрасиз. Бу кимсалар биз айтаётган масалаларни умуман билмайди. Агар билса, юқорида Аҳли суннанинг шаънига айтилган бу гаплар келиб чиқмас эди. Лекин улар бошқалар айтган гапга эргашиб кетаверади, чунки ўқиб-ўрганмайди, китобларни изламайди.

Бу ҳақда бир гап айтмоқчиман, балки бу гап бироз қаттиқроқ ҳам бўлиши мумкин. Мазкур қавмларнинг илми минус бир ёки минус иккидан нарига ўтмайди, ҳатто мусбат даражага ҳам етмайди, барча гаплари минус тарафда туради. Лекин булар манфий бир фоиз бўлиб, бошқалар манфий беш фоиз бўлса, булар ўша манфий бешдагиларга нисбатан олимга айланиб қолади. Бу китобни ҳафсала билан, тушуниб ўқисангиз, сизда бир-икки фоиз илм ҳосил бўлади, кейин уларнинг бирорта гапини қабул қилмай қўясиз. Кимдир тўғри йўл билан озгина фиқҳ ўрганса, унда бир-икки фоиз илм ҳосил бўлади, мана шу озгина илм билан ҳам анавиларга қараганда ҳақиқатни яхшироқ билиб олади.

Шунинг учун бироз олдин «Улар илгари сураётган гапларнинг асосий сабаби жаҳолат», деган эдик. Мен бу гапларни уларга тош отиш учун айтаётганим йўқ. Илм ўрганиб юрган кезларимизда дарс ҳалқаларига ва илмий баҳслар бўладиган жойларга уларга ўхшаган минглаб кишилар келишар эди. Уларнинг гапирадиган гапларининг сабаби ҳар доим жаҳолат бўлган. Мен уларга: «Сиз ўзингиздаги жаҳолат ўрнини илм билан тўлдирсангиз эди, бу гапларнинг бирортасини гапирмаган бўлар эдингиз», дер эдим.

Бу очиқ-ойдин нарса. Қай бир одам шу йўлда юриб, шу масалада муноқаша қиладиган бўлса, албатта кўрадики, уларнинг энг асосий белгиси илмсизликдир, бошқача қилиб айтганда, жаҳолатдир. Бундай инсон гапиради, лекин гапираётган нарсаси ҳақида ўзида ҳеч қандай илм бўлмайди.

Улар баҳсни «Суннатни қабул қилиш» ва «Суннатни рад қилиш» деб аташади. Лекин аслида бундай мавзудаги баҳс йўқ, бундай гапни умуман ҳеч қаердан тополмайсиз. Бу ердаги баҳснинг мавзуси аслида бошқа нарса. Юқорида бу мавзуни нима дедик? «Суннатни ўзгартириш», дедик. «Суннатни ўзгартириш» мавзуси эътироф этилган мавзудир. Саҳобалар, тобеъинлар, имомлар, ҳадис имомлари ўртасида бу ҳақда ҳеч қачон ҳеч қандай тортишув бўлмаган. Ийсо ибн Абон, имом Жассос ва кўплаб ҳанафий уламолар бу ҳақда шундай дейишган: «Ҳадисни саҳиҳ демоқчи бўлсангиз, бир неча шартлар қўйинг. Хўш, ўша шартларингиз яқийний бўладими ёки зонний бўладими? Бу шартлар ҳадиснинг саҳиҳлигига етишиш учун ўзларингиз айтган ижтиҳодий, зонний шартлар бўлади. Бизни айбламанглар, яъни бизни сизнинг шартларингизга хилоф қиладиган шарт қўйди, деб айбламанглар».

Ҳадис ҳақида саҳиҳ деб ҳукм чиқаришнинг бир нечта шартлари, қоидалари бор. Барча ҳадис уламолари «Ҳадисни саҳиҳ дейишнинг шартлари нима?» деган масалада ихтилоф қилишган.

Имом Бухорий ва имом Муслим ўртасида ҳам бу борада каттагина хилофни кўриш мумкин. Имом Бухорий ҳам, имом Муслим ҳам бир нечта шартлар қўйишган. Бирлари бир ҳадисни ўзларининг шартларига кўра саҳиҳ деган бўлсалар, иккинчилари ҳам бошқа бир ҳадисни ўзларининг шартларига кўра саҳиҳ деганлар. Ибн Ҳиббон ҳам ўзларининг шартларини айтиб, шу шартга кўра бошқа ҳадисларни саҳиҳ деганлар. Ибн Хузайма ҳам ўзларининг шартларини қўйиб, шунга кўра ҳадисларни саҳиҳ деганлар. Имом Термизий ҳам ўз шартларини қўйиб, шу шартларга тўғри келган ҳадисларни саҳиҳ деганлар.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Салоҳ Абул Ҳож
Таржимон
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Албатта, ҳамма фақиҳ номининг олганларнинг даражалари бир хил эмас. Балки улар турли табақаларга бўлинадилар ва ўша табақаларида уларниннг даражалари билинади. давоми...

3562 16:12 / 28.03.2017
Биз ташаддуд йўналиши деб аталадиган одамлар билан имтиҳон қилиняпмиз. Биз уларнинг катталари ҳақида гапиряпмиз, оддий инсонлари ҳақида эмас. Улар ҳатто динда давоми...

572 14:39 / 11 октябрь
Ушбу тўрт мўътараф мазҳаблардан бошқа фиқҳ ва усулда салафлардан мутавотир ва мустафиз кўринишда нақл қилинган бошқа бирор мазҳабни топа олмаймиз. Саҳобаи киром давоми...

309 13:37 / 03 декабрь
Битта мазҳабни ушлаш вожибми ёки бир неча мазҳаблар ичидан ҳукмларнинг енгилини танлаб олса бўладими Бу саволга жавоб бериш учун бир гапни эслайлик. Биз икки ёки давоми...

1223 11:46 / 01 май
Аудиолар

211010 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130270 14:35 / 11.08.2021