1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Мусулмон бошқа мусулмонга насиҳат қилиши лозим | Йигирманчи ҳақ

12:19 / 08 сентябрь 966 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмон бошқа мусулмонга насиҳат қилиши лозим.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дин насиҳатдир”, дедилар. (Саҳобалар:) “Ким учун эй Аллоҳнинг Расули?”-дейишди. (У зот:) “Аллоҳ учун, Китоби (Қуръон) учун, (Ўзининг) Расули учун, мусулмон бўлган имомлар (давлат бошлиқлари) учун ва барча мусулмонлар учун (насиҳат қилишдир)”, дедилар”.

Аллоҳ учун насиҳат. Яъни, Аллоҳ таолога иймон келтириш, Ундан шерикни рад қилиш (яъни, Унга ҳеч қанақасига шерик қўшмаслик), илоҳий сифатларида ва раббоний исмларида илҳодни (ҳақ йўлдан четлашиб ботилга бурилиб кетишни) тарк этиш, Уни камол ва жалол сифатлар билан васфлаб, нуқсон сифатлардан поклаш, улуғлаш, буйруқларига сўзсиз итоат қилиб гуноҳлардан сақланиш, Аллоҳга итоат қилувчи кимсага муҳаббат қилиб, осий бўлганга эса, юқорида зикр қилинганидек, ҳақларига яхшилик тилаб дуо қилиш вазифасини адо этиш ҳамда Аллоҳнинг душманларига буғз (нафрат) қилиш, берган неъматларини эътироф учун доим шукр қилиш ва барча ишларда (халқни ва ўз нафсини) ихлосли бўлишга ва юқорида зикр қилинганларни сидқидилдан бажаришга чорлаш.

Аллоҳнинг китоби (Қуръон) учун насиҳат. Қуръони Карим Аллоҳнинг китоби ва каломи бўлиб, яратилмишларнинг каломидан ҳеч нарса унга ўхшамаслигини ва бирор кимса ана шу илоҳий каломнинг ўхшашини келтира олмаслигини, бу ишга асло кучи етмаслигини тасдиқлаш ва эътироф этишдир. Бундан ташқари Аллоҳнинг каломини улуғлаб уни ҳаққоний ўқиш ва ўқиётганда хушу, яъни босиқлик ва ўзини хоксор, имкон қадар илоҳий ҳукм ва қонунлардан воқиф бўлган ҳолда илоҳий илмларнинг мағзини чақиш, ана шунча ажойиб ва ғаройиб нарсалар ҳақида фикр юритиш, оятларнинг муҳкамлари билан амал қилиб, одамларни уларга ишонишга ва амал қилишга чорлаш, муташобеҳ оятларни қандай бўлса шундайлигича қабул қилиш яъни таъвил қилишга киришмасликдир.

Расулуллоҳ учун насиҳат. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларини шак-шубҳасиз ва тараддудсиз тасдиқлаш, Аллоҳ томонидан келтирган нарсаларнинг барчасига истисносиз иймон келтириш, буйруқ ва таъқиқларига сўзсиз итоат қилиш, Пайғамбарга (танимаганларга уларни танитиш, илоҳий даъватни ёйиш каби ишлар билан) доим ёрдам бериш, ҳуқуқи муҳаммадийяга ҳурмат кўрсатиш, суннатларга амал қилиб уларни келажак авлодга етказиш (амал қилиш орқали суннатларни тирик тутиш), муборак сўзларини ёйиш, халқни уларга амал қилган ҳолда яшашга чорлаш, ҳадисларни ўрганувчиларга мулойим муносабатда бўлиб ҳурмат кўрсатиш, ҳадислар айтилаётганида ниҳоятда одоб сақлаган ҳолда эҳтиром кўрсатиш, аҳли бўлмаган кимсаларнинг ҳадислар ҳақида сўз юритишдан тилларини тийишлари, ахлоқ ва одоби муҳаммадийя билан одобланиш, у зотнинг аҳли байт ва саҳобаларига кучли муҳаббатда бўлиш, суннати набавийяга зид бўлган бидъатлардан сақланиб, саҳобаларга тил узатиб ҳаддидан ошганлардан узоқ туриш.

Мусулмон бўлган имомлар (давлат бошлиқлари) учун насиҳат. Ҳақ йўлда бўлсалар уларга ёрдам бериш, мулойимлик ва ширин сўзлик (лутф) билан кези келганда танбеҳ бериш, мусулмонларнинг ҳақларидан ғафлатда бўлишган ёки уларга етиб бора олмаган ишлардан уларни бохабар қилиш, мусулмон давлат раҳбарларига қарши бош кўтармаслик, одамларнинг қалбларини итоат қилишга одатлантириш, улар билан бирга ватан равнақи ва ҳимояси учун керак бўлса жонни фидо қилиш ҳамда уларнинг ҳақларига яхшилик тилаб дуо қилиш.

Барча мусулмонлар учун насиҳат. Уларни дунёвий ва ухровий яхшилик йўлларига чақириб, бу йўлда иршод қилиш (тўғри йўлга бошлаш), ҳам оғзаки, ҳам амалий суратда уларга ёрдам бериб, хато-камчиликларини яшириш, зарур эҳтиёжларини қондириш, улардан зарарли ҳолатларни кетказиб, манфаатларига бўлган ҳолатни (яхшиликларни) жалб қилиш, ширинсуханлик ва ихлос билан ҳақ йўлга чақириш, ботилдан тўсиш, катталарини ҳурмат қилиб, кичикларига раҳм-шавқат кўрсатиш ва шу тахлит ҳар хил насиҳатлар билан одобланиб, уларни ҳам шунга ундаш.

Хулоса қилиб айтганда Аллоҳ азза ва жалла учун насиҳат қилиш – Унинг ягоналигига соф эътиқодда ва ибодатида холис ниятда бўлиш, Аллоҳнинг китоби учун насиҳат қилиш – унга иймон келтириш ва ундаги ҳукмларга кўра амал қилиш, Аллоҳнинг Расули учун насиҳат қилиш – у зотнинг пайғамбарликларини тасдиқлаш, амр қилганларига итоат ва қайтарганларидан тийилиш учун бор кучини  сарфлаш, мўмин имомлар (раҳбарлар) учун насиҳат қилиш – ҳақ бўлган нарсада уларга итоатда бўлиш ва гарчи зулм қилсалар ҳам уларга қилич билан қарши чиқмаслик, мусулмонлар оммаси учун насиҳат қилиш – уларни манфаатлари бўлган нарсаларга бошлаш ва улар учун яхшиликни хоҳлашдир.

Абдулҳамид Зайриевнинг “Мусулмоннинг ҳақ ва вазифалари” китобидан

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 16 январдаги 03-07/184-сонли хулоса хати асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тўрт эшик... Тўрт эшикда тўрт мақом...Сиз ўзингизни қайси эшик ёки мақомда деб ҳисоблайсиз Келинг, бироз тафаккур қилайлик, қўлингиздаги қимматбаҳо телефонни давоми...

5895 09:00 / 29.05.2021
Зикр қилувчи учун ўзига яраша одоблар мавжуд. Ўша одобларга риоя қилган ҳолда адо этилган зикр қабул ва ижобат бўлиши умидлидир.1. Аллоҳ таолодан зикр учун ёрдам давоми...

6904 11:03 / 21.03.2020
Абул Ҳасан Надавийнинг .Қисосун мин аттарихил исломий, номли китобида келади.Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ шогирдларидан бирининг уйи соясида ўтиришни одат қилган эди. давоми...

1737 10:26 / 04.01.2023
Титаник кемасини юзлаб шахслар ишлаб чиқардилар, кема тайёр бўлгач унинг раҳбарларидан бири .Бу кемани Худо ҳам чўктира олмайди, деб мутакаббирлик ва беодоблик давоми...

6474 11:00 / 13.09.2022