1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Яхшиликни кичик санаманг!

11:31 / 05 сентябрь 1165 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Салим ибн Жобир Ҳужаймий розияллоху анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

- Эй Аллоҳнинг Расули! Менга насиҳат қилинг! - деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

Аллоҳга тақво қил! Идишингдаги сувни бошқанинг идишига қуйиб бериш, биродарингга очиқ юз билан гапириш каби арзимас бўлса-да, яхшиликлардан бирор-бир ишни кичик санама. Изорингни осилтириб юришдан сақлан. У кибрдандир, Аллоҳ уни яхши кўрмайди. Агар бир киши сени сендаги биладиган нарсаси ила айбласа, сен уни ундаги биладиган нарсанг билан айблама. Уни ўз ҳолига қўй. Гуноҳи ўзига, ажри сенга бўлади. Ҳеч кимни сўкиб ҳақоратлама!

Ҳеч бир яхшиликни кичик ҳисобламанг. Сизни қайси амалингиз жаннатга олиб киришини билмайсиз!

Оддийгина мушук ўтиб кетиши учун йўл бериб туришингиз ҳам яхшиликдир. Бир қарияни қўлидан тутиб, йўлдан ўтказиб қўйишингиз ҳам яхшиликдир. Ногирон инсоннинг аравачасини етаклашингиз ҳам яхшиликдир. Кўчада ишлаб юрган ишчига бир идишчада сув беришингиз ҳам яхшиликдир. Бир қариянинг қўлидан юкини олишингиз ҳам яхшиликдир. Эр-хотинларнинг ўртасини яраштириб қўйишингиз, хотинингизнинг айбларини кўрмасликка олишингиз яхшиликдир, фарзандларингизни кечиришингиз ҳам яхшилик. Қўшнингизга бирор нарса ҳадя қилишингиз, беморга даволаниши учун ёрдам беришингиз ҳам яхшиликдир!

Яхшиликнинг чеки йўқ. Холиққа олиб борадиган йўлнинг сони халойиқнинг нафаси миқдоричадир. Олдида шунча йўл бўлатуриб, ундан юрмаганлар нақадар бахтсиз!

Ахлоқингиз учун инсонларни мезон қилиб олманг. Менга яхшилик қилса, мен ҳам унга яхшилик қиламан, деманг. Агар ёмонликка ёмонлик билан жавоб бераверсак, ёмонлик қачон тугайди?!

Дунёда бир яхши хулқ бор. Унинг номи «ўзни баланд тутиш» - ёмонликлардан баланд тутиш. Ҳеч кимга сизни ўзининг ахлоқи даражасига туширишига йўл қўйманг. Ҳар қандай жанжалга аралашаверманг. Олдингизда пайдо бўлиб қолган ҳар бир урушга қатнашаверманг. Кундалик ҳаётимиздаги кўп жанжаллар арзимас мақсадлар учун бўлади. Унда ғалаба қозонсангиз-да, ғолиб бўла олмайсиз. Аммо ютқазсангиз, мағлубият аламини тортасиз. Ўзлигидан воз кечган киши билан тенглашиб, биз ҳам ахлоқимиздан воз кечсак, ундан нима фарқимиз қолади?!

Ақлли инсон ўзи учун баҳо деб фақатгина жаннатни билади. Жаннатга олиб бормайдиган ҳар қандай муаммони четга қўйинг. Ана шунда натижа қандай бўлмасин, сиз ютасиз. Банда биродарини авф қилса, Аллоҳ унинг иззати ва қудратини зиёда қилади!

Кунлар айланаверади. Охирида барибир ҳақ соҳиблари ғолиб, ботил эгалари мағлуб бўлишади. Бу нарса заминдаги Аллоҳнинг қонунидир. Юсуф алайҳиссаломни қудуққа ташлаган қўллар куни келиб у кишидан егулик сўраб чўзилган эди!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни жинни, ёлғончи деганлар Фатҳ кунида у зотнинг раҳм қилишларини сўраб, «Сен олийжаноб кишининг олийжаноб ўғлисан!» дейишган эди!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг амри билан аёллари Ҳожар онамиз ва фарзандлари Исмоил алайҳиссаломни озгина егулик ва сув билан ҳеч қандай гиёҳ ўсмайдиган, давоми...

2264 15:00 / 01.01.2022
Бу даво сабр, илм ва амалдан иборатдир.Унинг юзага келиши беш нарса ила бўлади1. Маишатда тежамкор бўлиш ва сарфхаражатда мулойим бўлиш.Ким қаноатли бўлишни давоми...

3894 17:00 / 31.03.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар .Намоз намозгача бўлган гуноҳларга каффоратдир. Рамазон рўзаси давоми...

8961 14:00 / 16.11.2023
Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ Маккадаги ҳарамда, Бани Шайба эшиги олдида Абдуллоҳ ибн Муборак роҳимаҳуллоҳ билан учрашиб қолди. Абдуллоҳ ибн Муборак деди Эй давоми...

3469 14:00 / 18.07.2022