1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

15:09 / 29 август 1093 pdf Ўқиш режими + -

Мазкур улкан ва ноёб лойиҳа Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 23 июндаги қарорига биноан бошланиб, 2018 йилги Рамазон ҳайити куни унга пойдевор қўйилган эди. Бугунги кунда бунёдкорлик ишлари якуний босқичга кирган.

Президент Шавкат Мирзиёев 29 август куни марказга ташриф буюриб, сўнгги пардозлаш ва жиҳозлаш ишларини кўздан кечирди.

Маҳобатли иншоот қадимги меъморий обидаларимиз шаклида бунёд этилмоқда. Миллий гумбаз ва пештоқлар, нақшларнинг ажойиб уйғунлиги унга алоҳида кўрк бағишлаган. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган.

Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда мусулмон дунёсининг маънавий дурдонаси – қадимий Усмон Мусҳафи жойлаштирилади. Шунингдек, сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, Ўзбекхон, темурийлар ва бошқа тарихий сулолалар даврида битилган муқаддас китобимиз нусхалари ва уларнинг эски ўзбек тилидаги таржималари қўйилади. Жаҳондаги энг нодир қўлёзма Қуръонлардан намуналар ҳам ўрин олади.

Президентимиз ушбу залдаги сўнгги пардозлаш ишларини кўриб, мутасаддиларга ўз тавсияларини берди.

Марказда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. Бу ерда турли халқаро учрашувлар анжуманлар ўтказиш учун барча шароит яратилган, энг сўнгги русумдаги техника воситалари билан жиҳозланган.

– Ўзбекистон улуғ тарихга эга. Буюк аждодларимиз томонидан яратилган илмий ва маданий мерос инсоният тарихида ўчмас из қолдирган. Улар билан дунё ҳамжамиятини хабардор қилишда ушбу марказнинг ўрни беқиёс бўлишига ишонаман, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мажмуада “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон XX асрда”, “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс” каби бўлимлар ташкил этилади. Мазкур даврлар тарихи турли ашёлар, қўлёзма манбалар, суратлар ва мультимедиа воситалари орқали намойиш этилган. Хоразмий, Фарғоний, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замаҳшарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Али Қушчи каби аллома ва мутафаккирларнинг серқирра фаолияти ҳақида маълумот берилган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби уламоларнинг ислом маърифатига қўшган ҳиссаси атрофлича ёритилган.

Айни вақтда мажмуада Бибихоним, Хонзодабегим, Гавҳаршодбегим, Гулбаданбегим, Нодирабегим, Увайсий, Анбар Отин каби тарихимизда чуқур из қолдирган машҳур аёлларнинг илм-маърифат ҳомийси сифатидаги фаолияти ҳам ўз ифодасини топган.

Марказда улуғ аждодларимиз меросини чуқур тадқиқ қилиш, уни бугунги куннинг ўткир муаммоларига жавоб бера оладиган ҳаётбахш кучга айлантириш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий номидаги ва бошқа халқаро илмий-маърифий ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилади, замонавий таҳдидларга муносиб илмий жавоблар топилади.

Давлатимиз раҳбари марказдаги бунёдкорликни юқори баҳолаб, унинг фаолиятини тўғри ташкил этиш, маъно-мазмунини бойитиб бориш юзасидан кўрсатмалар берди.

– Саккиз йил давомида бу ерда катта меҳнат қилинди. Шундай салобатли ва чуқур мазмунли марказ қурдик. Бу ерга келадиган меҳмонлар халқимизнинг бой тарихи, аждодларимиз билим ва тафаккурига тан беради, ўзига катта маънавий қувват олади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз марказга туташ ҳудудда барпо этилган савдо ва хизмат кўрсатиш иншоотлари билан ҳам танишди. Бу келгусида туризмни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.

Манба
president.uz
Мавзуга оид мақолалар
Истанбулда Султон Аҳмад I 16031617 даврида олти минорали Султон Аҳмад масжиди, яъни Кўк масжид қурилган. Ўша пайтда Маккадаги биргина Масжидул Ҳаромда 6 та минора давоми...

2693 11:02 / 16.01.2024
Бугун, 4 май куни хайрия штабидан йўлга чиққан, жами 70 тоннага яқин озиқовқат, кийимкечак, кўрпатўшак, доридармонлар, ўйинчоқлар ва бошқа турдаги маҳсулот юкланган давоми...

1938 23:17 / 04.05.2020
.Hilol Nashr, нашриёт матбааси ҳамда Islom.uz портали жамоаси Бухоро вилояти бош имомхатиби Жобир домла Эловнинг падари бузрукворлари Рустам ҳожи отанинг вафоти давоми...

1021 12:35 / 20.11.2024
.Тафсири Ҳилол, дастурининг Android қурилмалари учун янги нашрида аудио тинглаш имконияти қўшилди. Янги 2.0 нашр дастурига қуйидаги янгиликлар киритилдиndash Аудио давоми...

2589 14:05 / 26.12.2019
Аудиолар

210990 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130250 14:35 / 11.08.2021