1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир

19:00 / 26 август 1897 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ

«Сен: «Осмонлару ерни йўқдан бор қилган Зот – Аллоҳдан ўзгани валий қилиб оламанми? Ҳолбуки, У таомлантиради, аммо таомлантирилмайди», - деб айт. «Мен таслим бўлувчиларнинг биринчиси бўлмоққа амр қилиндим», - деб айт ва ҳаргиз мушриклардан бўлма» (Анъом сураси, 14-оят).

Инсон фақат Аллоҳнигина ўзига валий – мавло, йўлбошчи, ҳоким, ёрдам берувчи қилиб олмоғи лозим. Чунки У

«Осмонлару ерни йўқдан бор қилган Зот».

Ўша Яратувчи Зотни – осмонлару ернинг бағридаги жамики нарсаларнинг Молики – эгаси бўлган Зотни қўйиб, кимни валий қилиб олиш мумкин?

«…У таомлантиради, аммо таомлантирилмайди».

Агар бу дунёда яшашга имкон берувчи зотга ибодат қилиш керак бўладиган бўлса, бу иш ҳам Аллоҳнинг Ўзигагина тегишли. Бу дунёда махлуқотларга ҳақиқий таом берувчи фақат Унинг Ўзи, холос. Бундан бошқа нарсалар бировга таом бера олмайдилар, балки барчалари ўзлари таом ейдилар. Аллоҳ эса барчага таом бергани билан Ўзи таомга ҳожатманд эмас...

«Мен таслим бўлувчиларнинг биринчиси бўлмоққа амр қилиндим»

«Таслим бўлиш» мукаммал мусулмон бўлиш маъносини англатади. Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, у кишидан ўз динларига бир оз бўлса-да, ён босишни сўраб турган мушрикларга очиқ-ойдин қилиб, Исломдан бошқа йўлга юрмасликларини эълон қилишни амр этмоқда.

«…ҳаргиз мушриклардан бўлма».

Яъни Аллоҳ амр этди. Зинҳор-базинҳор ширкка яқинлашиб бўлмайди.

ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ

«Сен: «Албатта, мен агар Роббимга осийлик қилсам, буюк Кун азобидан қўрқаман», - деб айт (Анъом сураси, 15-оят).

«Буюк Кун»дан мурод қиёмат кунидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шу қадар олий мақомларига қарамай, буюк қиёмат куни азобидан қўрқишларининг ўзи ҳаммамизга ўрнак бўлиши керак. Ул зотки шунчалик хавф туйғусига эга эканлар, биз умматлари бундан ўзимизга муносиб хулоса чиқариб олмоғимиз лозим. Ҳар бир исён, гуноҳ ва хатомиз учун ўша буюк Кунда жавоб беришимиз муқаррарлигини бир лаҳза ҳам унутмаслигимиз шарт!

ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ

«Кимдан ўша Куни (азоб) четлатилса, бас, батаҳқиқ, (У Зот) унга раҳм қилибди. Ва ана ўша аниқ ютуқдир» (Анъом сураси, 16-оят).

Оятдаги «четлатилса» дегани «азоб четлатилса», яъни «азобга дучор этилмаса», деганидир. Қиёмат куни азобдан эмин бўлишнинг ўзи катта ютуқдир. Бу Аллоҳнинг ўша бандага раҳмдиллигидир.

Аллоҳга ширк келтираётганлар нима мақсадда бундай қиладилар? Нима учун ягона Аллоҳга иймон келтирмайдилар? Нега Ислом динига амал қилмайдилар? Мақсадлари нима? Ўзларига етадиган зарарни қайтармоқчиларми ёки ўзларига манфаат жалб қилмоқчиларми? Агар мақсад шу бўлса, ҳар бир ақлли одам ўйлаб кўрсин:

ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ

«Агар Аллоҳ сенга бирор зарар етказса, Ўзидан бошқа унга кушойиш берувчи йўқ. Агар У сенга бирор яхшилик етказса, бас, У ҳар бир нарсага ўта қодирдир» (Анъом сураси, 17-оят).

Бу дунёда агар хоҳласа, зарар етказувчи Зот ягона Аллоҳнинг Ўзидир. Агар У Зот бирор бандага зарар етказадиган бўлса, бутун дунё бир бўлиб ҳаракат қилганда ҳам, ўша бандадан зарарни кетказишга қодир бўла олмайдилар. Мазкур зарардан кушойиш берувчи ҳам фақат Аллоҳнинг Ўзидир. Аксинча, Аллоҳ таоло бирор бандага яхшилик етказмоқчи бўлса, бутун дунё бирлашиб ҳаракат қилганда ҳам, ўша бандадан яхшиликни тўса олмайди. Ҳар бир нарсага қодир Аллоҳ Ўз иродасини амалга оширади.

Мушриклар Аллоҳга шерик қилиб келтираётган бут-санам, турли ҳайвон ва мавжудотлар, тузум ва фирқаларнинг қайси бири шундай қудратга эга? Улардан ҳеч бири ўзига етган зарарни қайтара олмайди, хоҳлаган пайтида ўзига манфаат ҳам жалб қила олмайди.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Тавба сурасида бундай деб марҳамат қилади .Сен .Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг Хожамиздир. Мўминлар давоми...

3023 07:05 / 15.11.2018
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Аллоҳ башар учун китобни, ҳукмни ва нубувватни берганидан сўнг у одамларга .Аллоҳни қўйиб, менга давоми...

2806 19:50 / 26.10.2021
Аллоҳ таоло Тавба сурасида шундай марҳамат қилади Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис давоми...

2961 14:04 / 20.11.2018
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Албатта, иймон келтирганлар, ҳижрат қилганлар ва Аллоҳнинг йўлида жидду жаҳд қилганлар ndash ана ўшалар давоми...

3357 11:40 / 16.10.2019
Аудиолар

210991 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130251 14:35 / 11.08.2021