
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳайдархўжа эшон 1870 йил Наманган шаҳри[1], Сардоба даҳаси, Бўёқчи маҳалласи (ҳозирги «Тўрақўрғон» кўчаси)да таваллуд топди. Қиблагоҳи Асрорхўжа илмли ва тақводор киши бўлган.
Болалигидан зийрак, оқил фарзанд бўлиб улғайган Ҳайдархўжа дастлабки диний таълимни оилада олади. Сўнгра ўша даврнинг машҳур мутасаввиф уламоси ҳазрат Яҳёхон (ваф. 1923 й.) тўра ва у кишининг укаси Саййид Собитхон (1866-1928 йй.) тўра Абул-маъонийдан таълим олади. У даставвал Қуръони Карим, тафсир, фиқҳ, ақоид каби илмларни ўрганади. Кейинчалик, руҳий камолат ҳосил қилиш мақсадида катта устози Яҳёхон тўрага қўл беради ва у зотдан тариқат одобларидан сабоқ олади. Ҳазратнинг дуойи фотиҳалари билан мурид тарбиялаш ҳуқуқини берувчи иршод-ижоза олади.
Маълумотларга кўра, Ҳайдархўжа эшон илму таҳсилни тамомлагач, устозларининг кўрсатмалари билан тахминан 19 асрнинг бошларида Ғирвон қишлоғида бунёд этилган «Муҳаммад Ғози»[2] масжидига имом бўлиб тайинланади. Кунларнинг бирида қишлоқнинг таниқли кишиларидан бўлган Саидқосим ҳожининг заифалари Сора биби ойим масжид ҳовузидан сув олгани чиқиб, ёшгина имом Ҳайдар хўжа эшонни кўриб қоладилар. Уйларига бориб, хожаларидан: «бу йигит ким?», дейдилар.
Саидқосим ҳожи: «Масжидимиз имоми гўзал хулқли, илмли ва тақводор Ҳайдар хўжа исмли йигит», дея жавоб қиладилар.
Сора биби, Хожам: «Шу болани ўзимизга куёв қилсак бўлар экан», дея айтишлари биланоқ Саидқосим ҳожи: «Албатта, боринг-да, ота-онасидан розилик сўранг», дебдилар.
Сора биби Ҳайдархўжа эшоннинг уйларига совчи бўлиб бориб, бўлажак қудаларига: «Ўғлингизни ўзимизга ўғил-куёв қилмоқчимиз, шунга сизларнинг розилигингизни олгани келдим», дейдилар. Нима дейишни билмай, боши қотган Ҳайдар хўжанинг онаси: «Бизнинг ҳозир тўй қилишга имконимиз йўқ», дейди.
Сора биби ойим: «Худога шукур, бизда сармоя ҳам имконимиз ҳам бор. Фақат розилик берсангиз бўлди. Қолганини ўзимиз қиламиз, дея икки тараф қуда-анда бўлишган экан. Шу никоҳ валийма сабаб, ҳазрат эшон Ғирвон қишлоғида қолиб, маърифат зиёсини улашган эканлар.
Ҳайдархўжа эшон араб, форс-тожик ва рус тилларини яхши билганлари боис, икки бора устозлари Яҳёхон ва Собитхон тўраларга бир бора эса, қайнота, қайнона ва ўғиллари Абдулҳай ҳожиларга ҳамроҳ бўлиб ҳаж ибодатини адо этиб қайтганлар. У зот Ғирвон, Ирвадон, Шишшаки, Хонабод ва Ровустон каби жойлардан кўплаб мурид-мухлисларни тарбиялаб, шариат аҳкомларидан сабоқ бердилар. Маърифатга ташна эшон ҳазратнинг фойдаланган нодир қўлёзма ва тошбосма асарлари ҳозирда авлодлари хонадонида асраб авайланади.
Асрорхўжа ўғиллари Ҳайдархўжа эшон 1936 йили фонийдан боқийга кўчдилар. У зот «Ўн бир Аҳмад» қабристонига қўйилди. Эшон ҳазратнинг жуфти ҳалоллари Қиз муаллим ойим Саидқосим ҳожи қизи бўлган. Бу бахтли жуфтлик Биби Солиҳа (1895-1963 йй.), Биби Сожида (1907-1980 йй.), Биби Обида (1910–1985 йй.) исмли қиз ва Абдулҳай ҳожи (1900-1957 йй.), Абдуғани эшон (1905-1981йй.) ва Абдуҳаким хўжа (1914-1968 йй.) исмли ўғилларни тарбиялаб вояга етказди.
Билишимизча, кенжа фарзандлари Абдуҳаким хўжа Робияхон (1916-2008 йй.) Муҳаммад Сиддиқ (ипакчи) қизи билан оила қуриб, Мавлудахон (1948-1975 йй.), Абдубоқи (1955 й.) исмли зурриёт кўрганлар.[3]
Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов
[1] 16 асрда Наманган шаҳри маъмурий жиҳатдан тўрт даҳа — Сардоба, Лаббай тоға, Чуқуркўча ва Дегрезликка бўлиниб бошқарилган. Ибрат. Танланган асарлар. — Т.: Маънавият, 2005. — Б. 93.
[2] Ушбу масжид ҳақида тўлиқ маълумот олиш учун қаранг: Нўъмонов Т. Ғирвоннома. — Н.: Наманган, 2006. — Б. 95.
[3] Ушбу маълумотлар Ҳайдархўжа эшоннинг набиралари Ҳайдаров Абдубоқи (1955 й.) ва эваралари Ҳайдаров Ҳамидуллоҳ (1963 й.), Убайдуллаев Юнусхон (1960 й.) акалар билан суҳбат чоғида ёзиб олинди.
Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2025 йил 22 июлдаги 03-07/4389-сонли рухсати асосида тақдим қилинди.