1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Қарзингизни тўланг!

09:01 / 24 август 1130 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ‏رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ‏ قَالَ: مَطْلُ الْغَنِيِّ ظُلْمٌ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.‏

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ‎ривоят қилинади: ‎

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ‎бойнинг (зиммасидаги ҳақни) бермай юриши ‎зулмдир», дедилар». ‎

Бешовлари ривоят қилганлар.‎

Ҳадиси шарифда тилга олинган «ғаний» сўзининг луғатдаги бирламчи маъноси «бой», «беҳожат» деган маъноларга далолат қилади. Аммо, машҳур аллома, ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийга кўра, «ғаний» сўзи билан ҳадиси шарифда мутлақ бой кимса назарда тутилмаган балки, гарчи аслида фақир бўлса ҳам ўз қарзини адо этиш имкони бўла туриб, кечиктириб юрувчи кимса ирода қилинган.

Шунга биноан, ҳаракат қилса, қарзини узишга имконияти бор бўла туриб, масалан сотиб, пул қилишга яроқли мулклари бўла туриб, ўзганинг омонатини қайтармай юриш бу зулм экан. Бундай одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукми ва таърифи билан золим саналар экан. Шу боис ҳам моликий мазҳабининг илк авлоди йирик фақиҳларидан имом Саҳнун ва Асбағ ибн ал-Фаражлар «Кимки, ўзганинг қарзини қайтармай чўзиб юрган бўлса, унинг гувоҳлиги ҳам қабул қилинмайди. Зеро, Набий алайҳиссалом ундай кимсани золим деб атаганлар», деганлар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ ‏صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ‏ قَالَ: لَيُّ الْوَاجِدِ يُحِلُّ عِرْضَهُ وَعُقُوبَتَهُ‏. رَوَاهُ البُخُارِيُّ وَأَحْمَدُ وَالنَّسَائِيُّ.‏

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ‎ривоят қилинади: ‎

‎«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ‎«Топганнинг бўйин товлаши унинг ‎обрўсини (тўкишни) ва уқубатини ҳалол ‎қилади», ‎ дедилар». ‎

Бухорий, Аҳмад ва Насаийлар ривоят қилганлар.‎

«Обрўсини (тўкишни) ва уқубатини ҳалол ‎қилади» деган сўз Абдуллоҳ ибн Муборак айтганларидек, ундан ўзгаларга шикоят қилиш ва унга нисбатан бетакаллуфлик билан қаттиқ гапиришни ҳалол қилади, деган маънони англатади.

Шунга кўра, ўзганинг омонатини қайтаришни пайсалга солиб юрган кишидан омонат соҳиби бошқаларга шикоят қилса ёхуд унга қаттиқроқ оҳангда гапириб юборса, ҳалиги пайсалга солувчи кимса асло хафа бўлмаслиги лозим.

Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай марҳамат қилади:

ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ

«Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир»

(Раҳмон сураси, 60-оят).

Яхшилик ва эҳсон бу дунёда ҳам, кишилар ўртасида ҳам фақат яхшилик ва эҳсон билан қарши олиниши лозимлигига нозик ишоралардир.

Одамлар билан ўзаро муомаламизда ҳам ушбу ояти каримани ўзимизга шиор қилиб олишимиз нақадар гўзал.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ‏ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ ‏صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ أَخَذَ أَمْوَالَ النَّاسِ يُرِيدُ أَدَاءَهَا أَدَّى اللهُ ‏عَنْهُ، وَمَنْ أَخَذَ يُرِيدُ إِتْلَافَهَا أَتْلَفَهُ اللهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.‏

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ‎ривоят қилинади: ‎

‎«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:‎

‎«Ким одамларнинг молларини (қарзга) ‎олиб, уни адо этишни ирода қилса, Аллоҳ ‎ундан (ёрдами ила) адо этади. Ким йўқ ‎қилишни ният қилиб олса, Аллоҳ уни йўқ ‎қилади», дедилар». ‎

Имом Бухорий ривояти.

Ушбу ҳадиси шариф ҳам набавий мўъжизалардан бири ҳисобланади. Кўпинча, бировнинг омонатини олаётганда уни сидқидилдан қайтариш ниятида бўлганларга Аллоҳ ёрдам бериб, қарзларидан узилишларини осон қилиб қўйганининг гувоҳи бўламиз. Аксинча, бировдан қарз, омонат ва ҳоказо олаётганда ниятида қайтариш бўлмаган кишиларнинг ўша қўлларидаги моллари уларга фойда бермайди. Балки, баракасиз совурилиб кетади ва бўйинларида қарздорлик қолиб кетади.

Ушбу ҳадиси шарифдан иккита чуқур маъно ва фойда истифода қиламиз. Биринчиси, ўзгаларнинг молини қарз ёки орият ва бошқа хил мубоҳ йўллар билан олувчи киши мазкур омонатларни қайтаришга бўлган азму қарори кучли бўлса, омонатдор бўлса, Аллоҳ унинг ниятига мувофиқ қарзни узиш йўлларини осон қилиб қўйиш орқали унга ёрдам беради. Ёхуд қарз соҳибларининг қалбларини унга эзгулик билан мойил этиб, қарзларидан кечиб юборишларини дилларига илҳом қилади. Бу дунёда бирор жиддий сабаб билан қарзини узолмай қолса ҳам Қиёмат кунида Аллоҳ таоло унинг савобларини қарз соҳибларига бериб, уларнинг гуноҳларини унинг елкасига ортмайди. Балки, қарз соҳибларига алоҳида ажр-савоблар ато этади. Чунки, унинг нияти пок, азми содиқ ва охиригача ҳаракат қилган эди. Бироқ, Аллоҳнинг иродаси ва ўзининг имконсизлиги сабаб қарзини қайтаришдан ожиз бўлиб қолганди. Шунинг учун агар бу дунёда бўлмаса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни албатта уни қўллаб юборади.

Ҳадисдан олинадиган иккинчи фойда, ўзгалар молини омонат қилиб олаётганда, уларни эгаларига соғ-саломат ҳолда қайтариш нияти бўлмаган Аллоҳ таоло балога гирифтор қилиб қўяди. Уларнинг тан-жонига, мол-давлатларига талафот етказади ва ризқларидан баракани суғуриб олади. Бошлари бало ва мусибатдан, муаммолардан чиқмай қолади. Негаки, ундай кимсалар яхшиликни ёмонлик билан қарши олаётганлари жиҳатидан Аллоҳга қарши бош кўтарган, Унга қарши муборазага журъат қилган кимсаларга айландилар. Аллоҳ эса доим Ўзига қарши уруш очганларни нобуд қилган ва талафотга йўлиқтирган. Бу Унинг ўзгармас суннатидир.

Алишер Султонходжаев

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2025 йил 22 июлдаги 03-07/4389-сонли рухсати асосида тақдим қилинди.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир киши 48 йил аввалги бошланғич синф ўқитувчисини хиёбонда кўриб қолиб, хижолатлик билан ёнига бориб .Устоз, мени танидингизми, деди.mdash Йўқ, таниёлмадим, деди давоми...

5477 20:00 / 01.10.2021
Подшоҳлардан бири ўғлини ҳаётдаги саодат сирини ўрганиб келиши учун донишманд ҳузурига юборди. Ўғил у ерга борганда ҳакимнинг қасрида анчагина одам мавжудлигини давоми...

2092 14:33 / 14 май
Титаник кемасини юзлаб шахслар ишлаб чиқардилар, кема тайёр бўлгач унинг раҳбарларидан бири .Бу кемани Худо ҳам чўктира олмайди, деб мутакаббирлик ва беодоблик давоми...

6473 11:00 / 13.09.2022
.Роббингиз Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман деди, Ғофир сураси, 60оятБаъзилар .Одамлар Аллоҳдан сўрайдилар, аммо Аллоҳ ҳеч нарса бермаслиги ёки сўрамаган давоми...

4066 11:30 / 25.03.2022