1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Фиқҳ илми

12:24 / 20 август 1065 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Фиқҳ» сўзи луғатда дақиқ фаҳмни, яъни бир нарсани нозик жойларигача тушунишни англатади.

Шариат истилоҳида эса шаръий далиллардан фаръий ҳукмларни чиқаришга «фиқҳ» дейилади.

Ушбу таърифдаги «шаръий далил» деган иборадан асосан Қуръони Карим оятларини ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тушунамиз.

«Фаръий ҳукмлар» эса луғатда аслийнинг тескариси, яъни шохобча, кичик аҳамиятли деган маъноларни англатади.

Шариатда эса ибодат ва муомалотларни ўз ичига олувчи ҳукмлар фаръий ҳукмлардир.

Фиқҳ илмининг тарихига назар соладиган бўлсак, Исломнинг аввалги даврида тафсир, ҳадис, усулул фиқҳ ва бошқа илмлар каби, фиқҳ илми ҳам алоҳида илм шаклида ажралиб чиқмаганлигини кўрамиз.

Ҳақиқий фиқҳий ижтиҳодларни ёзишни ташкил қилиш ҳақида сўз кетадиган бўлса, баъзи уламолар бу ишни Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи бошлаганларини таъкидлайдилар.

Жумладан, «Тақрир ва таҳбир» китобининг соҳиби Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Амийри Ҳажж қуйидагиларни ёзади: «Фиқҳни биринчи бўлиб тадвин қилган, китоблари ва бобларини тартибга солган имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидир. Шунинг учун ҳам Ферузободий «Тобақотул фуқаҳо»да нақл қилганидек, имом Шофеъий: «Ким фиқҳни истаса, Абу Ҳанифанинг боқимандасидир», деган».

Худди шу гапларни Аҳмад ибн Муҳаммад Ҳамавий «Ғизоу ъуйунил басоир фии шарҳи ашбоҳи ван-назоир» китобида, Муҳаммадамин ибн Умар ибн Обидин «Роддул муҳтор ъалаа дуррил мухтор» китобида келтирганлар.

Албатта, бу гапларнинг маъноси Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг фиқҳни оғзаки нақл қилишдан ёзма шаклга ўтиш борасида қилган ташкилотчилик ишларига ишора бўлса керак.

Тўлақонли китоб ёзиш ҳақида сўз кетганда имом Абу Юсуф тилга олинади. У киши ўз устозлари Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан кейин ўттиз икки йил яшаган ва у кишидан олган илмларини баъзи китобларда тадвин қилган. Имом Абу Юсуф «Китабул Осор», «Ихтилофи Ибн Аби Лайло», «Ар-радду ала сияри Авзоъий» ва «Китабул харож» номли асарларни таълиф қилганлар. Айниқса у кишининг «Китабул харож»и машҳур бўлган, бизгача етиб келган ва чоп этилган.

Бу китобни Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи халифа Ҳорун Рашидга атаб ёзган. Унда давлатнинг молиявий манбалари ҳақида батафсил сўз юритилган. Унда бу масалага оид ояти карималар, ҳадиси шарифлар ва саҳобаларнинг фатволари келтирилган ҳамда улардан ҳукм чиқарилган.

«Китабул харож» имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳининг ёлғиз ўзларига оид илмий иш бўлиб, унда бошқа фақиҳларнинг ҳиссалари йўқ. Унда муаллифнинг ўз устозлари имом Абу Ҳанифага хилоф қилган ҳоллари ҳам кўп учрайди.

Уламолар «Китабул харож»ни ўз асрининг тенги йўқ илмий фиқҳий бойлиги сифатида қадрлайдилар.

Юқорида зикр этилган асарларнинг деярли барчасини том маънодаги фиқҳий китоблар дея олмаймиз. Бу асарларни таълиф этишдан кўзда тутилган мақсад ривоятларни жамлаш ва тартибга солишдан иборат бўлган.

Мазҳаббоши мужтаҳидлар одатда илмий мажлисларда оғзаки тарзда дарс  олиб борганлар. Ўша мажлисларда савол-жавоблар ҳам бўлар, турли фатволар ҳам айтилар эди. Баъзи иштирокчилар эса мазкур суҳбатларни ўз дафтарларига ёзиб борардилар. Ўша даврларда мана шу тарзда юзага келган китоблар бизнинг бугунги тушунчамиздаги тўлиқ фиқҳий асарлардан фарқ қилиши табиийдир.

Фиқҳий асарлар ёзишнинг бошланиши ҳақида сўзлар эканмиз, бу ишнинг том маънода юзага чиқишида имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳини алоҳида эътибор ила тилга олишимиз лозим бўлади. У киши ўн тўрт ёшида имом Абу Ҳанифанинг мажлисларида иштирок эта бошлаган ва тўрт йил давомида кўп нарсаларни ўрганган. Имом Абу Ҳанифанинг вафотларидан кейин Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳи имом Абу Юсуфдан дарс олди. Кейин ҳанафий мазҳабининг асосини ташкил қиладиган китобларни таълиф қилди.

Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳанафий фиқҳининг ҳофизидирлар. У киши биринчи бўлиб муайян фиқҳни йиққан, китоб шаклига келтирган олим саналадилар. Мазкур улкан ишда Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳига иккинчи устозлари Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи катта ёрдам берганлар.

У кишининг таълиф қилган китоблари кўп бўлиб, улардан олтитаси алоҳида аҳамиятга моликдир. Мазкур олти китоб ҳанафий фиқҳининг асосий манбалари ҳисобланади. Уларнинг номлари қуйидагича:

1. «Китабул асл». Бу китобнинг иккинчи номи «Мабсут»;

2. «Китабуз-зиёдот»;

3. «Китабул Жомеъус-сағийр»;

4. «Китабул Жомеъул кабийр»;

5. «Китабус-сиярис-сағийр»;

6. «Китабус-сиярил кабийр».

Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳининг булардан бошқа китоблари ҳам бор бўлиб, улардан иккитаси – «Китабур-радди ала аҳли Мадина» ва «Китабул осор» худди юқорида зикр қилинган олти китоб кучига эгадир.

«Эълоус-сунан» китобининг «Фавоидул фиқҳийя» номли муқаддимасида шундай дейилади:

«Тарих гувоҳлик берадики, эргашилган имомларнинг мазҳабларидаги «Мудаввана», «Ҳужжа», «Ал-умм» ва бошқа шунга ўхшаш китоблар улуғ имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳининг китоблари ёғдуси ила ёзилгандир».

«Эълоус-сунан»нинг муаллифи Зафар Аҳмад Усмонийнинг таъкидлашларича, бошқа мазҳабларнинг уламолари ҳам имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳидан ўрганиб китоблар таълиф қилганлар. Зафар Аҳмад Усмоний бунга мисол қилиб моликий мазҳабига доир китобларни биринчи бўлиб ёзган Асад ибн Фуротнинг имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳидан дарс олгани, кейин юртига қайтиб, «Мудаввана»га асос бўлган китобларни ёзгани ҳақидаги ривоятларни санадлари билан келтирадилар.

Шунингдек, Зафар Аҳмад Усмоний имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи ҳам имом Муҳаммаддан дарс олганлари ва у кишининг олдиларидан қайтгандан сўнг ўз китобларини ёзганлари ҳақида ҳужжат ва далиллар келтирадилар.

Шу тариқа аста-секин фиқҳий китобларни ёзиш ривожланиб борди. Аввал фуруъул фиқҳ бўйича, кейин усулул фиқҳ бўйича китоблар ёзилди, сўнгра биз ўрганаётган турли йўналишлар бўйича китоблар ёзиш йўлга қўйилди.

Фиқҳий китоблар ёзиш тараққий этиб, мусулмон фуқаҳолар дунёни китобга тўлдириб юбордилар. Зотан, мусулмон халқларнинг ҳаёти доимо фиқҳ билан чамбарчас боғланган бўлади. Шунинг учун ҳам ҳозирги даврда энг кўп ёзилаётган китоблар рўйхати бошида фиқҳ китоблари туради

«Ҳидоят имоми» китоби асосида тайёрланди.

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2023 йил 11 декабрдаги 03-07/9264-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло айтади .Ва сизлар учун Исломни дин деб рози бўлдим, Моида сураси, 3оят.Бу жумла Моида сурасидаги оятдан бир бўлакдир. Айни ушбу жумланинг .Диннинг давоми...

8677 21:08 / 22.07.2017
Ливерпуллик Вилям исмли адвокат қаттиқ касал бўлади. Шифокор унга иссиқ ўлкага бориб даволанишни маслаҳат беради. У Гибралтар бўғози орқали Марокашга йўл олади. давоми...

3944 10:10 / 09.10.2021
Ислом уммати ўрта mdash мўътадил умматдир. Ўрта деганда, яхшилик ва афзаллик, мўътадил, адолатли, ҳиссиётда ўрталик маъносини англатади. Ислом уммати эътиқод ва давоми...

2051 09:00 / 30.01.2023
Ким яхшилик қилувчи бўлган ҳолида Аллоҳга юз тутса, батаҳқиқ, у .ишончли арқон,ни маҳкам тутибди. Ишларнинг оқибати фақат Аллоҳга қайтур.Ким Аллоҳга юз тутса, яъни давоми...

4463 18:45 / 27.02.2018
Аудиолар

210983 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130241 14:35 / 11.08.2021