
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ
«Агар уни фаришта қилсак ҳам, эркак қилган бўлар эдик ва ўзлари чалкаштираётган нарсани уларга чалкаштириб ташлар эдик» (Анъом сураси, 9-оят).
Кофир-мушриклар одам Пайғамбарга ишонмай, уни тасдиқловчи фаришта ҳам тушишини даъво қилиб, ишни мушкуллаштирдилар. Шу билан бирга, улар фаришталар ҳақидаги тасаввурни ҳам «Фаришталар – аёл, улар Аллоҳнинг қизларидир» деган ақийда билан мушкуллаштирган эдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг пайғамбарликни тасдиқ этиш учун фаришта тушириш иддаолари қондирилса, улар учун мушкулот яна ҳам оғирлашган бўлар эди.
«Агар уни фаришта қилсак ҳам, эркак қилган бўлар эдик».
Яъни, улар эътиқод қилганларидек, Пайғамбарни тасдиқлаш учун осмондан юборилган фаришта аёл суратида бўлмас эди. Буни кўрган мушриклар «Фаришта бўлса, аёл бўлиши керак эди, бу ҳам бошқа бир нарса шекилли», деб турли хом хаёллар билан чалғир эдилар. Натижада:
«...ўзлари чалкаштираётган нарсани уларга чалкаштириб ташлар эдик».
Бу эса ўз навбатида уларни янада қаттиқроқ иқобга дучор қилар эди.
Кейинги оят мушриклардан озор тортган Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли бўлиб келмоқда:
ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ
«Батаҳқиқ, сендан олдинги расуллар ҳам истеҳзо қилинганлар. Бас, уларни масхара қилганларни ўзлари истеҳзо қилиб юрган нарса ўраб олди» (Анъом сураси, 10-оят).
Яъни, эй Пайғамбар, қавминг мушрикларининг сенга қилаётган кирдикорларидан озор чекма. Бу кўҳна одат, ушбу мушрикларга ўхшаш саркаш, бефаҳм гуноҳкорлар олдин ҳам бўлган ва улар томонидан
«...сендан олдинги расуллар ҳам истеҳзо қилинганлар».
Бу борада сен ёлғиз эмассан. Шу билан бирга, сени истеҳзо қилаётган кофиру мушриклар билиб қўйсинларки, Аллоҳ таоло томонидан келган пайғамбарларга бу тарзда ёмон муомала қилиб бўлмайди. Чунки тарихга назар соладиган бўлсак, доимо
«…уларни масхара қилганларни ўзлари истеҳзо қилиб юрган нарса ўраб олди».
Яъни, улар шу туфайли ҳалокатга учраганлар. Агар ишонмайдиган бўлсалар, уларга:
ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ
«Ер юзида юриб, сўнгра ёлғонга чиқарувчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинг», – деб айт» (Анъом сураси, 11-оят).
Ушбу ояти карима нозил бўлгунга қадар инсоният ер юзида савдо-сотиқ, уруш-босқинчилик ва маишат истаб, сайр-сафар қилар эди. Бундай юришларнинг ҳаммаси ҳам дунё матоҳи учун бўларди. Ушбу ояти карима инсониятни янги бир назарияга, янги бир бурилишга даъват қилмоқда. У ҳам бўлса, ибрат олиш, ҳидоят йўлига тушиш учун фойда берадиган сафар лозимлигини таъкидламоқда. Маърифий сафар қилувчи ўз сафари давомида ўтган аждодлар яшаган жойларни кўриб, ҳидоятга юрмаган, пайғамбарларни ёлғончига чиқарганларнинг оқибати нима билан тугаганига диққат билан эътибор бериб, ўзига тегишли ибрат олиши лозим.
Дарҳақиқат, ер юзининг қаерига борилса, тарихий осори атийқалар ва бошқа омиллар ўрганилса, куфру ширк, гуноҳ ва исён билан ўтганларнинг оқибати вой бўлгани равшан кўринади. Исломдаги сайру саёҳат ҳам шу маънода ибрат сафари, ҳидоят йўлига томон йўлланиш сафари бўлади. Ҳозирда маърифий маънодаги сафарлар кўпайди, аммо ушбу оятда кўзланганидек, ибрат олиш учун эмас. Ҳозирги сафарлар жосуслик, ўйин-кулги, ҳаром-хариш ишлар, бир-бирининг устидан кибрланиш каби қилмишларга хизмат этмоқда.
Аввалги оятларда дунёнинг ягона яратувчиси борлиги, пайғамбарлик ҳақ экани, ўтганлардан ибрат олиш лозимлиги каби масалалар баён қилинган эди.
Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.