Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Эй ожиз банда, «шукр қилсанг-чи!» | Тазкия дарслари (340-дарс)

19:00 / 09 август 1233 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ

«Агар хоҳласак, уни қуруқ чўпга айлантириб қўяр эдик. Сизлар эса надоматда ажабланиб: «Албатта, биз зиён кўрганлармиз. Балки маҳрум бўлганлармиз», (дейсизлар)» (Воқиъа сураси, 65-67-оятлар).

Зироатни Аллоҳ таоло ўстириши аввал таъкидланиб, бу борада ҳам инсоннинг ожизлиги унинг эсига солинган эди. Ушбу уч оятда инсоннинг мазкур ожизлиги бошқа томондан таъкидланмоқда.

«Агар хоҳласак, уни қуруқ чўпга айлантириб қўямиз».

Ҳа, Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган лаҳзада ям-яшил бўлиб турган дов-дарахт, ўт-ўлан ва экин-тикинларни қуруқ чўпга айлантириб қўйиши жуда ҳам осон. Бу ишни бандаларига эслатиб туриш учун ҳар замонда, намуна тариқасида мисоллар кўрсатиб ҳам туради.

Агар Аллоҳ таоло хоҳлаб, набототларни қуруқ чўпга айлантириб қўйса, бандалар нима қила олади? Ҳеч нарса! Уларнинг қила оладиган иши:

«...надоматда ажабланиб: «Албатта, биз зиён кўрганлармиз. Балки маҳрум бўлганлармиз», дейиш бўлади, холос.

Бас, шундай экан, бандалар ўзлари экаётган нарсаларни ундирувчи Зот – Аллоҳ таолога иймон келтириб, У Зотга ибодат қилсалар бўлмайдими?

Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилувчи ҳужжатларни келтиришда давом этиб, инсон ҳар доим муҳтож бўлиб турадиган неъматлардан бири бўлмиш сув ҳақида сўз очади:

ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ

«Ўзингиз ичадиган сувни ўйлаб кўринг-а! Уни булутлардан сиз туширасизми ёки Биз туширувчимизми?» (Воқиъа сураси, 68-69-оятлар).

Сув ҳаёт манбаи дейилади. Сувсиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Хўш, ушбу сувнинг вужудга келишида инсоннинг қандай хизмати бор?

У сувни ичишдан ва уни булғашдан бошқа юмушга аралаша олмайди. Ҳаммаси фақат Роҳман сифатли Аллоҳ таолонинг қудрати билан бўлади.

Охирги пайтда инсон булутлардан ёмғир ёғдиришга уриниб кўрди. Лекин бу тажриба, холос. Бу уринишнинг оқибатида катта ноқулайликлар ҳам келиб чиқмоқда. Қолаверса, бу иш бор нарсага таъсир ўтказишдан иборат, холос. Худди ер остидан булоқ ёки қудуқ қазиб сув чиқазгандек.

Инсон кундалик ҳаётида давомли равишда сувга эҳтиёж сезади, уни тинмай истеъмол қилади. Лекин сувнинг асли қаердан келганини кўп ҳам тааммул қилиб, ўйлаб кўрмайди.

Агар инсоф билан, синчиклаб ўрганганида эди, Аллоҳ таолонинг қудратига қойил қолиб, ибодатига шошиларди. Чунки Аллоҳ таоло хоҳласа, бир зумда сувнинг чучуклик хусусиятини йўқотиб, доим шўр қилиб қўйиши ҳам мумкин. Ҳа,

ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ

«Агар хоҳласак, Биз уни шўр қилиб қўямиз. Шукр қилсангиз-чи!» (Воқиъа сураси, 70-оят).

Аллоҳ таолонинг неъматларини ўзининг зиддига солиштириб кўрилганда қадрига етилади. Ғофил бандалар тайёр сувни хоҳлаганича ишлатиб юриб ўрганиб қолганлар. Уларга бу нарса ўзи шундай бўлиши керакдек кўринади.

Шунинг учун ҳам ҳаёт манбаи бўлган сувни уларга берган Зотни унутиб қўядилар. Лекин улар бир тасаввур қилсинлар-а:

«Агар хоҳласак, Биз уни шўр қилиб қўямиз».

У ҳолда бандалар нима қила оладилар? Дунёдаги барча сувлар шўр бўлиб қолди. Бутун дунёнинг ҳоли нима бўлади? Шўр сувни қайта ишлаб, чучук қилиб олаверадиларми? Буни қилиш учун қанча куч-қувват, маблағ, вақт ва илм керак?

Қолаверса, қайта ишланган сув Аллоҳ таоло берган сувчалик бўлармиди?! Яна сувни қайта ишлашни Аллоҳ таоло билдирмаса, банда қаердан ҳам била олар эди!

Эй ожиз бандалар!

«Шукр қилсангиз-чи!»

Келаси оятларда Аллоҳ таолонинг инсонга берган яна бир неъмати – олов ҳақида сўз кетади:

ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ

«Ўзингиз ёқадиган ўтни ўйлаб кўринг-а! Унинг дарахтини сиз яратгансизми ёки Биз яратувчимизми?» (Воқиъа сураси, 71-72-оятлар).

Оловсиз ҳам инсон ҳаётини тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳар доим унга инсоннинг ҳожати тушиб туради. Лекин оловнинг ёниши ва ундан фойдаланиш одатдаги ҳолга айланиб, уни ким яратган, ёниш хусусиятини унга ким берган, деб ўйлаб кўриш доим ҳам эсга келавермайди.

Оловнинг ёқилғиси дарахт. Унинг қандай вужудга келишини аввал ўргандик. Нима учун дарахт дарахтга ишқалса, ўт чиқади? Олов мўъжизасини ҳали ҳеч ким ўргана олгани йўқ.

Агар Аллоҳ таоло бандаларга олов неъматини бермаганида, уни келтириб чиқарувчи сабабларни жорий қилмаганида, бандаларнинг ҳоли нима бўлар эди?

Ҳеч бўлмаса шуни ўйлаб, тааммул қилиб кўрмайдиларми?

Ўзлари ёқадиган оловнинг дарахтини яратган Зотга иймон келтириб, ибодат қилмайдиларми?!

Ҳа, ўйлаб кўрсинлар! Тааммул қилсинлар!

ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ

«Биз у(олов)ни эслатма ва йўловчилар учун манфаат қилиб қўйдик» (Воқиъа сураси, 73-оят).

Одамлар бу дунёда ёқадиган оловнинг эслатма бўлиши – жаҳаннам оловини эслатиб туришидадир. Йўловчилар учун фойдали бўлиши эса – қадимда кишилар сафарга чиққанларида олов ёқиб, исинишар, озиқ-овқат пиширишар ва бошқа юмушларда ундан фойдалар олишар эди.

Демак, ҳар бир банда оловни кўриши билан жаҳаннамни эслаб, ундан сақланиш чораларини кўриши лозимлигини яна бир бор ўйлаши лозим экан. Ҳар бир банда оловни кўриши билан Аллоҳ унга берган фойдаларни эслаши керак экан.

ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ

«Бас, улуғ Роббинг исмини поклаб ёд эт!» (Воқиъа сураси, 74-оят).

Шунча неъматларни ато қилган Роббул оламийн мушрик ва кофирларнинг туҳмат эътиқодлари ва гап-сўзларидан покдир. Мазкур неъматларнинг эгасини таниган ҳар бир инсон Холиқ Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиб, ибодат қилишга ўтади.

«Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 14 апрелдаги 03-07/2439-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нафсни тергаб туриш ниҳоятда фазилатли ишдир. Бу ишга Аллоҳ таоло амр қилган.Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида марҳамат қилади .Эй иймон келтирганлар Аллоҳга тақво давоми...

3459 20:01 / 21.11.2018
1. Муроқаба жаннатни ютиб олиш ва дўзахдан нажот топишдир. 2. Муроқаба қиёмат кунидаги катта қўрқинчдан омонликдир. 3. Муроқаба иймоннинг камоли ва Исломнинг давоми...

1754 19:00 / 22.09.2024
Ҳасан Басрий айтган 40 калима1. Аллоҳ бандани воз кечганининг аломати, банда бефойда нарса билан машғул бўлишидир.2. Хулқини ёмон қилган жонини қийнабди.3. Олимлар давоми...

5464 05:00 / 01.03.2017
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадиси шундайдир Менинг ахлоқимга тобеъ бўлмаган ва менга салоту салом йўлламаган киши жаннат йўлини йўқотиб давоми...

4113 12:03 / 03.11.2018
Аудиолар

210991 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130251 14:35 / 11.08.2021