Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Аллоҳ иймон келтирганларни тўғри йўлга ҳидоят қилгувчидир | Қуръони Карим дарслари (164-дарс)

19:00 / 04 август 1351 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида шундай марҳамат қилади:

«Шундай қилиб, уни арабий Қуръон этиб нозил этдик ва унда ваъийдларни баён қилдик, шоядки, тақво қилсалар ёки уларда эслаш пайдо қилса», деган (113-оят).

«Бу Китоб арабий Қуръондир. Уни араб тилида нозил қилдик. Ушбу арабий Қуръонда кўплаб қўрқинчли ваъдаларни ҳам баён этдик. Бундан мақсадимиз, шояд одамлар тақво қилсалар, куфр ва ёмонликлардан сақлансалар, қўрқинчли ваъдалардан эслатма олсалар».

Аллоҳ таоло яна:

«Илм берилганлар албатта у(Қуръон) Роббингдан (келган) ҳақ эканини билишлари, унга иймон келтиришлари ва қалблари унга боғланиб, таскин топиши учундир. Албатта, Аллоҳ иймон келтирганларни тўғри йўлга ҳидоят қилгувчидир», деган («Ҳаж» сураси, 54-оят).

Ояти каримадаги «илм берилганлар»дан мурод мусулмонлардир.

Демак, бу ҳолат Қуръони Каримнинг Аллоҳ таолодан келган ҳақ эканини яна бир бор билишларига, унга бўлган иймонларининг янада қувватланишига, қалблари Қуръони Каримга қаттиқроқ боғланиб, таскин топишига сабаб бўлади.

Мисол учун, Абдуллоҳ ибн Умму Мактум қиссасини олайлик. Уламоларимиз ҳозиргача ушбу қиссани Қуръоннинг Аллоҳнинг каломи эканига энг улкан далил қилиб келтирадилар. Чунки агар Қуръон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари бўлганида, у зот ўзларини ўзлари дўсту душман ичида хижолат қилмас эдилар. Қуръон ҳақиқатда ҳам Аллоҳнинг каломи бўлгани учун, Абдуллоҳ ибн Умму Мактумнинг ёнини олиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни итоб қилувчи оятлар тушган.

Бундай ҳолатни кўрган оз сонли мусулмонлар Қуръоннинг Аллоҳ томонидан келган ҳақ эканига яна бир бор шоҳид бўлдилар. Унга бўлган иймонлари яна ҳам қувватланди, қалблари Қуръонга яна ҳам қаттиқроқ боғланиб, таскин топди.

«Албатта, Аллоҳ иймон келтирганларни тўғри йўлга ҳидоят қилгувчидир».

Уларни икки дунё саодати йўлига, Ислом йўлига ҳидоят қилгувчидир. Иймон келтирмаганларга эса икки дунёнинг бадбахтлик йўли бўлади. Чунки

Аллоҳ таоло яна:

«Батаҳқиқ, сизларга баён қилгувчи оятларни, сиздан олдин ўтганлардан мисолни ва тақводорлар учун ваъзни нозил қилдик», деган («Нур» сураси, 34-оят).

Қуръони Карим оятлари очиқ-ойдин, уларнинг ҳеч тушунарсиз ёки ноаниқ қолган жойи йўқ. Ким хоҳласа, уларни ўрганиб, татбиқ қилиб, нажот топади.

Қуръони Каримда ибрат олиш учун ўтганларнинг мисоллари ҳам келтирилган. Иймонда юрганлар нажот топиб, куфрни ихтиёр қилганлар ҳалок бўлишига тарихдан далиллар келтирилган.

Қуръони Каримда тақводор зотлар учун етарлича мавъиза ҳам бор.

Аллоҳ таоло яна:

«Оламларга огоҳлантирувчи бўлиши учун бандасига Фурқонни нозил қилган Зот ‎баракотли, улуғдир», деган («Фурқон» сураси, 1-оят).

Чиндан ҳам Аллоҳ таоло баракотли ва улуғ Зотдир.

Ана шу битмас-туганмас баракотлилиги ва улуғлиги аломати ўлароқ, у бу дунёдаги кишиларга, барча оламларга бандаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни огоҳлантирувчи этиб юборди ва у зотга ҳақдан ботилни фарқловчи Фурқонни – Қуръонни нозил қилди.

Аслида, инсонни соф табиат ила яратган, унга ҳис қилиш аъзолари ва ақл берган Аллоҳ бандаларга Ўзини таниш ва Ўзига ибодат қилиш амрини беришга ҳақли эди. Аммо улуғлиги учун ундай қилмади. Бандаларига лутфу марҳамат кўрсатди.

Баракоти намунаси қилиб, турли Пайғамбарларни юборди, китоблар нозил этди. Ана шу Пайғамбарлар ва китоблар силсиласининг сўнгги халқаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Қуръони Карим бўлди.

Шунинг учун ҳам улар маълум вақт ва маълум мақом учун эмас, балки барча оламлар учун бўлди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам барча оламлар учун қиёматгача Пайғамбар, Қуръони Карим қиёматгача илоҳий дастур бўлди.

Уламоларимиз ушбу оятдаги «бандасига» сўзига алоҳида эътибор берганлар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни энг олий мақомларда бандалик сифати билан ёдга олган.

Жумладан, Исро ва Меърожда, Аллоҳга муножот этиш пайтида, Китоб нозил қилишда ва ушбу оятда. Демак, башарнинг энг олий мақоми Аллоҳга бандалик экан. Аллоҳга бандалик башар учун энг улкан бахт, энг олий мақом ҳамда битмас-туганмас неъмат экан.

Аксинча, Аллоҳга бандаликни ҳис этмаслик катта бахтсизлик бўлиб, инсонни ҳайвонлик даражасига тушириб қўяди. Бу ҳақда ушбу суранинг ўзида кейинроқ сўз кетади.

Оятда Аллоҳ таолонинг бандасига Фурқонни нозил қилишидан мақсади

«Оламларга огоҳлантирувчи бўлсин учун» экани таъкидланмоқда. Бу оят Маккада, Ислом даъватининг аввалида, оз сонли мусулмонлар иймонлари ва жонларини қутқаришдан бошқани ўйламай турган, ғалаба ёки фатҳу футуҳларнинг дараги ҳам йўқ пайтда нозил бўлган.

Лекин, шу билан бирга, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оламларга огоҳлантирувчи эканликларини ишонч билан баралла эълон қилмоқда. Бундай гап фақат илоҳий баёнда бўлиши мумкин, холос. Бошқа ҳеч ким мазкур эълонни қила олмайди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 30-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Айтгин .Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир.Унинг шериги йўқ. Мана шунга буюрилганман. Ва мен мусулмонларнинг давоми...

4877 22:51 / 01.05.2018
31. Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг ҳибр ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Робб тутдилар. Улар фақат битта илоҳдан бошқага ибодат қилмасликка амр қилинган давоми...

5237 05:00 / 19.01.2017
Вақт ўтиши билан Ислом давлати ҳудудлари кенгайиб, турли халқ, дин, фалсафа ва мафкурага эга одамлар ҳам Исломни қабул қилдилар ёки мусулмонлар билан аралашиб давоми...

5575 13:09 / 08.09.2020
Сабаби нузулни билишнинг саҳиҳ нақлдан бошқа йўли йўқдир. . ,. Воҳидий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади.Расулуллоҳ давоми...

6316 15:50 / 18.06.2019
Аудиолар

210991 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130251 14:35 / 11.08.2021