Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Намозда алангламасликнинг муҳимлиги | Ҳадис дарслари (339-дарс)

19:00 / 30 июль 1183 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْها قَالَتْ: سَأَلْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَعَنِ الْاِلْتِفَاتِ فِي الصَّلَاةِ فَقَالَ: هُوَ اخْتِلَاسٌ يَخْتَلِسُهُ الشَّيْطَانُ مِنْ صَلَاةِ الْعَبْدِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالنَّسَائِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

 «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозда аланглаш ҳақида сўрадим.

У зот:

«У киссавурликдир. Шайтон банданинг намозидан уриб қолур», дедилар».

Бухорий, Насаий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда намоз ўқиётган одамнинг ҳар томонларга аланглаб қараши ажойиб ўхшатиш билан баён қилинмоқда.

Дарҳақиқат, намоз ўқиётган банда кўзини бошқа томонга бургани ҳамон хаёли қочади, намозининг хушуъси нуқсонга учрайди, савоби кетади. Ўша аланглаган дақиқасининг савобини шайтон худди чўнтакни ургандек, зудлик билан уриб олади. Шунинг учун намозхон қиёмда турганида кўзини саждагоҳдан, рукуъга борганида оёғи учидан, саждада бурнидан ва ўтирганда кўкси аралаш саббоба, яъни кўрсаткич бармоғидан узмай туриши керак.

وَلَهُمَا: لَا يَزَالُ اللهُ مُقْبِلًا عَلَى الْعَبْدِ وَهُوَ فِي صَلَاتِهِ مَا لَمْ يَلْتَفِتْ، فَإِذَا الْتَفَتَ انْصَرَفَ عَنْهُ.

Икковлари(Насаий ва Абу Довуд) келтирган ривоятда:

«Аллоҳ таоло намоздаги бандага модомики, у алангламаса, қараб туради. Бас, қачонки алангласа, ундан юз ўгиради», дейилган.

Шарҳ: Қаранг, намозда алангламаслик қанчалик аҳамиятли экан. Намоз ўқиётган банда намозини хушуъ ва хузуъ билан ўқиб, атрофга алангламаса, Аллоҳ унга назар солиб, қараб турар экан. Қачон банда эътиборсизлик қилиб, юзини Аллоҳдан бошқа томонга буриб, алангласа, Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирар экан.

Шунинг учун намоз ўқиётганимизда Аллоҳ таолонинг ўзимизга назар солиб турганини ҳис қилмоғимиз, ўша назарга лойиқ бўлишга уринмоғимиз лозим.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَكَانَ يَلْحَظُ فِي الصَّلَاةِ يَمِينًا وَشِمَالًا وَلَا يَلْوِي عُنُقَهُ خَلْفَ ظَهْرِهِ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда ўнгга ва чапга кўз ташлар эдилар, аммо бўйинларини орқаларига бурмас эдилар».

Шарҳ: Яъни, ҳожат бўлса, кўз қирини ташлар, аммо юзларини қимирлатмас эдилар.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَا بُنَيَّ إِيَّاكَ وَالْاِلْتِفَاتَ فِي الصَّلَاةِ فَإِنَّهُ هَلَكَةٌ، فَإِنْ كَانَ لَا بُدَّ فَفِي التَّطَوُّعِ لَا فِي الْفَرِيضَةِ. رَوَاهُمَا التِّرْمِذِيُّ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:

«Эй, болагинам, намозда аланглашдан сақлангин. Албатта, у ҳалокатдир. Агар ҳеч имкони бўлмаса, нафлда майли, аммо фарзда эмас», дедилар».

Икки ҳадисни Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан аланглаш нафл намозда бир оз енгил саналса ҳам, фарзда мутлақо мумкин эмаслигини тушуниб оламиз.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلَّى فِي خَمِيصَةٍ لَهَا أَعْلَامٌ فَقَالَ: شَغَلَتْنِي أَعْلَامُ هَذِهِ اذْهَبُوا بِهَا إِلَى أَبِي جَهْمٍ وَأْتُونِي بِأَنْبِجَانِيَّتِهِ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам белгилари бор хомийсада намоз ўқидилар ва:

«Бунинг белгилари мени машғул қилиб қўйди. Уни Абу Жаҳмга олиб бориб беринглар ва менга унинг анбижониясини олиб келинглар», дедилар».

Учовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Хомийса» – рангдор, белгилари бор, ёпинчиққа ўхшаш кийим.

Абу Жаҳм розияллоҳу анҳу машҳур саҳобийлардан бўлиб, Омир ибн Ҳузайфа ал-Қурашийдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хомийсани у киши ҳадя қилган эдилар.

«Анбижония» – бир хил рангдаги қалин, ёпинчиққа ўхшаш кийим.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Биров берган ҳадяни олиш ва унда намоз ўқиш жоизлиги.

2. Жойнамоз турли рангли, нақшли ва аломатли бўлса, намоз вақтида намозхонни машғул қилиб қўйиши. Бу иш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан содир бўлганидан кейин бошқалар ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади.

3. Биров берган ҳадяни, агар у хафа бўлмаслиги аниқ бўлса, ўзига қайтариб юбориб, ўрнига бошқасини сўраш мумкинлиги.

4. Жойнамоз бир хил рангда, содда бўлиши кераклиги.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 5-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабр ёнидан ўтдилар ва .Албатта, икковлари давоми...

4405 00:00 / 24.11.2022
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Биздан бир нарсани эшитиб, уни худди эшитганидек қилиб етказган одамни Аллоҳ давоми...

4548 16:00 / 02.02.2022
иккинчи мақолаУшбу мавзуга боғлиқ биринчи мақоламизнинг давоми ўлароқ кейинчалик мусулмонлар ичида ҳам бу ҳақда турли фикрларни айтган кишилар чиққан. давоми...

5012 15:30 / 22.04.2020
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Намозда эснаш шайтондандир. Қачон бирингиз эснаса, давоми...

2447 19:00 / 20 август