
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ
«Уларга Робблари оятларидан ҳеч бир оят келмабдики, юз ўгирувчи бўлмаган бўлсалар» (Анъом сураси, 4-оят).
Қуръони Каримда «оят» сўзи Қуръоннинг бошланиши ва ниҳояси маълум бўлган бир бўлагини, яъни урфда ишлатаётганимиз оят маъносини англатишидан ташқари, белги-аломат, далил ва мўъжиза маъноларида ҳам қўлланиши ҳақида аввал батафсил сўз юритганмиз. Бу ўринда ўша маъноларнинг барчаси назарда тутиляпти. Яъни кофир-мушрикларга Аллоҳнинг ягоналиги, ҳақиқий ибодатга сазовор Зот экани, Робб – тарбиячи экани ҳақида Қуръон оятлари нозил бўлса ёхуд ўша маъноларга ишора қилувчи белги-аломатлар ва мўъжизалар келса, юз ўгирадилар.
Демак, уларнинг куфри ва ширки далил-ҳужжат ва ибрат йўқлигидан эмас, балки саркашлик туфайлидир. Агар улар далил, ҳужжат излаганларида, ҳар лаҳзада, ҳар қадамда топар эдилар. Бундай саркашларга қаттиқроқ, қўрқитиб, даҳшатга соладиган қилиб гапириш керак бўлади.
ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ
«Уларга ҳақ келганда уни ҳам ёлғонга чиқардилар. Тезда уларга ўзлари истеҳзо қилган нарсанинг хабари келур» (Анъом сураси, 5-оят).
Юқоридаги оятларда сифатлари зикр қилинган мушриклар Аллоҳ таолодан уларга ҳақиқат, яъни ҳақ дин, ҳақ Китоб, ҳақ Пайғамбар ва ҳақ шариат келганида, бурунги саркашликларини ишга солиб, уни ҳам ёлғонга чиқардилар. Аммо Аллоҳ таоло бу ишларни эътиборсиз қолдирмайди. Уларнинг нотўғри йўлларини тўғрилаш ва боз устига, келажакда даъво қилмасликлари учун Аллоҳ таоло марҳамат қилиб, уларга меҳр кўрсатади. Аммо динсиз саркашлар ҳақни ёлғонга чиқариш билан чексиз азобга лойиқ бўладилар.
«Тезда уларга ўзлари истеҳзо қилган нарсанинг хабари келур».
Бунга ҳеч шубҳа йўқ. Кутиб тураверишсин. Чунки уларга ўхшаганлар аввал ҳам ўтган ва оқибатлари яхши бўлмаган. Ёки:
ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ
«Улардан олдин қанчадан-қанча авлодни ҳалок қилганимизни билмасларми? Уларга ер юзида сизларга бермаган қудрат ва имкониятларни бердик. Устиларига ёмғирни мўл-кўл қилиб юбордик ва анҳорларни остиларидан оқиб турадиган қилиб қўйдик. Кейин гуноҳлари туфайли уларни ҳалок қилдик ва ўринларига бошқа асрларни пайдо қилдик» (Анъом сураси, 6-оят).
Инсон ўзи билан ўзи овора бўлиб қолиб, ўтмишга ибрат ила назар солишни унутиб қўяди. Аслида эса ўтмишга ибрат ила назар солиш, хусусан, ҳалокатга учраган қавмлар ҳалокатининг сабабларини ахтариш, уларни топиб, ўрнак олиш керак. Шунинг учун Қуръони Каримнинг баъзи ўринларида ўтмишда ҳалок бўлган муайян қавмлар ушбу оятдагидек умумий равишда эслатилади.
«Улардан олдин қанчадан-қанча авлодни ҳалок қилганимизни билмасларми?»
Албатта биладилар. Ушбу оятлар нозил бўлиб турган пайтдаги кофир ва мушриклар ҳам бу ҳақиқатни яхши билар эдилар. Ҳатто ўзаро эслашиб ҳам юрар эдилар. Сафар чоғида Од, Самуд ва Лут қавмлари ҳалокатидан мерос қолган асоратларни ўз кўзлари билан кўрар, гувоҳ бўлар, лекин ибрат ола билмас эдилар.
Ушбу оятлар тафсир қилиб турилган бугунги кунимиздаги кофир ва мушриклар ҳам бу ҳақиқатни яхши биладилар. Китобларда ўқиганлар, дарсларда ўрганганлар. Турли воситалар ила маълумот олганлар. Аммо улар ўша ҳалок бўлганларнинг қисматидан ибрат олмайдилар. Ўтмишдошлари ҳалокати сабабларини ўзларича бошқа жойдан қидирадилар ва «Табиат кучлари олдида ожиз қолганлар», «Қуроллари етарли бўлмаган» ва бошқа шу каби баҳоналарни рўкач қиладилар. Қуръони Карим эса ўтмиш асрлар ҳалокатининг ҳақиқий сабабларини кўрсатиб беради:
«Уларга ер юзида сизларга бермаган қудрат ва имкониятларни бердик».
Уламоларимиз бу жумладаги хитобнинг ўша даврдаги Қурайш қабиласи аҳлига қаратилганлигини айтадилар. Демак, оят нозил бўлаётган пайтдаги қурайшликлардан кўра уларнинг аждодларига яхши имконлар берилган экан. Шу имконлардан баъзиси:
«Устиларига ёмғирни мўл-кўл қилиб юбордик ва анҳорларни остиларидан оқиб турадиган қилиб қўйдик».
Бу уларга кенг ризқ берилганининг аломатидир. Хўш, улар бу сероб ризқнинг шукрини қилиб, саодатманд бўлдиларми?
«Кейин гуноҳлари туфайли уларни ҳалок қилдик ва ўринларига бошқа асрларни пайдо қилдик».
Ўтган қавмлар ҳалокатига табиий офатлар, уруш ёки бошқа сабаблар эмас, гуноҳлари омил бўлганлиги қуръоний тафсирдир. Чунки табиий офатни сабаб десак, бошқа қавмлар бу офатга учрамадилар. Заифлиги сабаб десак, умуман кучсизлар ҳам саломат қолдилар. Хулоса қилиб айтганда, тарихни моддият асосида тушунтирувчилар келтирадиган ҳамма далиллар шу каби асоссиздир. Аммо тарихни исломий таҳлил қиладиган бўлсак, хулоса қуйидагича: ҳалокатга учраган асрларнинг ҳалокатига сабаб уларнинг гуноҳларидир. Қайси бир аср, қавм, тузум ва қай бир давлатнинг ҳалокатга учраш сабаблари яхшилаб тадқиқ этилса, бош сабаб уларнинг гуноҳлари экани аён бўлади. Аллоҳнинг умумий қонуни шуки, куфр ва гуноҳкорликнинг оқибати ҳалокатдир. Инсон эса ожизлиги сабабли буни фаҳмламайди. Инсон дунё ишларини ўз мезони билан ўлчаши оқибатида алданиб қолади. У ўзи кўриб турган воқеъликка, чегараланган вақтга мувофиқ ҳукм чиқаради. Унинг кўз олдида кофирлар, осийлар, мушриклар, худосизларнинг ҳукмга, айшу ишратга эга эканини, егани олдида, емагани ортида эканини кўриб, алданади. Бу дунёвий нарсалар кофир ва осийларга уларнинг даражасини фарқлаш учун берилганини тушунмай, чалғиб қолади. Охири вой бўлишини англаб етмайди. Тарих бунга шоҳид. Дунёни ларзага солган Рум империяси нима бўлди? Юнонларнинг оқибати нима бўлди? Мўғуллар, салбчилар, олмонлар ва советлар нима бўлди? Ҳамма-ҳаммаси йўлга энди кириб борганда бутун дунё уларга ҳавас билан қаради, улардан зир титради. Бу эса ўз навбатида гуноҳкорларни янада ҳаддан ошишга, гуноҳларни кўпроқ қилишга чорлади. Улар шундай қилдилар ҳам. Оқибатда бошқа гуноҳкор қавмлар, тузумлар каби ҳалокатга учрадилар. Бўлиб ўтган бу ҳодисалар кейинги авлодларга ўрнак бўлиши, у авлод олдингиларининг хатоларини, гуноҳкорлик йўлини танламасликлари, у йўлдан юрмасликлари, фақат тақводорлик йўлини танлаб, ўша йўлдан юрмоқлари лозим.
Кейинги оятларда мушрик-кофирларнинг ғалати ҳолатлари баён қилинади. Улар ҳақни ёлғонга чиқариб, ундан юз ўгириб, Аллоҳнинг оятларидан истеҳзо қила туриб, яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мўъжизалар кўрсатишларини, баъзи хос ишларни юзага келтиришларини талаб қилар эдилар.
Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.