1447 йил 1 шаъбон | 2026 йил 20 январь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Шайхул ислом Зокирхўжа эшон

15:34 / 28.07.2025 1142 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Хўқанди латифда умргузаронлик қилган зоти бобаракот – ҳазрат Зокирхўжа эшон шайхул ислом милодий 1757 йил, Наманган вилояти, Дониёлхўжа эшон хонадонларида таваллуд топганлар. Шу ердаги мадрасаларда ўқишни бошлаб, таҳсилни Бухорои шарифда давом эттирадилар. Наманганда юрган пайтларида қалбларига Аллоҳ таолонинг тавфиқу инояти билан халифа Мирғойиб охунд хонақоҳларида тариқатдан таълим олишни бошладилар. Мадраса таҳсилини якунлаб, Даҳбедга борадилар. Маълумки, Даҳбед бир неча аср мобайнида Марказий Осиёдаги энг йирик тасаввуф маркази бўлиб келган. Маҳдуми Аъзам ҳазратларининг авлодлари Даҳбед мактабида кўплаб суфийларни тарбиялаганлар. Зокирхўжа маҳдумзодалардан бўлмиш ҳазрат Мусохон тўранинг энг яқин шогирдлари халифа Сиддиқ алайҳи роҳмага доҳил бўладилар, яъни, шогирд бўладилар. Бу ерда тасаввуфнинг барча босқичидан ўтиб, устозларидан иршод олиб, Хўқандга келадилар. Хўқанд хони Саййид Муҳаммад Умархон у зотни иззат-икром билан қаршилаб, шайхул исломликка муносиб кўради. Зокирхўжа эшон бу лавозимда сидқидилдан хизмат қилиб, аввало, мамлакат тараққиёти, дини Ислом барқарорлиги, маънавият, маърифат ривожи, минтақанинг тинч-осойишталигига улкан хисса қўшдилар. Кўп ўтмай зиммаларига хожаи калон вазифаси ҳам юкланди.

У киши Калом, тафсир, фиқҳ, тасаввуф, фалсафа, таҳвид, адабиёт илмларида бемисл олим бўлганлари замондошлари томонидан эътироф этилади. Муриду мухлис, шогирдлари кўп бўлган. Ҳазрат шайх Абдулазиз Мажзуб ҳам Зокирхўжа эшондан иршод олганлари тазкираларда ёзиб ўтилган. Хўқанднинг Жомеъ масжид-мадрасаси тамал тоши қўйилишига оқ фотиҳа берадилар. Мадраса битказилгач, бош мударрис этиб тайинланадилар. Мазкур мадрасадан чиққан алломалар Зокирхўжа эшон қўлларида таълим олганликларидан фахрланиб юрар эканлар.

Хўқанддаги «Қаландархона» яқинидаги ул зот истиқомат қилган «Сойбўйи» мавзеи ҳурматлари шарафига «Шайхул ислом гузари» деган ном олди ва ҳозиргача шундай юритиб келинади. Аллома ва шоир Мавлавий Равнақ «Рисолатул ақоид» асарлари адоғида мазкур ном айнан Зокирхўжа эшонга нисбат бериб, қўйилганлигини тасдиқлаб ёзадилар: «Рисолатул ақоиднинг ушбу шариф нусхаси офатлардан сақланган Хўқанди латиф шаҳрининг шайхул ислом Зокирхўжа эшон гузарида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратларидан 1243 сана эрдики, ёзиб тугатилди».

Амир Умархон вафотидан кейин (1822 йилда) Зокирхўжа эшон ҳазратлари Муҳаммад Алихоннинг тахтга ўтириш маросимида ҳукмдорлик маснади, масъулияти, ҳукмдор қандай бўлишлиги борасида катта ваъз қилдилар. Жума намозида янги хоннинг номига хутба ўқиганларидан сўнг салтанат ишларидан этак силтаб, узлатни ихтиёр этдилар. Муҳаммад Алихон бунга рози бўлмади. Бироқ ҳазрат қатъий туриб олганлари туфайли, рухсат беради. Ҳазрат ўз ўринларига Маъсумхон тўрани номзод қилиб кўрсатадилар. Муҳаммад Алихон Маъсумхон Тўрани хуш кўрмасалар-да, ҳазратнинг юзларидан ўта олмай, у кишини шайхул ислом вазифасига тайинлашга кўнадилар.

Таъб назмлари бўлиб «Зокир» ҳамда «Зокирий» тахаллуслари билан ижод этганлар. Малик уш-шуаро Фазлий ўзининг «Мажмуат-уш шуаро» тазкирасида Зокирхўжа эшонни мавлоно хўжа калон дея улуғлаб, ижодларига юксак баҳо беради. У зот илм ва назмда Амирий (Амир Умархон)га устозлик қилганлар. Арабий, форсий, туркийда шеър айтганлар. Абу Бакр розияллоҳу анҳуга бағишлаб қасида ҳам битганлар. Ижодларидан намуналар:

Фузулий ғазалига мухаммас

Шаби ҳижронимни субҳи висоли ёр ўландан сўр,
Ҳазин кўнглимни бир ғамбода дилафкор ўландан сўр.
Мани ҳолимни ҳар шаб фирқатингда зор ўлгандан сўр,
Шифои васл қадрин васф ила бемор ўландан за сўр,
Зилол завқи шавқин  ташнаи дидор ўландан сўр.

Даҳониға ўзингни ўхшатиб, эй ғунча лоф урма,
Агар лоф урсанг ҳам ул сарвнинг қошинда кўп турма.
Гулистон ичра булбулдек фиғонинг гулга дукшурма,
Лабинг сиррин келиб гуфтора бандин ўзгадан сўрма,
Бу пинҳон нуқтаи бир воқифи асрор ўландан сўр.

 

Бангаким, дутма май чўх васл жомин нўш эданлардин,
Дариғ этма қадаҳни май ичун майдон кезанлардин.
Жафо чўх чекдигим сандек пари сиймин баданлардин,
Хабарсиз ўлма фаттон кўзларинг жаврин чеканлардин,
Хабарсиз мастлар бедодини ҳушёр ўландан сўр.

 

Бани марҳум эдуб ўксутма базминг ичра, эй золим,
Насиб эт нўши майдин паришон этма аҳволим.
Даво паймонасин дут қилма кам, чўх паст иқболин,
Хароби жоми ишқам наргиси мастинг билур ҳолим,
Харобот аҳлини ҳолини бир ҳуммор ўландин сўр.

 

Қуюндек беқарорам бўрёдин сўрма аҳволим,
Паришон хотирам ақли расодин сўрма аҳволим,
Гадо ҳолим на билсун подшодин сўрма аҳволим.
Ғамингда шамдек ёндим сабодин сўрма аҳволим,
Бу аҳволи шаби ҳижрон баниша ёр ўландан сўр.

 

Гўзаллар ишқида парвонадек жон вермагим мумкин,
Гирифтор аҳлидурман йиғласам айб айламанг лекин.
Бу Зокир топмади қумридек излаб қомати сарвни,
Муҳаббат лаззатидин бехабардур зоҳиди худбин,
Фузулий ишқ завқин ишққа завқ вор ўландин сўр.

 

Шайхул исломликдан истеъфо берганларидан сўнг Наманганга қайтадилар. Ҳазратнинг вафот йиллари хусусида манбаларда бироз ихтилоф бор. Адабиётшунос Пўлатжон Қайюмий у зотнинг вафотлари ҳижрий 1240 йил, шаввол ойининг йигирма саккизинчиси, сешанба куни (милодий 1824 йил) десалар, бизга номи номаълум шоирнинг «Тарихи вафоти Шайхул исломи Намангоний»  ҳамда таниқли тарихнавис, шоир ва аллома Комийнинг «Тарихи вафоти шайхул исломи замон ва пешвойи оламиён, устоз ва мавло ҳазрати эшон Зокир хўжаи жаннатмакон алайҳи роҳма вал ғуфрон» деб аталган таърихларида ҳижрий 1244 (милодий 1828) йилни кўрсатиб ўтадилар. Фикримизча, мазкур маълумотлар ҳақиқатга яқинроқ бўлса керак, зеро, улар ҳазратга яқин замондош эдилар. Валлоҳу аълам

Зокирхўжа эшон алайҳи роҳма ўз даврининг кишиси сифатида Хўқанд, Наманган, Андижонда бир неча оила қурганлар. Булардан 12 нафар ўғил, уч нафар қиз фарзандлари бўлган. Сулаймон хўжа, Сайид Бурхониддин тўра, Порсохон, Муҳаммад Имодиддин (Муҳаммадамин хўжа),  Боқирхон, Улуғхон, Маъруфхон, Нажмиддинхон, Қодирхон, Жалолхон, Нўъмонхон ва Комилхон тўралар. Улар ҳам оталари изларидан бориб, замоналарининг алломаси, жамоат арбоби сифатида хонадон обрўсига обрў қўшдилар.[1]

Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов

[1] Дадабоев Я. Хўқанди латиф маноқиби. (Тазкира). — Т.: Мовароуннаҳр, 2018. — Б. 193-197. Мазкур манбадаги маълумотлар қайта тўлдирилди.

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2025 йил 22 июлдаги 03-07/4389-сонли рухсати асосида тақдим қилинди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом оламидаги буюк шахсиятлардан бири, Усмонийларнинг энг сўнги муфтийси, илм борасида, таҳқиқ майдонида замонасининг етук имоми бўлган Муҳаммад Зоҳид давоми...

2459 11:00 / 09.09.2022
Сулаймон халифа домла 1901 йил Наманган тумани, ҳозирги Неъматжон қишлоғида боғбон Умархон сўфи хонадонида таваллуд топдилар. Ўғилли бўлган сўфи домла фарзандни давоми...

1966 06:00 / 26.04.2023
Икромжон қори 1912 йил Наманган шаҳри Чуқур кўча даҳаси собиқ Авлиё домла маҳалласи ҳозирги .Жийдакапа, кўчасида савдогар хонадонида дунёга келди. Бобоси мулла давоми...

1863 15:42 / 09.11.2022
Имом, муҳаддис Абу Наср Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Мусо Бухорий Малоҳимий.Найсобур ва Бағдодда .Рафъул ядайн, ҳамда .АлҚироату халфал имом, китобларини давоми...

1953 11:23 / 13.09.2021
Аудиолар

223608 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

10589 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

142545 14:35 / 11.08.2021