1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Ўрта аср мусулмон астрономиясининг энг йирик энциклопедияси

12:42 / 14 июль 979 pdf Ўқиш режими + -

Ўзбекистон замини қадимдан истеъдодлар ва алломалар диёри бўлган. Шундай аждодимиз борки, у Ҳиндистондаги Нандна қалъасидаги ўлчаш ишлари орқали Ернинг жуғрофий ўлчамларини аниқлайди ва ўз ҳисоб-китоблари билан ҳозирги фанга яқин натижаларга эришади. Учта нуқта орқали масофани аниқлашда биринчи бўлиб чизиқли триангуляция усулини қўллаган. Азимутни аниқлашдаги аналитик усуллари ва радиуси бирга тенг бўлган айлана билан ишлаш услублари илмга янги ёндашувларни тақдим этади. Унинг фаолиятида астрономик асбобларни ихтиро қилиш ва уларни ҳисоблашларда қўллаш амалиёти катта аҳамиятга эга.

Бу аллома серқирра Абу Райҳон Берунийдир. Унинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири Франция Миллий кутубхонасида сақланаётган «Қонуний Масъудий” асари. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг «Ўзбекистоннинг 100 қадимий қўлёзмаси» медиалойиҳасидан ушбу қўлёзма ҳам жой олган.

Беруний «Масъуд қонуни» («ал-Қонун ал-Масъудий») асарини 1030 йилдан кейин Ғазна султони Масъудга бағишлаб ёзади. Унда математик астрономиянинг асосий қоидалари, ёритқичларнинг координатлари, уларнинг ҳаракатланиш тартибларини ҳисоблаб чиқариш йўллари батафсил тушунтирилган. Бу китобда баён этилган таълимотларнинг аксариятини Беруний «Қуръон” оятлари билан солиштирган. Бу унинг «Қуръон”ни яхши билганлигидан далолат беради.

Шунингдек, мазкур китобда Беруний тузган юлдузлар жадвали – Беруний зижи ҳам илова қилинган бўлиб, мазкур жадвалда 1029 та юлдузнинг координаталари ва юлдузлар ҳажми Птоломей ва араб астрономи ас-Суфий жадвалларига асосланиб берилган.

Швейцариялик шарқшунос ва тарихчининг эътирофи

Швейцариялик шарқшунос ва тарихчи Адам Метс IX аср охиридан XIII аср бошларигача бўлган даврда мусулмон оламидаги илмий ва маданий ривожланиш жараёнларини ҳар томонлама таҳлил қилиб, бу даврни «Мусулмон Ренессанси” деб атаган. Бу юксалиш даврида Абу Райҳон Беруний каби алломалар илм-фаннинг деярли барча соҳаларида фаолият кўрсатиб, тарихий тараққиётда муҳим ўрин тутдилар. Беруний ушбу Ренессанснинг энг ёрқин ва тенгсиз намояндаларидан бири сифатида тан олинган. Америкалик фан тарихи мутахассиси Жорж Сартон ҳам Берунийнинг бой илмий фаолиятини юқори баҳолаб, XI асрни «Беруний даври” деб атаган ва у ҳақда «замонасининг улуғ олими ва ҳамма даврларнинг ҳам энг улуғ сиймосидир”, деб ёзган.

«Фиҳрист»да нималар ёзилган?

Беруний ўз асарларининг рўйхатини келтирган «Фиҳрист» асарида 113 та асарини қайд этган, уларнинг 70 таси астрономияга, 20 таси математикага, 12 таси география ва геодезияга бағишланган. Шу билан бирга, у «Фиҳрист” тузилгандан кейинги 13 йилда яна 50 дан ортиқ асар ёзган, улар орасида тарих, доришунослик ва диншуносликка оид муҳим ишлар ҳам бор.

Энг кўп шуғулланган фан соҳалари

Астрономия Берунийнинг энг кўп шуғулланган фан соҳаларидан бири эди. Унинг «Қонуни Масъудий” асари ўрта аср мусулмон астрономиясининг энг йирик энциклопедияси ҳисобланади. Унда юлдузлар жадвали (1029 юлдуз), астрономик ҳисоб-китоблар, апогей ҳаракатлари ҳақидаги таҳлиллар ва сферик астрономия муаммолари ўз аксини топган. Унинг бу асари нафақат Тусий ва Мирзо Улуғбек расадхоналарида асосий дарслик сифатида ўқилган, балки кейинги асрларда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Шунингдек, Беруний Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмийнинг астрономияга оид асарига учта шарҳ ёзгани ҳам унинг ушбу соҳадаги чуқур билимларидан далолат беради.

22 ёшдаги улкан қадам

Беруний 22 ёшида Ер глобусини яратиб, у орқали Қуёш, Ой ва юлдузлар проекцияларини акс эттирган. Бу нафақат астрономия, балки география ва таълим соҳаларида ҳам улкан қадам бўлган.

Қадимги тилларни билиши ва кўп манбаларни ўрганиши уни юксак даражадаги қомусий олимга айлантирган. У фақат маълумот йиғувчи эмас, балки таҳлилчи ва танқидчи сифатида ҳам илмнинг тараққиётига улкан ҳисса қўшган. Унинг фанга, хусусан хронология, астрономия, математика, геодезия ва география соҳаларига қўшган ҳиссаси уни ўз даврининг улкан олимларидан бири сифатида тан олишга тўла асос бўлади.

Манба: https://cisc.uz/ky/news-item/367/

Мавзуга оид мақолалар
Ислом тараққиёт банки томонидан мактабларни қуриш ва таъмирлашга маблағ ажратилиши рeжалаштирилмоқда. Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Ислом давоми...

1488 14:04 / 23.02.2023
Бугун, 7 декабрь куни Навоийлик мухлислар учун ажойиб янгилик бўлди десак муболаға бўлмайди. Чунки ушбу ҳудудда китобсевар мухлислар учун .ҲилолНашр, нашриётининг давоми...

1495 12:28 / 07.12.2021
Президент Шавкат Мирзиёев 28 май куни Самарқандга ташриф буюриб, Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон оятлари тиловат қилинди. Бутун ислом оламида Имом давоми...

820 10:11 / 29 май
Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда .Ҳилол нашр, матбаа нашриёти ҳамкорлигида давоми...

2586 10:05 / 19.12.2022
Аудиолар

211001 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130261 14:35 / 11.08.2021