1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Иккинчи ва учинчи ҳижрий асрларда ёзилган илмлар

11:44 / 14 июль 751 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмонлар ҳижрий иккинчи ва учинчи асрларда кўпгина илмларни ёзма равишда шакллантирдилар. Мазкур илмларга оид масалалар ёзма равишда жамланди, тартибга солинди, қоидалари ишлаб чиқилди ва бошқа керакли ишлар амалга оширилди. Бу улкан хизматлар диний илмлар борасида ҳам, ақлий, тажрибий илмлар борасида ҳам тенгма-тенг равишда олиб борилди. Энди ўша илмлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

– Қироатлар илми.

«Қироат» сўзи арабча масдар бўлиб, луғатда «жамлаш» ва «қўшиш» деган маънони билдиради. Зотан, қироат қилган шахс ҳарфларни жамлаган ва бир-бирига қўшган бўлади.

Уламолар истилоҳида, хусусан, Ибн Жазарийнинг таърифида эса: «Қироатлар Қуръон калималарини адо этиш кайфияти ҳақидаги ва уларнинг ихтилофларини нақл қилувчига нисбат берадиган илмдир».

Уламоларимиз Қуръони Карим ва қироатлар ўзига хос икки алоҳида-алоҳида нарсалар эканини таъкидлаганлар. Бу борада имом Заркаший қуйидагиларни айтадилар:

«Билки, Қуръон ва қироатлар айри-айри икки ҳақиқатдир. Қуръон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга баён ва эъжоз – ожиз қолдириш учун нозил бўлган ваҳийдир. Қироатлар эса ўша ваҳий лафзларининг ҳарфлар билан ёзилиши ёхуд енгил, оғир ва шу каби талаффуз кайфиятидаги турличалигидир».

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида саҳобаи киромлар соф ва фасоҳатли араб тили соҳиблари бўлиб, уларнинг ҳаммалари юқори даражадаги олим кишилар эдилар. Улар учун Қуръони Каримни ўзлаштириб олиш қийин эмас эди.  Кейинчалик эса араблардан кўра араб бўлмаган мусулмонлар кўпайиб кетди. Арабларнинг ўзи ҳам аввалгиларига ўхшамас эди. Ушбу ва яна бошқа бир неча омиллар Қуръони Карим қироати бўйича алоҳида илм пайдо бўлишига ва ушбу илм соҳасида имомлар пайдо бўлишига олиб келди.

Қироатлар ва қорилар анча кўпайиб кетди. Аста-секин уларни тартибга солиш бошланди. Ниҳоят, имом Ибн Мужоҳид (ҳижрий 245-324 йй.) раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Ас-Сабъа фил-қироат» номли китобини ёзиб, етти машҳур қироатни бир китобга жамлаб, тартиб берди ва барча буни қабул қилди. Бу қироатларнинг бир-биридан фарқи баъзи бир сўзларнинг талаффузида ва шунга ўхшаш кичик нарсаларда, холос. Буни бир қанча фиқҳий мазҳаблардан фақат тўрттаси танлаб олинганига қиёслаш мумкин.

Энди ўша иттифоқ қилинган етти қироат ва уларнинг имомлари кимлар экани ҳақида қисқача маълумот олайлик.

1. Нофеъ Маданий қироати.

Имом Абу Рувайм Нофеъ ибн Абдурраҳмон ибн Абу Рувайм Лайсий.

2. Ибн Касир Маккий қироати.

Имом Абдуллоҳ ибн Умар ибн Абдуллоҳ ибн Зозон ибн Феруз ибн Ҳурмуз ибн Касир Маккий.

3. Абу Амр Басрий қироати.

Имом Забон ибн Алоъ ибн Аммор ибн Урён Мозаний Басрий.

4. Ибн Омир Шомий қироати.

Имом Абдуллоҳ ибн Омир ибн Язид ибн Тамим ибн Рабиъа Яъсубий.

5. Осим Куфий қироати.

Имом Осим ибн Абу Нажуд Куфий.

6. Ҳамза Куфий қироати.

Имом Ҳамза ибн Ҳабиб ибн Аммора ибн Исмоил ­Зайёт Таймий.

7. Кисоий қироати.

Имом Али ибн Абдуллоҳ ибн Баҳман ибн Феруз Ҳамза Кисоий.

Баъзи бир уламолар мазкур етти қироатга яна учни қўшиб, ўн қироат, яна бошқалар ўнга тўртни қўшиб, ўн тўрт қироат ҳам қилишган. Аслида эса улардан бошқалари ҳам бўлган. Бу қироатлар, уларнинг хусусиятлари, ораларидаги фарқлар ва яна шунга ўхшаш нарсалар ҳақида алоҳида-алоҳида китоблар ҳам ёзилган.

– Тафсир илми.

«Тафсир» сўзи луғатда «баён қилиш», «очиб бериш» ва «равшан қилиш» маъноларини англатади.

Уламолар истилоҳида бу илм қуйидагича таърифланади:

«Тафсир – Қуръони Каримдаги Аллоҳнинг муродини инсон қудрати етганича ўрганадиган илм».

Иккинчи таъриф:

«Тафсир бир илм бўлиб, унда азиз Китобнинг нозил бўлиши, санади, адо этилиши, лафзлари, лафзларга ва ҳукмларга боғлиқ маънолари ўрганилади».

Саҳобалар ва тобеъинлар асрида тафсир оғзаки ривоят ва нақл шаклида бўлиб, китоб қилиб ёзилмаган эди.

Фазилатли шайх Муҳаммад Фозил ибн Ошур ўзларининг «Ат-Тафсир ва рижалуҳу» номли китобларида таъкидлашларича, тафсирдан биринчи китоб ёзган киши ҳижрий 149 йилда вафот этган Абдулмалик ибн Журайждир.

Мазкур китоб таълиф этилгандан бошлаб, тафсир илми янги даврга қадам қўйди. Бу давр китоблар таълиф қилиш давридир. Ушбу даврнинг аввалида Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий, Яҳё ибн Салом, Абу Бакр Найсобурий ва бошқа муфассирлар шуҳрат топдилар.

«Ҳидоят имоми» китобиасосида тайёрланди.

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2023 йил 11 декабрдаги 03-07/9264-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аҳнаф ибн Қайс роҳимаҳуллоҳ айтади .Мен ҳеч қачон ўзимдан бошқа одам учун турғазиб юборилишим мумкин бўлган жойга ўтирмадим, Баҳжатулмажолис 1жилд, 47бет. Оқиллик давоми...

1879 14:18 / 09.09.2023
4522 r . .4522. Абдуллоҳ ибн Бурайдадан, у киши оталари розияллоҳу анҳумодан бундай ривоят киладилар.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

83833 15:01 / 04.11.2017
Фиқҳ илмининг асоси бўлмиш .Усулул фиқҳ, муҳим илмлардан биридир. Фуқаҳолар мужтаҳидларнинг шариат аҳкомларини қай тариқа истинбот этганларини мазкур илм орқали давоми...

917 10:18 / 02 сентябрь
Мўминнинг ҳар куни, бутун ҳаёти Аллоҳга ибодат қилишдан иборатдир. Кундалик ибодатлар бомдод намозига уйғонган дақиқалардан бошлаб кун бўйи давом этади. Аллоҳ давоми...

30282 21:54 / 25.09.2017
Аудиолар

210991 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130251 14:35 / 11.08.2021