1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Имом Мотуридий давридаги диний-ақийдавий ҳолат

11:56 / 24 июнь 793 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳидан аввалги вақтларда ҳам баъзи бузғунчи фирқа ва тоифалар юзага келган эди. Уларнинг пайдо бўлишига сиёсий, миллатчилик ва бошқа омиллар сабаб бўлган эди. 

Вақт ўтиб, турли халқ ва тоифаларнинг Исломни қабул қилишлари уларнинг ақийда ва фикрлари исломий фикр ва ақийдаларга аралашиб кетишига сабаб бўлди. Зеро, ота-боболари бидъат-хурофотда ўтган бу халқлар, элатлар Аллоҳ таолога ва Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтирсалар ҳам, аждодларининг бир қарашда тўғри кўринган баъзи хурофий фикрларидан бутунлай воз кеча олмаган эдилар. Шу билан бирга, бу даврга келиб, ғайримусулмонлар томонидан Ислом ақийдаларига қарши фикрий ҳужум ва танқидлар ҳам авж ола бошлади.

Бунинг устига, абббосийлар даврида юнон ва бошқа тиллардан таржима қилинган китоблардаги худосизлик, ахлоқсизлик ва бошқа бузғунчи фикрлар туфайли ҳам фикрий ва ақийдавий соҳаларда катта салбий ўзгаришлар юз берди.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг даврларига келиб, мазкур бузуқ мазҳаб ва фирқаларнинг барчаларига қарши кураш зарурати туғилган эди. Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи худди шу муқаддас курашнинг биринчи сафида бўлдилар.

Тасаввур ҳосил қилиш учун мазкур бузғунчи мазҳаб ва фирқалар ҳақида қисқача маълумотлар тақдим қиламиз.

Хавориж.

Мусулмонларнинг ўзларининг орасидаги биринчи ақийдавий тортишувлар ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг даврида бўлиб ўтди. Бунда бир томонда ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг аскарлари ичидан ажраб чиққан, баъзи бир ақийда масаласида шубҳали саволлар чиқарган одамлар, яъни хаворижлар тоифаси, иккинчи томонда эса ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ва у кишининг Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга ўхшаш яқин сафдошлари бўлди.

Кечагина Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда келган нарсаларга ҳеч қандай шубҳа-гумонсиз, мутлақо иккиланмасдан эътиқод қилиб юрган кишилар энди янги шароитдаги одамлар билан ақийда масалаларида тортишишга мажбур бўлдилар.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг ўзлари бир қадарий билан узоқ тортишдилар. Сиффийн жангидан кейин бир қари киши келиб, ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуга инсон ҳаётидаги жабр ва ихтиёр ҳақида савол берди. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу унга ўз услубларида жавоб бердилар ва узоқ тортишдилар.

У киши Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни хаворижлар билан баҳс қилиш учун юбордилар. Катта саҳобийлардан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Язид ибн Умайра билан иймон ва унга тегишли масалаларда узоқ тортишдилар.

Демак, катта саҳобийларнинг вақтларидаёқ ақийдавий баҳслар олиб боришга мажбур бўлинган. Чунки ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг даврига келиб, турли ақийда ва фалсафа эгалари янги мусулмонлар ўлароқ, Ислом жамиятида ўз маконларини олган эдилар. Уларга оят ёки ҳадис айтиб, бир нарсани тушунтириш қийинлашиб қолганди. Уларнинг ўз тушунчаси ва тафаккур йўналиши бор эди. Уларга ўзига хос муомала қилинмаса бўлмас эди.

Шунинг учун ҳам имом Бухорий келтирган ривоятда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Одамлар билан ўзлари билган нарса ила гаплашинглар. Улар инкор қилган нарсани тарк қилинглар. Аллоҳ ва Унинг Расули ёлғончига чиқарилишини истайсизларми?!» деган эдилар.

Ишни ҳакамлар орқали ҳал қилишга келишилганидан кейин ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Сиффийндан Куфага қайтдилар. Аммо бу пайтда у кишининг одамлари орасида катта ва хатарли ажралиш содир бўлган эди. Ишни ҳакамларга ошириш нотўғри ва залолат бўлди, деган фикрни маҳкам ушлаб олганлар алоҳида хатарли кучга айланган эдилар. Ўша қарши чиққанлар Ҳаруро номли қишлоқда тўпланиб, йиғин ўтказдилар. Уларнинг сони ўн икки минг атрофида эди.

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни гаплашиб кўриш ва насиҳат қилиш учун уларнинг йиғинига юбордилар. Аммо бу иш ҳеч қандай фойда бермади. Шунда уларнинг ҳузурига ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ўзлари бориб:

«Бу қарши чиқишингизнинг сабаби нима?» дедилар.

«Сиффийн куни ҳакамга рози бўлганинг», дейишди.

«Аммо мен икки ҳакамга Қуръон тирилтирган нарсани тирилтириб, Қуръон ўлдирган нарсани ўлдиришни шарт қилиб қўйдим», дедилар.

«Бизга айт-чи, қон ишида одамларни ҳакам қилиш адолатдан бўладими?!» дейишди.

«Биз одамларни ҳакам қилганимиз йўқ. Биз Қуръонни ҳакам қилдик. Мана бу Қуръон икки жилд орасидаги ёзилган хат, у гапирмайди. Балки одамлар у билан гапиради», дедилар.

«Бўлмаса нима учун ораларингизда маълум вақт белгиладинг?» дейишди.

«Билмаган билиб олиши, билган пишитиб олиши учун. Шояд, Аллоҳ ушбу келишув сабабидан бу умматнинг ишини ислоҳ қилса», дедилар.

Шундан кейин улар у кишининг гапларига рози бўлишди. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу хурсанд бўлиб:

«Шаҳрингизга киринг, Аллоҳнинг раҳмати ила!» дедилар. Уларнинг ҳаммаси шаҳарга кирдилар.

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу ва бир қисм одамларни ҳакамлик иши бўйича Давматул Жандалга юборганларидан кейин хаворижларнинг қиёмати қоим бўлди. Аслида «хавориж» сўзи «хуруж», яъни «қарши чиқиш» маъносидан олинган бўлиб, улар ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши чиққанлари учун шу ном билан аталган эдилар. Энди эса уларнинг фикрий хуружлари яна ҳам зиёда бўлди. Улар «Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳакамлик ишини қабул қилгани учун кофир бўлди», деб фатво чиқаришди. Ҳолбуки, улар у кишининг энг ашаддий тарафдорлари эдилар.

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу улар билан турли йўлларни ишга солиб гаплашиб кўрдилар, насиҳат қилдилар, аммо фойдаси бўлмади. Охири уларни йўлга солишдан умидларини узганларида:

«Агар бизга қарши хуруж қилмасангиз, сизларни масжидларимиздан ман қилмаймиз. Модомики, қўлларингиз биз билан экан, сизларни ўлжадан маҳрум қилмаймиз. Бизга қарши уруш қилмагунингизча, биз сизга қарши уруш қилмаймиз», дедилар.

Бу ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг бағри кенглигидан эди. У киши ўзларини «кофир» деб турган қавмга шу илтифотларни қилаётган эдилар.

Сўнгра ҳакамлик ишларида хиёнат бўлганини эълон қилиб, катта аскар билан Шом томон юрдилар. Аммо у киши йўлда кетаётганларида орқадан хунук ва ўта ташвишли хабар келди. Хаворижлар пайтни ғанимат билиб, ер юзида катта фасод қилган эдилар. Улар бегуноҳ мусулмонларнинг қонини тўкиб, йўлтўсарлик қилиб, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ўзларига ҳалол ҳисоблаган эдилар. Улар ўлдирган кишилар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Абдуллоҳ ибн Хаббоб розияллоҳу анҳу ва у кишининг ҳомиладор аёллари ҳам бор эди.

Хавориж, аслида, аввал ҳам айтилганидек, «хуруж қилувчи» – «мусулмонлар бошлиғига ва жамоасига қарши чиқувчи» деганидир. Уларнинг тарихи яхшилаб ўрганилган. Аслида хаворижлар таълим-тарбия кўрмаган, аммо диндорликнинг чўққисига чиққанлик даъвосини қилувчи шахслар бўлади. Уларнинг илми бўлмагани учун, озгина билган нарсасини маҳкам тутиб, ҳаддан ошиш ва бошқаларни нуқсонда айблаш ила ўзининг камчилигини ҳаспўшлашга ўтадилар. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу даврларида бош кўтарган биринчи хаворижлар асосан саҳролик тарбиясиз дайдилар ва қалби қасоватли аъробийлардан иборат эди. Уларда одоб-ахлоқ, ҳилм ва босиқлик каби нарсалардан асар ҳам йўқ эди. Илмлари бўлмагани учун кўпроқ ўзларига ёқиб қолган нарсага маҳкам ёпишишга ўтар эдилар. Худди ана шу омиллар хаворижларни ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг энг ашаддий тарафдорларидан энг ашаддий душманларига айлантирган эди.

Ислом ақийда бобида ҳам, ибодат бобида ҳам, ўзини тутиш бобида ҳам ва бошқа бобларда ҳам мўътадилликка асосланган. Бундай мўътадилликнинг чегарасини билиш учун эса асосли илмий мезон керак. Ана ўша асосли мезонга эга бўлиш учун эса исломий илмларнинг барчасини асл масдарлардан, етук ва тақводор уламолардан тўлиқ ўрганиш лозим. Бу нарсаларга одоб-ахлоқ, ҳилм, босиқлик ва ҳар бир нарсани ўз ўрнида тўғри баҳолай билиш омиллари қўшилгандагина, ўнг ёки сўлга бурилиб, ҳалокат жари ёқасига келиб қолиш хавфининг олди олинган бўлади.

Хаворижлар илм-маърифатдан йироқ кишилар бўлиб, улар саҳобалар шуҳратига ҳасад билан қарашар ва уларнинг обрўсига шерик бўлишни истар эдилар. Кейинчалик уларга бошқа миллатлардан ҳам ўзларига ўхшаганлар қўшилди.

«Ҳидоят имоми» китобиасосида тайёрланди.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2023 йил 11 декабрдаги 03-07/9264-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Мута ғазотида шаҳид бўлдилар. У кишидан икки фарзанд қолди. Эри шаҳид бўлганидан сўнг Асмо бинт Умайс фарзандларини Набий давоми...

1437 17:03 / 26.08.2024
Иссиққина хонада, юмшоқ курсида нима ҳақида ёзишни ўйлаб, хаёл суриб ўтирибман. Ёнимда стол чироғи, телефон. Болалар нималарнидир қоралаб ўтиришибди, онаси эса давоми...

1378 14:29 / 02 май
Ўтган сатрларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳали Мадинаи Мунавварага етиб келмай туриб, Қубо масжидини қурганликлари, етиб келгандан кейин эса давоми...

4911 19:06 / 12.01.2018
Бағрикенглик ва осонлик Ислом шариатининг энг улкан мақсадидир. Бу маънони таъкидловчи ҳужжат ва далиллар кўп. Бағрикенглик инсон табиатига боғлиқ нарсадир. давоми...

4175 12:56 / 06.05.2018
Аудиолар

210991 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130251 14:35 / 11.08.2021